Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Август, 2026   |   17 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:24
Қуёш
05:47
Пешин
12:24
Аср
17:04
Шом
19:04
Хуфтон
20:23
Bismillah
30 Август, 2026, 17 Рабиъул аввал, 1448

Ғусл қилиш қоидаларини биласизми?

11.05.2018   35309   3 min.
Ғусл қилиш қоидаларини биласизми?

Динимизда покликка алоҳида эътибор қаратилади. Қуръони каримнинг бир неча ўринларида қалб, тана, кийим ва таомлар поклиги масаласига оид оятлар нозил бўлган. Жумладан, Бақара сурасининг 222-оятида: “Албатта, Аллоҳ чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади, дейилади.

Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Пок бўлинглар, пок бўлмаган киши жаннатга кирмайди”, деб огоҳлантирганлар. Биз бугун покланишнинг асоси – ғусл ҳақида тўхталамиз. “Ғусл” сўзи арабча бўлиб, “ювмоқ” маъносини англатади.

Аллоҳ таоло “Моида” сурасининг 6-оятида шундай мархамат қилади:

وَإِنْ كُنْتُمْ جُنُبًا فَاطَّهَّرُوا

 Агар жунуб бўлсангиз, обдон покланингиз (чўмилингиз)!

Келинг, энди ғуслни вожиб қиладиган нарсаларни билиб олсак. Улар  қуйидагилар:

  • манийнинг ўрнидан шахват ва қувват билан отилиб чиқмоғи;
  • эрнинг олати аёлнинг фаржи ё дубурига алоқа қилмоғи;
  • эҳтилом (яъни уйқудан уйғонган эр ва аёлнинг ўз баданида ё ич кийимида нам куриши) бўлиши;
  • ҳайз курган аёлда ҳайзнинг тўхташи;
  • нифосдан  халос бўлмоғи.

Демак, шулардан биронтаси бўлиши билан имкон борича тезроқ ғусл қилиш керак бўлади. Ғуслда дастлаб қўллар яхшилаб ювилгач, бадандаги нажосатлар ювилади, сўнгра қўлларни ювиб, таҳорат қилинади. Яъни оғиз, бурун сув билан кейин юз-қўллар тирсақлари билан қўшиб уч мартадан ювилади. Қўллар сув билан намланиб, бошга масҳ  тортилади. Агар сув тўпланадиган жой бўлса оёқ ювилмайди.

Ғуслнинг фарзи 3 та бўлиб, улар қуйидагилар:

  1. Оғизга сув олиб уч марта яхши ғарғара қилиш;
  2. Бурунни уч марта ювиш(ачиштириб);
  3. Аввал бошдан, кейин ўнг ва чап елкадан уч мартадан сув қуйиш. Ҳар қуйганда баданнинг сув тегмай қолиш эҳтимоли бўлган (киндик, қулоқ, қўлтиқ ости, тирсак, тўпиқ, қобоқ, қўлдаги узук остлари каби) жойларига ишқалаб сув етказилади.

Ғусл охирида оёқлар ювилиб, пок нарса устига қўйилади. Агар аёллар сочларини ўрган бўлсалар, ўримини ечиши шарт эмас, балки ўша ўрим устидан сув қўйиши кифоя. Агар ўрмаган бўлсалар, албатта ювишлари шарт. Ғуслни мукаммал қилиш керак. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Ҳар бир сочнинг ва ҳар бир терининг устида жанобат бор”, деб огоҳлантирганлар. Демак, эркакми-аёлми, бошими ё бошқа  аъзоларими – бутун танага сув теккизиши шарт. Тирноқларда лак бўлса, уни кетказиш лозим. Агар эркак ё аёл оғир хаста ҳолида жунуб бўлиб, сувда чўмилганда хасталиги ортиб кетадиган бўлса ёки мутлақо имкониятсиз бўлса, бундай кишилар иложи борича нажосатлардан тозаланиб, таяммум қилишлари дуруст.

Хулоса қилиб айтганда, ибодатлар қабул бўлишининг муҳим шартларидан бири, бу поклик ва озодалик экан. Жунубликни кетказиш учун, покиза бўлиб ибодатларни адо этиш учун қилинадиган ғусл ҳам  шуларнинг энг асосийси экан.

 

Ойбек МАЪРУПОВ

 “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Сиз энг бой одамсиз!

10.08.2026   28696   1 min.
Сиз энг бой одамсиз!

Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.


Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...


Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ