Ибн Ос розияллоҳу анҳудан келтирилган бир ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳеч бирингиз барча яхшилик ва ёмонликнинг тақдирдан экани, инсон тақдирида бўлмаган нарсаларга дучор бўлмаслиги ва аксинча, тақдирига ёзилганларнинг, албатта, содир бўлишига амин бўлмагунича мўмин бўла олмайди”.
Тақдир – Аллоҳ таоло махлуқотни яратишдан олдин белгилаб қўйган қисмат. Бирор ҳодиса Аллоҳнинг илмисиз бўлмайди. Ҳар бир нарса Аллоҳнинг ҳукмидадир. Шунинг учун ҳам тақдирнинг ёмонлиги, яхшилиги, ширин ва аччиқлиги Аллоҳ таолодан эканига иймон келтиришимиз керак.
Аммо баъзилар “тақдиримда бор эканки, гуноҳ қиляпман, тақдиримга ёзилгани учун менда айб йўқ” дейишади. Ризқ масаласида эртаю кеч тиним билмай югуриб, ўзини ўтга чўққа уради. Аммо ризқ ҳам тақдирда белгилаб қўйилгандир.
“Аллоҳ хоҳласа, тақдир қилса, бир кун ибодат қиларман” деб Аллоҳга итоат этишга эриниб, тақдирни баҳона қилишади. Зеро, Қуръони каримда шундай дейилган: “Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Зориёт сураси, 56-оят).
Саҳобалар ва тобеинлар тақдирга ана шундай иймон келтирганлар. Лекин саҳобалар замонининг охирроғига бориб тақдирга тил теккизилади. Тақдир ҳақида бидъат сўзни қўзғаган энг биринчи одам басралик Маъдидия Жухарийдир. У тақдир ҳақида шундай дейди: “Аллоҳ таоло бандаларининг қиладиган ишларини олдиндан билмайди, гуноҳ қилгандан кейин билади. Агар Аллоҳ таоло банданинг гуноҳ қилишини олдиндан билса, бу бандани гуноҳ қилишга мажбурлаган бўлади. Демак, шу гуноҳ учун азоб берган бўлади. Бу ҳолда Аллоҳ золим бўлиб қолади, деган бузуқ ақидаси билан Мадинага келади. Ва унинг сўзларини тасдиқлаб, унга эргашганлар ҳам пайдо бўлади. Шу билан қадария деган тоифа вужудга келади. Қадарийлар бандаларнинг амалларига боғлиқ Аллоҳ таолонинг хоҳиши, қазоси, қадари, шунингдек яратишини инкор қиладилар. Улар тақдирни инкор қилганлари учун “қадарий” деб аталади.
Биз тақдирга саҳобалар иймон келтиргандек иймон келтирамиз. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг хоҳлаганигина бўлади, деган эътиқодимиз мўътазилийлар ва қадарийларга раддия жавобдир.
Имоми Аҳмад у кишига узоқ умр сўраб дуо қилишликни ёмон кўрар эдилар ва айтардиларки: “Бу тугатиб қўйилган ишдир”.
Аллоҳ таоло халқларни яратишдан олдин ҳеч бир нарса Унга махфий бўлмаган, яъни Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билган.
Ҳар бир нарса Аллоҳнинг тақдир ва хоҳиши билан жорий бўлади. Бандалар учун Аллоҳ хоҳласагина хоҳиш бордир. Аллоҳ таоло: “(Эй, инсонлар!) Истакларингиз фақат Аллоҳ хоҳласагина рўёбга чиқур. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат эгасидир” (Инсон сураси, 30-оят), деб огоҳлантиради.
Аллоҳ таоло хоҳлаган кишини ҳидоят қилади ва ҳидоят қилинган одамни Аллоҳнинг хоҳишисиз бирон бир адаштирувчи адаштира олмайди ва Аллоҳ хоҳлаган кишини адаштиради ва бу адашган одамни Аллоҳнинг хоҳишисиз ҳеч бир одам тўғри йўлга бошлай олмайди. Тўғри мана бундай: “Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлади ва хоҳламаган нарса бўлмайди”.
Тақдир тўғрисида кўп гапирмаган маъқул. Бир одам қилган гуноҳини тақдирдан деб ўзига тасалли бергани билан, барибир, ўзига қарши ҳужжат бўлади. Агар бир кишининг бошига мусибат тушганда, тақдирни хужжат қилса, ҳужжатга ўтади.
Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтадилар: “Қадар масаласига бир марта назар солиб ҳайратда қолдим ва яна бир марта қараб даҳшатда қолдим. Кейин шуни билдимки, одамларнинг энг олими – тақдир тўғрисида кўп тийилгани ва одамларнинг энг жоҳили – тақдир тўғрисида кўп вайсагани экан”.
Зилола СУЯРОВА,
Имом Бухорий номли ТИИ услубчи-мураббийси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Ҳозирги кунларда шифокорлар беморларга дори ёзиб берадилар ва дорихоналар ана шу дорини ёзган шифокорларга бонус сифатида маълум миқдорда пул беради. Шу пул улар учун ҳалол ҳисобланадими?
Шунингдек, соҳадаги айрим шифокорлар тиббий текширув ўтказадиган жиҳоз (аппарат) ўрнатишган ва келадиган ҳар бир бемор учун юборган шифокорларга маблағ беришади. Бунинг ҳукми қандай?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Агар шифокор беморнинг манфаати ва яхшилигини кўзлаган ҳолда, тўлиқ холис ва омонатдорлик билан бемор учун энг фойдали ҳамда мос келадиган дорини тавсия қилса, қолаверса, қуйидаги шартларга риоя этса, у ҳолда шифокор учун дорихонадан бонус олиши жоиз бўлади:
1. Шифокор шунчаки бонус олиш илинжида сифатсиз, кераксиз ва қиммат дори-дармонларни тавсия қилмаслиги керак.
2. Беморга нисбатан ҳеч қандай алдов бўлмаслиги лозим, яъни ҳақиқатан ҳам ундаги касалликнинг ушбу дорига эҳтиёжи бўлсин. Шунингдек, шифокорнинг мазкур фирма билан ҳамкорлиги ошкора қилиб қўйилиши керак.
3. Дори ишлаб чиқарувчи компания ёки дорихоналар шифокорга бериладиган бонуслар харажатини дори нархини қимматлаштириш орқали беморнинг зиммасига юкламасликлари керак.
4. Бемор фақат шифокор ўзи келишиб олган ўша дорихона ёки фирманинг дорисини сотиб олишга мажбурланмаслиги лозим.
5. Дори ишлаб чиқарувчи компаниялар бонус, ҳадя ва имтиёзлар тўловининг харажатини қоплаш учун дориларнинг сифатини тушириб юбормасликлари керак.
Саволнинг иккинчи қисмидаги тиббий жиҳозларга текширув учун юбориш орқали олинадиган бонусларнинг ҳукми ҳам юқоридаги ҳукм билан бир хил бўлади. Яъни, беморни муайян бир шифокорда кўрикдан ўтишга мажбурламаслик, пул илинжида керак бўлмаса ҳам юбормаслик, тиббий кўрик қилувчи шифокор унга юборган шифокорга бермоқчи бўлган маблағи беморга кўрсатадиган хизмат ҳақига қўшмаслиги, хизматининг сифати ва нархи бошқа шифокорларники билан бир хил бўлиши шарт.
Лекин ушбу шартларга риоя қилмасдан айрим шифокорларнинг ўз бурч ва вазифаларини бажариш эвазига фирма ва дорихоналардан бонус олишлари пора бўлиб қолади. Натижада маблағни уларга бераётганлар ҳам гуноҳга шерик бўлиб қолади. Чунки Исломда порани бериш ҳам, олиш ҳам ҳаромдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам дўзахдадир”.
Шунингдек, Набийи карим соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчини, пора олувчини ва пора ишида воситачилик қилувчини лаънатлаганлар.
Демак, саволда айтиб ўтилган ҳолатда, агар юқоридаги шартларга риоя қилинмаса, бу ҳам айни пора бўлар экан. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази