Рамазон – мусулмонлар учун чинакам шодиёна. Бу ойда савоб амалларни кўпайтириб улуғ ажрларга эга бўлайлик. Сиз азизларга рамазон ойи учун бешта маслаҳатни тавсия қиламиз.
Биринчи
Жуда кўп таом еманг, сувни ҳам камроқ ичинг. Саҳарлик қилаётганда киши кун бўйи оч юришини ўйлаб кўп еб қўяди. Натижада ошқозон фаолияти қийинлашиб, киши дангаса ва беҳафсала бўлиб қолади. Ёдда тутинг, рамазон очлик ойи эмас, балки иймон-эътиқод синаладиган ойдир. Келинг, рамазон ойини пайғамбаримиз (с.а.в) тавсия қилганларидек нафсимизни жиловлаб, ошқозонимизнинг учдан бирини овқатга, учдан бирини сувга қолган учдан бирини ҳавога тўлдирайлик.
Иккинчи
Сахийликни кўпайтиринг. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) доимо сахий бўлганлар. Айниқса, рамазон ойида саховатлари янада ошиб кетган. Бу муқаддас ойда ким саховатпешалик қилса унга улуғ савоблар ёзилади. Иложи борича рамазоннинг ҳар кунида сахийлик қилинг. Биргина Қадр кечасида қилинган хайр-саховатга Аллох жуда кўп савобларни ваъда қилган. Саховатли бўлайлик, иншоаллоҳ улуғ ажрлар эгасига айланайлик.
Учинчи
Беш маҳал намозга қоим бўлинг. Рамазон ойида кечалари таровеҳ намозига одамлар ёғилиб келади. Аммо кундузлари намоз ўқувчилар бир оз сийраклашгандек бўлиб қолади. Албатта таровеҳ намозининг ажри улуғ, Бироқ ёдда тутинг, Аллоҳ таоло бизга кунда беш маҳал намоз ўқишни фарз қилган. Фарз амални мукаммал адо этишда сусткашлик қилманг.
Тўртинчи
Рамазон – Қуръон ойи! Бу муқаддас ойда кўпчилик Қуръонни бир неча бор хатм қилиш пайида бўлади. Баъзиларимиз Қуръонни уч маротаба, баъзиларимиз беш маротаба хатм қиламиз. Бу ажойиб мусобақага ўхшайди. Айниқса, оятлар маъноси тушуниб ўқилганда савоби янада улуғ бўлади. Шу муқаддас ойда Қуръон ўқиб қалбимизни нурга тўлдирайлик.
Бешинчи
Тақводор бўлайлик. Аллоҳ таоло бандаларига тақво қилишни буюриб, Бақара сурасининг 183-оятида қуйидагича марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби* сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”.
Оятда айтилганидек рўзадорлик ортидан тақводор бўлишга чақирилмоқда. Тақводор одам ўз нафсини жиловлайди. Шубҳали нарсалардан узоқ бўлади. Тақво сўзи кўп тилларда мавжуд эмас. Унинг асл маъноси “Аллохдан қўрқиш, У белгилаган ҳадлардан ошмаслик ва охиратни ўйлаб яшашдир”. Тақво фақат Аллоҳдан қўрққанимиз баробарида унга бўлган чексиз муҳаббатимиз сабаб бўлса янада яхши.
Ўзбекистон сўнгги йилларда бутун дунё афкор оммасининг диққат марказига айланди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Юртимиз ҳар куни, ҳар ҳафта халқаро анжуманларга мезбонлик қилаётганини ҳаммамиз оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали ўқиб, кузатиб боряпмиз.
Шарқ гавҳари дея таърифланадиган Самарқанд шу йил 18-19 ноябрь кунлари XIV Глобал Вақф анжуманига мезбонлиқ қилади. “Вақф ва исломий ижтимоий молияга янгича ёндашув: бошқарув, стандартлар, инновациялар ва барқарор ривожланиш йўллари” мавзусида ўтказиладиган тадбирда 30 мамлакатдан 150 нафарга яқин давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, уламолар, соҳа экспертлари иштирок этиши кутилаётгани ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлайди.
Бугун, 16 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқаруви раҳбари Зайниддин домла Эшонқулов Малайзиянинг Халқаро Вақф Ҳаракатлари Кенгаши (International Waqf Action Council – iWAQF) президенти Датук Др. Моҳд Ғаззолий ҳамда Малайзия халқаро ислом университети профессори, Др. Нур Осиё бинти Муҳаммад билан учрашув ўтказди.
Зайниддин домла дастлаб меҳмонларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг самимий саломлари ва эзгу тилакларини етказди.
Сўнгра Диний идора тарихи, сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, шу жумладан, “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилгани, бугунги кунда фонднинг фаолияти тобора такомиллашиб, ривожланиб бораётгани ҳақида меҳмонларга атрофлича маълумот берди.
Мулоқот давомида халқаро вақф тизимида Ўзбекистоннинг иштирокини кенгайтириш, вақф ва хайрия фаолиятини ривожлантириш, таълим ҳамда илмий йўналишларда ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Бугунги кунда World Zakat and Waqf Forum халқаро ҳамжамияти кўплаб мамлакатлар вакилларини бирлаштирган. Ўзбекистоннинг ушбу ҳамжамиятга аъзо бўлиши мамлакатимиз вақф тизимининг халқаро алоқаларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Учрашувда амалий ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилиниб, хусусан, Малайзиянинг Имом Бухорий халқаро университети магистратура босқичини тамомлаётган ўзбекистонлик талабага Малайзиядаги вақф ташкилотларидан бирида амалиёт ўташ имкониятини яратиш бўйича келишувга эришилди. Бу орқали талабанинг вақф маблағларини бошқариш, хайрия лойиҳаларини ташкил этиш ва соҳадаги илғор тажрибаларни ўрганиши кўзда тутилган.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида вақф ва хайрия соҳасида тажриба алмашиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда таълим ва илмий тадқиқотлар йўналишларидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Бундан ташқари, диний-маърифий таълим, илмий тадқиқотлар, мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида вақф соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш ҳамда илғор тажрибаларни миллий амалиётга татбиқ этишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади, иншоаллоҳ.
“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати