بسم الله الرحمن الرحيم
РАМАЗОНИ ШАРИФ МУБОРАК!
Муҳтарам жамоат! Ўлкамизга ойларнинг сарвари, ўн бир ойнинг султони, Аллоҳнинг муборак Китоби Қуръони карим нозил бўлган ой, моҳи шарифи Рамазон ташриф буюрди. Барчамиз ушбу орзиқиб кутилган муборак айёмга эсон-омон етганимиз учун Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукроналаримиз бўлсин! Бу ой Қуръон, тақво, барака, раҳмат, мағфират, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, жаннатга эришиш ва дўзахдан озод бўлиш ойидир. Шу боис бутун дунё мусулмонлари бу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришади.
Аллоҳ таоло Рамазон ойи рўзаси ҳақида Қуръони каримнинг Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
(سورة البقرة/183)
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада “Эй, инсонлар” деб эмас, балки “Эй, имон келтирганлар” деб хитоб қилди. Бу шаклдаги хитобда уламоларимиз “Эй, менга имон келтириб, мени яхши кўрган бандаларим! Сизларга рўза тутишни фарз қилдим” деган маъно борлигини айтадилар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи ҳақида шундай деганлар:
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ فَرِحَ بِدُخُولِ رَمَضَانَ حَرَّمَ اللهُ جَسَدَهُ عَلَى النِّيْرَانِ"
(الجامع الكبير للإِمام السيوطى)
яъни: “Кимки Рамазон ойи келишидан шодланса, Аллоҳ таоло унинг жисмини дўзах ўтига ҳаром қилади”.
Рамазон ойида ҳар бир киши қалбини поклаши, ўзаро хусумат ва гиналарни йўқотиш, қўни-қўшнилар ва қавму қариндошлар орасида ёрдамга мухтожларга мурувват кўрсатиш, қариндошларга силаи раҳм қилиш, беморларни зиёрат қилиш, етимлар бошини силаш, ёлғиз кексалар ва имконияти чекланган шахсларни (ногиронларни) ҳолидан хабар олиш каби савобли ишларга шошилиши ва бировнинг дилига озор етказиш, ҳаққига тажовуз қилиш каби барча гуноҳ ишлардан ўзини тийиши лозим бўлади.
Рўза ва Қуръон қиёмат куни ўз соҳибини шафоат қилади. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: "الصِّيَامُ وَالْقُرْآنُ يَشْفَعَانِ لِلْعَبْدِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ: يَقُولُ الصِّيَامُ: أَيْ رَبِّ، مَنَعْتُهُ الطَّعَامَ وَالشَّهَوَاتِ بِالنَّهَارِ فَشَفِّعْنِي فِيهِ، وَيَقُولُ الْقُرْآنُ: مَنَعْتُهُ النَّوْمَ بِاللَّيْلِ فَشَفِّعْنِي فِيهِ، قَالَ: فَيُشَفَّعَانِ"
(رَوَاهُ الإِمامُ أَحْمَدُ)
яъни: “Рўза ва Қуръон иккиси Қиёмат куни бандани шафоат қилади: рўза: “Эй, Роббим, мен буни кундузлари таом ва шаҳватлардан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил”, дейди. Қуръон: “Мен уни кечалари уйқудан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил”, дейди. Бас, иккови ҳам шафоати қабул қилинади” (Имом Аҳмад ривояти).
Имом Насаий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар:
عن ابْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ، عِنْ أَبِيكَ، رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُما قال: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ اللهَ فَرَضَ صِيَامَ رَمَضَانَ وَسَنَنْتُ لَكُمْ قِيَامَهُ فَمَنْ صَامَهُ وَقَامَهُ إِيْمَاناً وَاحْتِسَابًا خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ"
(رواه الإِمامُ النسائى)
яъни: “Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилди ва мен унинг қиёмини сизлар учун суннат қилдим. Кимики имон ва ишонч билан савоб умидида рўза тутса ва кечалари қиёмда турса, онадан туғилган кунидагидек гуноҳлардан пок ҳолда чиқади” (Имом Насоий ривояти).
Ушбу ҳадисда Рамазондек буюк фазилатларга бой ойда фақат рўза тутибгина кифояланмасдан, балки кечалари қоим бўлиб, Аллоҳнинг буюк ваъдаларига сазовор бўлишликка тарғиб қилинмоқда.
Алҳамдулиллоҳ, бугунги кунда диний соҳада бўлаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ юртимиздаги барча масжидларда таровиҳ намозлари ўқилмоқда. Бу йил бир минг икки юз (1200)га яқин масжидларда хатми қуръонлар ўтказилмоқда. Уларда икки мингга яқин (2000) Қуръони карим ҳофизлари Аллоҳнинг каломини бошидан охиригача хатм қилмоқдалар. Мўмин-мусулмонлар бу кунларни қадрига етиб, Аллоҳ таолога шукроналар қилиб, ибодатларини эмин-эркин, ҳаловат билан адо этмоқдалар.
Рўза ибодати Жаннатдаги Райён эшигининг калитидир. Жаннатга киришнинг ўзи катта бир саодат. Аммо ўша жаннатга Парвардигори оламнинг алоҳида эътиборига сазовор бўлиб, махсус тайёрлаб қўйилган эшикдан кириш яна бир ўзгача бахт ва шарафдир. Бу эшикдан эса фақат рўзадор бўлганлар кира оладилар. Бу ҳақда Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ فِى الْجَنَّةِ بَابًا يُقَالُ لَهُ الرَّيَّانُ، يَدْخُلُ مِنْهُ الصَّائِمُونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ لاَ يَدْخُلُ مَعَهُمْ أَحَدٌ غَيْرُهُمْ، يُقَالُ: أَيْنَ الصَّائِمُونَ؟ فَيَدْخُلُونَ مِنْهُ فَإِذَا دَخَلَ آخِرُهُمْ أُغْلِقَ فَلَمْ يَدْخُلْ مِنْهُ أَحَدٌ"
(رَوَاهُ الإِمامُ مُسْلِمٌ)
яъни: “Жаннатда бир эшик бор, у Райён деб аталади. Қиёмат кунида ундан фақат рўзадорларгина кирадилар, улардан ўзга бирор киши ҳам (ўша эшикдан) улар билан бирга кирмайди. “Рўзадорлар қани?” дейилади. Улар ундан (ўша эшикдан) кирадилар, уларнинг охиргиси кириб бўлганда (эшик) беркитилади. Бошқа ҳеч ким ундан кирмайди” (Имом Муслим ривоят қилган).
Ифторликлар ҳам ижтимоий алоқаларни кучайтиришда, мусулмонларнинг ўзаро бир-бирлари билан борди-келди қилишларида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Шу боис динимизда бу ишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бу ҳақда Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
عَنْ زَيْدِ بْنِ خَالِدٍ الْجُهَنِيِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : "مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا كَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ غَيْرَ أَنَّهُ لا يَنْقُصُ مِنْ أَجْرِ الصَّائِمِ شَيْئًا"
(رواه الإِمامُ الترمذي)
яъни: “Ким бир рўзадорни ифторлантирса, унга ўшанинг ажрича ажр берилади, лекин рўзадорнинг ажридан бирор нарса камаймайди” (Имом Термизий ривояти).
Рамазон истиғфор ойидир. Яъни бу ойда фаришталар рўзадорлар учун Аллоҳдан мағфират талаб қилишади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
عن أبي هريرة رضي الله عنه أنَّ النبيَّ صلى الله عليه وسلّم قال: "أُعْطِيَتْ أمَّتِي خَمْسَ خِصَالٍ فِي رَمَضَانَ لَمْ تُعْطَهُنَّ أُمَّةٌ مِنَ الْأُمَمِ قَبْلَهَا؛ خُلُوفُ فَمِ الصَّائِمِ أَطْيَبُ عِنْدَ اللهِ مِنْ رِيْحِ الْمِسْكِ، وَتَسْتَغْفِرُ لَهُمْ الْمَلَائِكَةُ حَتَّى يُفْطِرُوا، وَيُزَيِّنُ اللهُ كُلَّ يَوْمٍ جَنَّتَهُ وَيَقُولُ: يُوْشِكُ عِبَادِي الْصَالِحُونَ أَنْ يُلْقُواْ عَنْهُمْ الْمُؤُونَةَ وَالْأَذَى وَيَصِيرُوا إِلَيْكَ، وَتُصَفَّدُ فِيْهِ مَرَدَةُ الشَّيَاطِيْنِ فَلَا يَخْلُصُونَ إِلَى مَا كَانُوا يَخْلُصُونَ إِلَيْهِ فِي غَيْرِهِ، وَيُغْفَرُ لَهُمْ فِي آخِرِ لَيْلَةٍ،"
(رَوَاه الإِمامُ أحمدُ)
яъни: “Умматимга Рамазонда беш хислат берилди, улар олдинги бирор умматга берилмаган: рўзадорнинг оғзини ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкдан хушбўйдир; уларга фаришталар мағфират талаб қилишади; Аллоҳ ҳар куни жаннатни безаб, солиҳ бандаларим устиларидан меҳнат ва азиятлар улоқтирилиб, сенинг олдингга келишларига оз қолди, дейди; унда бебош шайтонлар кишанланади, натижада улар ундан бошқа пайтларда эришадиган нарсаларига эриша олмай қолишади; охирги кечада рўзадорлар мағфират қилинади” (Имом Аҳмад ривояти).
Мўҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг давомида рўзанинг баъзи фойдалари ҳақида сўҳбатлашамиз. Жумладан:
Аллоҳ таоло Рамазон ойини барчаларингизга муборак айлаб, бу ойдан онадан янги туғулгандек гуноҳлардан фориғ бўлиб чиқишларимизни насиб айласин. Омин!
Мустақиллик байрами арафасида Ватан озодлиги йўлида курашган қаҳрамон аждодларимизни миннатдорлик билан ёд этамиз, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, уларнинг жасорати бугунги эркин ҳаётимиз ва миллий истиқлолимизнинг қадрини янада теран англатади.
28 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ва зиёлилар йиғилди.
Қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Ватан фидойилари ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Элга ош тортилди.
Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда давлатимиз раҳбарининг уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан мулоқоти бўлди.
– Шу кунларда эл-юртимиз билан биргаликда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб оляпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ўттиз беш йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш – муқаддас бурчимиз.
Давлатимиз раҳбари фидойи аждодларимизнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг жасорати халқимиз учун ҳамиша маънавий куч манбаи бўлиб қолишини таъкидлади.
– Барча ислоҳотларимиз марказида турган “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя жасур ота-боболаримизнинг руҳларини шод этиш, орзу-ниятларини рўёбга чиқариш бўйича ишларимизни янада кучайтиришни талаб этади. Бу азиз инсонлар хотираси қанча эъзозланса, бугунги тинч ҳаётимиз, миллий истиқлолимиз қадри шунча ошади, – деди Президент.
Кейинги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи тўлиқ реконструкция қилиниб, экспозицияси бойитилди, замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Рақамли тизимлар ва сунъий интеллект ёрдамида кўргазмаларнинг таъсирчанлиги оширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилган қатағон қурбонлари музейлари ҳам замон талаблари асосида жиҳозланди. Уларнинг фондлари дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган ноёб ҳужжатлар ва фотосуратлар билан бойитилмоқда.
2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қатағон қурбони бўлган 1 минг 200 дан зиёд юртдошимиз оқланди. Жорий йилда собиқ мустабид тузум даврида ноҳақ айбланиб, турли муддатларга қамалган ёки ўлимга ҳукм этилган яна 161 нафар ватандошимизнинг номи оқланди.
Сўнгги беш йилда жадид боболаримиз меросини ўрганишга бағишланган илмий-амалий анжуманлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мустабид тузумда ноҳақ қурбон бўлган ватандошларимизнинг номлари аниқланиб, уларнинг фаолияти, илмий ва ижодий мероси ўрганилмоқда. Юзлаб, минглаб фидойи юртдошларимиз ҳақидаги маълумотлар китоблар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга етказилмоқда.
Мулоқотда ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз “пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан сиёсий қатағонга учрагани қайд этилди. 1983-1990 йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилиниб, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Бугун бу борада ҳам тарихий адолат тикланмоқда. Бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари дунёда қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб, улар бизга яқин минтақаларга ҳам кириб келаётгани ташвишли эканини таъкидлади. Бу юртимиздаги тинчликни қадрлаш, янада жипс ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни талаб этади.
– Бизнинг йўлимиз – тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли. Ўзбекистон ушбу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди, – деди Президент.
Бугун юртдошларимиз дунёнинг исталган мамлакатига эмин-эркин бориб келмоқда, Ўзбекистон барча давлатлар билан тенглик асосида ҳамкорлик қилмоқда. Бу мустамлакачилик занжирлари ва “пахта қуллиги”дан бутунлай озод бўлганимизнинг амалий ифодасидир.
Ҳаёт ва келажакни билим ҳамда маърифат асосида қуриш, узоқ-яқин мамлакатлар билан дўстона ҳамкорлик қилиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шарти экани таъкидланди. Буюк жадид боболаримиз бежиз миллатни уйғоқликка, билим ва маърифатга чақирмаган. Уларнинг кураш ва маърифат мактаби бугун ҳам ғоят долзарб аҳамиятга эга.
Шу боис, ёшларнинг сифатли таълим олиши, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишига катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 205 тага етказилди, қабул квоталари мунтазам ошириб борилди. Жаҳондаги ТОП-100 таликка кирадиган олийгоҳларда 3 минг 500 дан зиёд фарзандимиз таълим олмоқда. Мактаб ва мактабгача таълим тизимларида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
– Ёшларни миллий ғурур асосида тарбиялашга алоҳида аҳамият беришимиз керак. Миллий ғурур – инсоннинг қалбини, юрагини, бутун вужудини куч-ғайратга тўлдирадиган қудратли куч. Миллий ғурури бор одам ҳеч қачон енгилмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси бутунлай қайтадан бунёд қилинди, Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний номидаги марказ ишга туширилди. Булар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли – тинчлик, дўстлик ва бунёдкорлик, билим ҳамда маърифат йўли эканини тасдиқлайди.
Сўнгги ўн йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар туфайли 100 мингдан зиёд юртдошимиз ҳожилик мақомига эга бўлди. Давлатимиз раҳбари диний жамоатчилик жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларга тўғри тарбия бериш жараёнларида янада фаол иштирок этишига ишонч билдирди.
– Бугун мана шу табаррук масканда туриб, тинч-осойишта ҳаётимиз, эришаётган ютуқларимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз. Мана шундай озод ва фаровон кунларни орзу қилиб, армон билан ўтган қаҳрамон ота-боболаримиз, жасур момоларимизнинг руҳлари шод бўлсин! Юртимиз тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик диёри сифатида янада гуллаб-яшнасин! Аллоҳ таолонинг ўзи Ватанимизни паноҳида асрасин! – деди Президент.
Уламолар қатағон қурбонлари ва Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган аждодларимиз руҳига дуо қилиб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, файзу барака барқарор бўлишини тиладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати