Барчамизга маълум, бугунги кунда интернет оламининг имконияти, кўлами яна ҳам кенгайди. Кўп давлатларда жорий қилинган карантин сабаб, одамлар уйда қолиб, ушбу тармоқдан фойдаланиш ҳолати бир мунча ўсди. Бу эса, айрим бузғунчи оқимларнинг ўзлари илгари сураётган даъволарини кенг оммага тарқатиш имконияти янада қулай бўлди. Айниқса, бизнинг диёрда, телеграм мессенжеридан фойдаланувчиларнинг сон жиҳатидан кўп бўлиши буларга қўл келди. Ўзи аввалдан ҳам телеграмдаги бу оқимларнинг фаолияти жуда ҳам юқори эди. Уларнинг «даъватлари» билан йўғрилган каналларга, афсуски, қанчадан қанча ватандошларимиз, Исломни ўрганиш мақсадида, уларнинг ниятини англамасдан аъзо бўлиб, натижада эътиқодга тегишли масалаларда иккиланиш ҳолатлари кўзга ташланиб қолди ва. Айниқса, кундалик намозлардан кейин ўқиладиган зикрлар тўғрисидаги ноўрин гаплар, иймон ва амал ҳақидаги мулоҳазалар, жума табриги мавзуси ва ҳоказо ҳолатларда одамлар ўртасида қарама-қарши фикрлар ўйғонишига сабаб бўлди. Карантин даврида эса, ушбу «даъватчилар» яна ҳам фаоллашиб, ҳанафий мазҳабини ниқоб қилиб олиб, гўёки Имоми Аъзам роҳматуллоҳи алайҳга ўзини эргашган қилиб кўрсатиб, аслида эса бемазҳабликни тарқатишга қаратилган ғояларни сингдиришга бўлган ҳаракатлар аввалгидан ҳам авж олди.
Халқимизда Исломни ўрганишга бўлган интилиш юқори бўлгани учун, бу масалада керакли маълумотлар билан қондириш мақсадида, ҳозирда, алҳамдулиллаҳ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритиб турган аҳли илмларимиз томонидан, ютуб, телеграм, фейсбук ва бошқа ахборот воситалари орқали етарли маълумотлар бериб бориш йўлга қўйилди. Ватандошларимизни динимизга тегишли бўлган масалаларда ёрдам бериш мақсадида алоҳида савол-жавобларга қаратилган телеграм каналлари, колл-центрлар ташкил қилинди. Албатта, бунга ундаган нарса, халқимизнинг ақидавий, фиқҳий масалалардаги керакли, асосли билимлар билан таъминлаш, уларнинг ақидасини софлигини сақлаб қолиш кўзда тутилган. Ушбулардан келиб чиқиб, айтмоқчи бўлганимиз, аввало огоҳлик маъносида, қолаверса, Аллоҳ таолонинг мўмин мўминнинг биродари, деган Каломига мувофиқ, диндошлик юзасидан мана шундай оқимларга хайриҳоҳ бўлиб қолиб, ўзларига жабр қилиб қўйишларидан эҳтиёт бўлишларига чақирган бўлар эдик. Зеро, ҳазрати Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминлар бир-бирларига меҳр-муҳаббат ва ғамхўрлик қилишда бамисоли битта тана кабидирлар. Агар танада бир аъзо оғриса, қолган аъзолар иситма ва бедорлик билан унга шерик бўлади” (Муттафақун алайҳ), дея бежиз айтмаганлар. Бу эса, бир ватандошимизнинг жабр тортиши бизга ҳам озор беришидан дарак беради.
Қодиржон Умурзаков,
Поп тумани «Муҳаммаджон қори»жоме
масжидининг имом-хатиби
26 август куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиафорумнинг “Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмун-моҳияти” мавзусидаги учинчи ялпи сессияси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.
Сессия доирасида Қуръони карим мероси, қадимий қўлёзмалар, ислом хаттотлиги, ҳужжатли кино ҳамда тарихий манбаларни ўрганишда сунъий интеллектдан фойдаланишга бағишланган халқаро лойиҳалар тақдим этилди.
Хусусан, “114 Қуръон: ислом олами хаттотлигининг 114 дурдонаси”, “Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва афсоналар”, “Аллоҳнинг 99 исми: Унинг гўзал исмлари орқали Яратганни англаш”, “Сунъий интеллект – қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити” лойиҳалари ҳамда “Ягона тарихий мерос саҳифалари” лойиҳаси доирасида яратилган “Масжид” ҳужжатли фильми намойиш этилди.
Халқаро муҳокамаларда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, Жазоир, Ўмон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, исломофобия ва мавжуд стереотипларни бартараф этишда медианинг ўрни ҳақида фикр алмашди.
Сессия якунида турли мамлакатлар ва хаттотлик мактабларининг анъаналарини бирлаштирувчи ноёб Қуръони карим нусхасини яратиш бўйича Хаттотлар умумжаҳон танлови эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур халқаро медиафорумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида ўтказилиб, унда қарийб 50 мамлакатдан медиа ва эксперт ҳамжамиятининг 300 нафарга яқин вакили — медиа компаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари иштирок этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати