1-савол: Маҳалламиздаги ўзига тўқ кишилар хайр-эҳсон қилишади, етимларга ва кам таъминланган оилаларга ёрдам қилишади. Кўплаб хайрли ишларда ҳомийлик қиладилар. Аммо ўзлари намозини ўқимайди, рўзаларини тутишмайди. Уларнинг охирати қандай бўлади?
Жавоб: Мусулмон киши қандай солиҳ амал қилмасин, Аллоҳнинг ризосини топиш, савобга эришишни ният этса, Аллоҳ таоло унинг ниятига қараб савоб бераверади. Масалан, бир киши намоз ўқимасада, аммо хайру эҳсон, садақа қилиш билан Аллоҳдан савоб умид этса, намоз ўқимагани учун гуноҳкор бўлади, лекин хайру садақаси учун савоб олади. Бироқ шуни яхши билиш керакки, хайру эҳсонлар туфайли эришилган савоблар тарк қилинган намоз эвазига орттирилган гуноҳга каффорат бўлмайди. Балки ўқилмаган намозлар учун Аллоҳдан истиғфор сўраб, тавба қилиши ва бундан кейин бирор вақт ҳам намозни тарк қилмасдан ўқиши шарт. Дунё ҳаёти инсонга берилган имтиҳон муддати бўлиб, ҳеч ким умри қандай ҳолатда ниҳоясига етишини олдиндан билмайди. Шундай экан, инсон доимо тавба ва истиғфорда бардавом бўлиб, аввало, ўзи учун, қолаверса, бошқалар учун ҳам Аллоҳдан солиҳ амалларга муваффақ қилишини, ҳаёти дунёда фарз амалларни адо этишга муяссар айлашини дуо қилиб сўрамоғи лозим.
2-савол: Рамазон рўзасини тутишни бошлашда ва уни тугатишда тақвимга эътибор бериш кифоями ёки, албатта, ойни кўриш шартми?
Жавоб: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ойни кўриб рўза тутишни бошланглар, ойни кўриб рўза тутишни тугатинглар!” деганлар.
Демак, шариат кўрсатмасига биноан Рамазон рўзаси Рамазон ойи кўриниши билан бошланиб, шаввол ойи кўриниши билан тугайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа бир ҳадисларида: “Бир ой гоҳида ўттиз кунлик, гоҳида йигирма тўққиз кунлик бўлади”, деганлар.
Ҳадиснинг мазмунига қараганда, ой ҳар доим ҳам ўттиз кунлик бўлавермас экан. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазоннинг бошланишида ва тугашида, албатта, ойни кўришни шарт қилганлар. Аммо бу дегани ҳар бир киши ўзи ойни кўрмагунча рўзани бошламасин ёки тугатмасин, дегани эмас.
Маълумки, ҳавода газ ва чанг-ғуборлар бўлгани сабабли кўпинча янги ойни биринчи кунида кўриш имкони бўлмайди. Агарда ҳар бир киши ўзича ойни кўриб, кейин рўза тутсин, дейилса, у ҳолда биринчи кун ойни кўра олмаган кишилар рўзани бир кун кейин тутади ва натижада бир кунлик рўзаси қазо бўлади. Бу эса мусулмонлар ўртасида ихтилоф чиқишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам ойни кўриш бўйича махсус идораларда шу соҳанинг мутахассислари иш олиб борадилар. Улар йил давомида ойнинг ҳаракатини кузатиб, шу асосда йиллик тақвимларни ишлаб чиқадилар. Рамазон рўзаси тақвими ҳам уларнинг хулосасига кўра тайёрланади. Аммо шу билан кифояланиб қолмай, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимларидан бир гуруҳи мусулмонларнинг ибодатларини мукаммал бўлиши учун Тошкентдаги астрономия институтига бориб, ойнинг ҳолатини аниқ ўрганадилар ва Рамазон ойининг кириши олдидан радио ва телевидение орқали эълон қилишади.
3-савол: Ўтмишда қолдирган рўзаларим учун фидя берсам бўладими?
Жавоб: Йўқ. Қари кишилар, яъни кундан-кун мадори кетаётган чол ёки кампир Рамазон рўзасининг ҳар бир куни учун фидя (бир мискинга икки кило буғдой ё унинг баҳосини) беради (“Ҳидоя”, “Фатовойи Ҳиндия”).
Сиз ўтмишда қолдирган рўзаларингизнинг ҳар бир куни учун қазосини тутиб берасиз.
4-савол: Бу йил Рамазон ойи ёзнинг энг иссиқ кунларига тўғри келмоқда. Мен иш тақозоси юзасидан баъзан кун бўйи кўчада юришимга тўғри келади. Рўзани йилнинг салқин кунларида тутиб берсам бўладими?
Жавоб: Қудсий ҳадисда бундай дейилади: “Одам боласининг барча амали кўпайтирилади. Бир яхшилик ўн баробардан етти юз баробаргача кўпайтирилади”. Аллоҳ таоло айтади: “Фақат рўза ундай эмас, у Мен учун, унинг мукофотини Ўзим бераман...” (Имом Бухорий ривояти).
Шундай бўлгач, энг узун ёзнинг жазирама кунларида ҳам сабр билан нафсини тийиб рўза тутган бандалар Аллоҳ таолонинг раҳматига эришади.
5-савол: Шаъбон ойининг охирида рўза тутиб Рамазон ойига қўшиб кетса бўладими?
Жавоб: Шаъбоннинг охирида рўза тутиб Рамазонга улаб кетишдан Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қайтарганлар. Бу хусусда бир қанча ҳадислар келган.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Қачонки Шаъбоннинг ярми қолса, рўза тутманглар” (Термизий ривояти).
Яна Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳеч ким эҳтиёт юзасидан Рамазондан бир ёки икки кун илгари рўза тутмасин, рўзани Рамазон ойи чиққанини кўриб, сўнг тутсин, аммо ҳафтанинг маълум кунлари доимо нафл рўза тутиб юрган одам рўзаси шак кунига тўғри келиб қолса, у ҳолда тутаверсин”, деб айтганлар” (Муттафақун алайҳ).
Уламоларимиз юқоридаги ҳадисларни далил қилиб, Шаъбоннинг ярмидан кейин рўза тутишни макруҳ дейишади. Лекин бир киши душанба ва пайшанба кунларида рўза тутишни одат қилган бўлса ёки назр рўза ният қилган бўлиб, у Шаъбоннинг охирги кунларига тўғри келиб тутса, макруҳ эмас.
6-савол: Рўзадор кишининг тоби қочса, унга укол қилиш мумкинми?
Жавоб: Аллоҳ таоло бандалари зиммасига тоқатидан ортиқ нарсаларни юкламайди.
Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳазратлари танага бир нарса кириши билан рўза бузилади, деганлар. Шунинг учун рўзадор укол олса рўзаси бузилади.
Агар ўта зарурат бўлмаса, уколни ифторликдан кейин ёки саҳарликдан олдин қилдириб олгани маъқул. Лекин рўза тутганида соғлиги ёмонлашгани туфайли укол олмаса, ҳаёти хавф остида бўлса, укол олиб, рўзасининг қазосини Рамазон тугаганидан кейин тутиб беради.
7-савол: Рўза пайтида хотин-қизлар атир-упадан фойдаланишлари мумкинми? Ундан фойдаланганида рўза очилиб кетмайдими?
Жавоб: Рўза очилмайди, чунки бу рўзани бузувчи амаллар сирасига кирмайди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ҳозирги кунда “бидъат” сўзини кўпчилигимиз тез-тез эшитамиз. Таъбир жоиз бўлса, бу сўзни билган ҳам, билмаган ҳам, тушунган ҳам, тушунмаган ҳам ишлатмоқда.
Аллома ибн Ҳажар Маккий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фатҳул Мубийн” асарида бидъатнинг луғавий маъносини қуйидагича келтирган:
“Бидъат сўзи луғатда – ўхшаши бўлмаган, янги нарсани пайдо қилиш”, деган маънони беради.
“Баҳрул Лайолий шарҳи Бадъул Амолий”да эса, бидъатнинг луғавий маъносини: “Аввал бўлмаган, ўхшаши йўқ нарсани пайдо қилиш” деб келтирган.
Шундан келиб чиқиб, мазкур уламолар бидъат хоҳ ибодатларда, хоҳ одатларда бўлсин, яхши ёки ёмон бўлсин, Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган янги пайдо бўлган нарса деб қараганлар.
Уламолар луғавий бидъатни беш қисмга бўлганлар.
Биринчиси: Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмасдан Қуръон ва суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади.
Демак, Қуръон ва суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.
Иккинчиси: Ҳаром бўлган бидъат. Мўътазила, жабария ва ҳозирги салафий ҳамда аҳли суннага зид бўлган турли фирқа ва оқимларни таъсис этиш. Чунки булар ҳам Исломнинг илк даврларида бўлмай, кейинчалик турли мақсадларда ташкил қилинган бўлиб, асосан соф Ислом ақидасини нотўғри талқин қилиш, Исломга ва мусулмонларга зарар бериш билан танилган. Шунинг учун бундай фирқа ва оқимларга кириш ҳаром ҳисобланади.
Учинчиси: Мустаҳаб бидъат. Масжидларга миноралар қуриш, маъҳад ва мадрасалар барпо этиш, Қуръон қироатини эшитиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш учун турли мажлислар ташкил қилиш мустаҳаб бидъатлар сирасига киради.
Тўртинчиси: Макруҳ бидъат. Масжидларга зийнат бериш.
Бешинчиси: Мубоҳ бидъат. Еб-ичиш, кийим-кечак, маскан-манзилларда кенгчиликка йўл қўйиш. Яъни агар ҳалолдан бўлса, киши ўзи яшайдиган манзилини чиройли таъмирласа, фахр ва кибрдан холи бўлиб, қимматбаҳо кийим кийган бўлса ва емоқ-ичмоғида кенгчиликка йўл қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Чунки шаръан бу пайтда мазкур ишлар мубоҳ саналади.
Бидъатнинг шаръий-истилоҳий маънолари
Бидъатнинг шаръий – истилоҳий маъноларини “Баҳрул Лаолий шарҳи Бадъул Амолий” асарининг соҳиби қуйида уч қисм қилиб келтирганлар:
الزِّيَادَةُ وَالنُّقْصَانُ فِي الدِّينِ مِنْ غَيْرِ إِذْنِ الشَّارِعِ
1. “Шореънинг изнисиз динда зиёда ва нуқсонга йўл очиш”.
جَعْلُ غَيْرِ الدِّينِ دِينًا أَوْ مَا يَكُونُ مُشَابِهًا بِالدِّينِ وَلَيْسَ مِنَ الدِّينِ
2. “Диндан бўлмаган нарсани дин деб билиш ёки динга ўхшаш мартабага кўтариш”.
عَمَلٌ مُحْدَثٌ عَلَي نِيَّةِ الْعِبَادَةِ
3. “Динда асли йўқ бўлиб, янги пайдо бўлган нарсани ибодат ниятида бажариш”.
Мазкур таърифларга асосланиб фуқаҳолар икита фиқҳий қоидани жорий қилганлар.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْإِبَاحَةُ
1. “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”. Яъни, аслида ҳамма нарса мубоҳ ва тозадир.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْحُرْمَةُ
2. “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”.
Зоҳиран қараганда бир-бирига зид бўлган бу икки қоидани татбиқи шундайки, агар бир киши дунё ишларини осонлаштириш, одамларнинг оғирини енгил ва узоғини яқин қилиш мақсадида бирор нарса масалан машина, телефон ёки турли фойдали мосламалар ўйлаб топиб ихтиро қилса, “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”, қоидасига биноан бу яхши ва мақталган иш ҳисобланади.
Аммо, ибодат ниятида динда бирор нарсани жорий қилиш, суннат бўлмаган амални суннат деб эътиқод қилиш, “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”, қоидасига биноан бидъат ва ҳаром иш ҳисобланади.
Бидъатнинг турлари.
“Саҳиҳи Бухорий” китобини шарҳлаган Имом Қасталоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Байҳақий Имом Шофеъийдан нақл қилиб: “Китобу суннатга ва ижмога хилоф бўлган ишлар залолатга чорловчи бидъатдир. Аммо, китобу суннатга хилоф бўлмаган яхши ишлар бидъат эмас, балки “Муҳдасоту маҳмуда” яъни кейин пайдо бўлган мақталган ишлардир”, деганлар (Қасталоний. Ж. 1. Б. 302).
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ سَنَّ فِي الإسلام سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا یُنْقَصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ وَمَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً سَیِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَایُنْقَصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас у учун унинг ажри ва ундан кейин унга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Муслим ривояти).
Мана шу ва бошқа далилларга таяниб, уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).
Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Шариатнинг аслига хилоф бўлмай, шу билан бирга фойдали ва хайрли амаллар бидъати ҳасанадир. Шаръий асосга эга бўлмаган амал ёки эътиқодни жорий қилиш бидъати саййиа дейилади”, деганлар. (“Фатҳул Борий” китоби, Ж. 4. Б. 253).
Бидъати ҳасана – бунга ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровиҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилди ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, деди.
Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.
Бидъати саййиа эса, шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, у шариатимизда рад этилган. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ
“Ким бизнинг бу динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ҳадисда кўзланган мақсад диннинг асосий манбалари бўлмиш Китоб, суннат ва ижмога хилоф бўлган ишларни пайдо қилиш бўлса, бас, у рад қилингандир. Аммо дунёвий ҳаётнинг равнақига хизмат қиладиган, инсонларга манфаат берадиган ишларни пайдо қилиш, гарчи Китобу суннатда асоси мавжуд бўлмаса-да, зинҳор бидъат дейилмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси