Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Август, 2026   |   8 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:12
Қуёш
05:38
Пешин
12:26
Аср
17:14
Шом
19:18
Хуфтон
20:39
Bismillah
21 Август, 2026, 8 Рабиъул аввал, 1448

Оқимларга эргашманг!

31.05.2023   2294   2 min.
Оқимларга эргашманг!

Барчамизга маълум, бугунги кунда интернет оламининг имконияти, кўлами яна ҳам кенгайди. Кўп давлатларда жорий қилинган карантин сабаб, одамлар уйда қолиб, ушбу тармоқдан фойдаланиш ҳолати бир мунча ўсди. Бу эса, айрим бузғунчи оқимларнинг ўзлари илгари сураётган даъволарини кенг оммага тарқатиш имконияти янада қулай бўлди. Айниқса, бизнинг диёрда, телеграм мессенжеридан фойдаланувчиларнинг сон жиҳатидан кўп бўлиши буларга қўл келди. Ўзи аввалдан ҳам телеграмдаги бу оқимларнинг фаолияти жуда ҳам юқори эди. Уларнинг «даъватлари» билан йўғрилган каналларга, афсуски, қанчадан қанча ватандошларимиз, Исломни ўрганиш мақсадида, уларнинг ниятини англамасдан аъзо бўлиб, натижада эътиқодга тегишли масалаларда иккиланиш ҳолатлари кўзга ташланиб қолди ва. Айниқса, кундалик намозлардан кейин ўқиладиган зикрлар тўғрисидаги ноўрин гаплар, иймон ва амал ҳақидаги мулоҳазалар, жума табриги мавзуси ва ҳоказо ҳолатларда одамлар ўртасида қарама-қарши фикрлар ўйғонишига сабаб бўлди. Карантин даврида эса, ушбу «даъватчилар» яна ҳам фаоллашиб, ҳанафий мазҳабини ниқоб қилиб олиб, гўёки Имоми Аъзам роҳматуллоҳи алайҳга ўзини эргашган қилиб кўрсатиб, аслида эса бемазҳабликни тарқатишга қаратилган ғояларни сингдиришга бўлган ҳаракатлар аввалгидан ҳам авж олди.

Халқимизда Исломни ўрганишга бўлган интилиш юқори бўлгани учун, бу масалада керакли маълумотлар билан қондириш мақсадида, ҳозирда, алҳамдулиллаҳ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритиб турган аҳли илмларимиз томонидан, ютуб, телеграм, фейсбук ва бошқа ахборот воситалари орқали етарли маълумотлар бериб бориш йўлга қўйилди. Ватандошларимизни динимизга тегишли бўлган масалаларда ёрдам бериш мақсадида алоҳида савол-жавобларга қаратилган телеграм каналлари, колл-центрлар ташкил қилинди. Албатта, бунга ундаган нарса, халқимизнинг ақидавий, фиқҳий масалалардаги керакли, асосли билимлар билан таъминлаш, уларнинг ақидасини софлигини сақлаб қолиш кўзда тутилган. Ушбулардан келиб чиқиб, айтмоқчи бўлганимиз, аввало огоҳлик маъносида, қолаверса, Аллоҳ таолонинг мўмин мўминнинг биродари, деган Каломига мувофиқ, диндошлик юзасидан мана шундай оқимларга хайриҳоҳ бўлиб қолиб, ўзларига жабр қилиб қўйишларидан эҳтиёт бўлишларига чақирган бўлар эдик. Зеро, ҳазрати Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминлар бир-бирларига меҳр-муҳаббат ва ғамхўрлик қилишда бамисоли битта тана кабидирлар. Агар танада бир аъзо оғриса, қолган аъзолар иситма ва бедорлик билан унга шерик бўлади” (Муттафақун алайҳ), дея бежиз айтмаганлар. Бу эса, бир ватандошимизнинг жабр тортиши бизга ҳам озор беришидан дарак беради.

 

Қодиржон Умурзаков,

Поп тумани «Муҳаммаджон қори»жоме

масжидининг имом-хатиби

Медиа
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

19.08.2026   18990   2 min.
18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.

Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.

Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.

1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.

1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.

Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.

2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари