Рамазон истиғфор ойидир. Яъни, бу ойда фаришталар рўзадорлар учун Аллоҳдан мағфират талаб қилишади. Имом Аҳмад “Муснад” китобида келтиришича, Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Рамазон ойида Менинг умматим бошқа ҳеч қайси умматларга берилмаган бешта хислат билан неъматланди: биринчиси, Рўзадорнинг оғзидан келаётган ҳид Аллоҳ таоло учун мушк-анбардан ҳам ёқимлироқдир. Иккинчиси, улар то оғизларини очгунларича фаришталар уларнинг гуноҳларини кечиришини Аллоҳдан сўраб туришади. Учинчиси, Рамазон ойи кирганида дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади. (Тўртинчиси,) Аллоҳ таоло ҳар куни жаннатни зийнатлайди. Сўнгра: “Эй жаннат, сенга Менинг рўзамни тутиб қийналган солиҳ бандаларим кириб роҳатланишлари учун зийнатлан ва безакларингни чиройли қил!” деб буюради. (Бешинчиси, Рамазон ойининг) охирги кечасида у(рўзадор)ларнинг гуноҳлари кечирилади. (Саҳобалар): “Ё Расулуллоҳ, у Қадр кечасими?” деб сўрашганида, у зот (алайҳиссалом): “Йўқ, лекин ишчи қилаётган иши битганида унга ҳақини берилади”, деб марҳамат қилдилар”. Яъни, у кеча Қадр кечаси эмас, аммо худди бировга бир иш буюрилганида у ўша ишни битиргач, ҳақини ўталгани каби, Рамазон ойи тугаши билан Аллоҳ таоло рўзадор бандаларига ҳақларини беради – уларнинг гуноҳларини кечиради.
“Раҳмат ойи рамазон” китобидан
Хоразм вилоятидаги илмий-амалий семинар доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари томонидан тизимда фидокорона хизмат қилаётган илғор ходимлар тақдирланди. Бунда ходимлар фаолияти ва касбга бўлган садоқатини холисона баҳолаш мақсадида жорий этилган замонавий KPI тизими орқали йил давомида энг юқори натижаларни қайд этган имом-домлаларга «Мақтов ёрлиғи», пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Жумладан, беш йилдан бери ҳар куни бомдод намозини жамоатга ўқиб бериш учун 40 км йўл босиб келувчи ва таъсирчан суҳбатлари ила қавм саводхонлигини оширган Урганч шаҳридаги “Охунбобо” масжиди имом-хатиби Ҳасан домла Кенжаев фидойилиги учун 20 миллион сўм пул мукофоти билан эътироф этилди.
Шунингдек, KPI баҳолаш тизими бўйича қуйидаги 10 нафар диний соҳа ходими ҳам ўз йўналишида пешқадам бўлиб, муносиб эътирофга сазовор бўлди:
– Ҳусан домла Асадов, Бухоро вилояти Когон тумани «Ҳожи Салим» масжиди имом-хатиби;
– Хайрулла домла Адамбаев, Хоразм вилояти Янгибозор тумани "Жума" масжиди имом-хатиби;
– Фахриддин домла Шайзоқов, Жиззах вилояти Жиззах шаҳри "Қалия" масжиди имом-хатиби);
– Нурулло домла Маҳкамов, Наманган вилояти Чуст тумани "Саид Насимхон тўра" жоме масжиди имом-хатиби;
– Қутлимурат домла Изтилеуов, Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов тумани "Суйин эшон бобо" масжиди имом-хатиби;
– Муҳаммадёр домла Жомонқулов, Самарқанд вилояти Булунғур тумани "Амир Ҳамза" масжиди имом-хатиби;
– Ҳамдам домла Собиров, Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани "Абул Қосим бобо" масжиди имом-хатиби;
– Салоҳиддин домла Тошанов, Тошкент шаҳри Яккасарой тумани "Яккасарой" масжиди имом-хатиби;
– Баҳодир домла Муртазоев, Тошкент вилояти Чиноз тумани "Қози Маҳалла" масжиди имом-хатиби;
– Ибодулла домла Собиров, Хоразм вилояти Хонқа тумани "Халифайи Худойқул эшон бобо" масжиди имом-ноибилари энг юқори натижа кўрсатганлари учун муносиб тақдирландилар.
Бундай юксак эътибор ва мукофотлар диний соҳа ходимларини келгусидаги эзгу амаллар ҳамда юртимизнинг маънавий-маърифий тараққиётига янада улкан ҳисса қўшишга руҳлантиради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати