Расулуллоҳ: “Мен бобом Иброҳимнинг дуосиман, Исо ибн Марямнинг башоратиман ва онамнинг тушиман”, деганлар. Пайғамбаримизнинг “Мен бобом Иброҳимнинг дуосиман” деганларидан мурод Ҳазрат Иброҳимнинг Исмоил билан бирга Каъбани қураётганларида: “Эй Раббимиз, уларга ўзларидан бўлган, уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китоб ва ҳикмат (Қуръон ва ҳадис)ни ўргатадиган ва уларни (куфр ва гуноҳлардан) поклайдиган бир пайғамбарни юбор! Албатта, Сен Ўзинг Азиз ва Ҳакимсан”, деб дуо қилганларидир.
Пайғамбаримизнинг “Исо ибн Марямнинг башоратиман” деганларидан мурод Ҳазрат Исонинг: “Эй Исроил авлоди, албатта, мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) Пайғамбариман. (Мен) ўзимдан олдин берилган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келадиган “Аҳмад” исмли Пайғамбар ҳақида башорат берувчиман”, деганларидир.
Пайғамбаримизнинг “онамнинг тушиман” деганлари эса, “Онам ўзларидан нур чиққанини кўрганлар ва бу нур туфайли Шом қасрлари ёришиб кетган” мазмунли ҳадиси шарифга ишорадир.
Ушбу хабарни Имом Бухорий “Ат-тарихул кабир” ва “Ат-тарихус сағир”да, Абу Довуд, Аҳмад ибн Ҳанбал, Абу Бакр Баззор, Абу Яъло Мувсилий ва Ибн Роҳавайҳ “Муснад”ларида, Ибн Ҳиббон “Ас-сиқот”да, Доримий “Сунан”да, Табароний “Ал-муъжамул кабир”да, Байҳақий “Шуъабул имон”, “Далоилун нубувваҳ”да, Абу Нуайм “Ал-ҳулия”да, Бағавий “Шарҳус сунна”да, Ибн Адий “Ал-комил”да, Имом Табризий “Мишкотул масобиҳ”да, Ибн Саъд “Ат-табақотул кубро”да, Ибн Исҳоқ, Ибн Ҳишом ва Ибн Асокирлар “Ас-сийратун набавия” китобларида, Абдуллоҳ ибн Муборак ва Абу Бакр ибн Мардавайҳ ҳам ривоят қилган.
Ҳоким “Ал-мустадрак ъалас саҳиҳайн” китобида бу ҳадисни: “Имом Муслимнинг шартига кўра саҳиҳдир”, деган. Имом Заҳабий “Ат-талхис”да ва Ибн Ҳажар Асқалоний “Фатҳул Борий”да “Саҳиҳ” дейишган. Шуайб Арнаут “Муснади Аҳмад” ва “Саҳиҳи ибн Ҳиббон” тахрижида: “Саҳиҳун ли ғойриҳ”, дейди. Ҳофиз Нуриддин Ҳайсамий “Мажмаъуз завоид”да ва Аҳмад ибн Абу Бакр Бусойрий “Итҳофул хияратил маҳара” китобида: “Исноди ҳасан”, дейишган. Ҳофиз Зайниддин ибн Абдураҳмон ибн Аҳмад ибн Ражаб Димашқий: “Расулуллоҳ туғилаётганларида бу муборак нурнинг чиқиши инсониятни тўғри йўлга бошлаган ва ширк зулматини йўқ қилган ҳидоят нурига ишорадир”, деган[1].
Аллома Ибн Касир: “Бу муборак нур чиқиб, Шом диёридаги қасрларни ёритиб юборгани Ислом динининг Шом диёрига ўрнашиб, мустаҳкам бўлишига ишора. Шунинг учун ҳам охирзамонда Шом диёри Ислом дини ва мусулмонлар учун мустаҳкам қалъага айланади. Исо Шом диёрига, аниқроғи, Дамашқнинг шарқий оқ минораси жойлашган ерга тушадилар”, деган.
Омина онамизнинг дояси
Пайғамбаримизга муҳаббатимиз туфайли атрофларида бўлган ҳар бир кишини билгимиз, танигимиз келади. Хўш, Расулуллоҳ туғилаётганларида Омина онамизга ким доялик қилган эди?
Айрим ривоятларда Исонинг оналари покдомон Марям билан Мусони улғайтирган ҳазрат Осиёдек мукаррама зотлар ҳозир бўлишгани айтилган. Аммо “Марям ва Осиё оналаримиз Расулуллоҳ туғилаётган пайтда ҳозир бўлганлари” ҳақидаги ривоятни имом Суютий “Ал-хасоисул кубро” китобида (1/47): “Жуда ҳам мункар”, деган.
Ҳақ гап эса Омина онамизга Шифо доялик қилганларидир. Шифонинг онаси Салмо, эри Авф, ўғиллари Абдураҳмон ва Асвад, қизи Отикадир.
Оламлар сарварининг ёруғ дунёга ташрифида истиқболларига чиққан, бўлажак пайғамбарни илк кутиб олиш шарафига муяссар бўлган Шифо бинти Авфни Аллоҳ таоло кейинчалик ҳам кўп яхшиликлар ила сийлади. Шифо ҳақ дин келганида уни қабул этди, истиқоматда собит бўлди, Расулуллоҳ ҳаётлик даврларида вафот этди ва ўғли Абдураҳмоннинг жаннати экани башоратини олди.
Илоҳий ироданинг рўёби
Расулуллоҳ дунёга келганларидан сўнг Омина онамиз қайноталари Абдулмутталибга одам жўнатиб, набирали бўлгани хабарини етказади. Абдулмутталиб беҳад қувонади, чақалоқни олиб, Каъбанинг ичига киради, Аллоҳга дуолар қилиб, шукроналар айтади ва шу ерда муборак набирасига “Муҳаммад” деб исм қўяди. Қизиқ, Абдулмутталиб нимага асосланиб ота-боболарининг урфида бўлмаган бу исмни қўйди?
Бу борада икки асос бор:
Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз туғилганларининг еттинчи куни Абдулмутталиб муборак набираси номидан, ўша пайтдаги арабларнинг одатига кўра, қўчқор сўйиб, Қурайш аҳлига зиёфат беради. Меҳмонлар зиёфат сўнгида: “Бу набиранг шарофати билан бизни жуда сийладинг, унга қандай исм қўйдинг?” деб сўрашади. У: “Муҳаммад деб исм қўйдим”, дейди. Улар: “Ота-боболарингда бунақа исм йўқ-ку?” деб ажабланишганида, у: “Мен бу набирамнинг ерда ҳам, осмонда ҳам доимо мақталишини хоҳладим», дейди”.
Аслида эса, Аллоҳ таоло сўнгги пайғамбарининг исми “Муҳаммад” бўлишини ирода этган ва бу илоҳий ироданинг рўёбини Абдулмутталиб билан Омина онамизга туш орқали илҳом қилиб, юзага чиқарди. Чунки асл Тавротда “Муҳаммад” деб, асл Инжилда “Аҳмад” деб хабар берилгани маълум.
Абдул Азим ЗИЁВУДДИН,
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси
Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
Аллоҳ таоло бандаларига:
لا تقنطوا
"ноумид бўлманглар" деган.
Яъқуб алайҳиссалом ўғилларига:
لا تياسوا
"ноумид бўлмангиз" деган.
Юсуф алайҳиссалом укасига:
لا تبتئس
"ташвиш чекма" деган.
Шуайб алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга:
لا تخف
"қўрқма" деган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳуга:
لا تحزن
"маҳзун бўлманг" деганлар.
Ташвишли дамларда инсон қалбига хотиржамлик солиш илоҳий манҳаждур. Бас, шундай экан, доимо "алҳамду лиллаҳ" денг.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ