Инсон хотираси билан азиз саналади, миллат эса хотираси ва тарихи билан улуғланади. Шу боис ҳам ҳар йили 9 май санаси Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланиб келинади. Бу сана халқимиз – катта-кичик, ёшу қари, жамиятимизнинг барча аъзолари томонидан ўтганларни хотирлаш ва руҳини шод этиш, Ватан тинчлиги йўлида фидойилик кўрсатган, юрт тараққиётига ҳисса қўшаётган кишиларни қадрлаб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиладиган кун сифатида эъзозланади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармони бугунги тинч ва осуда кунларимиз учун курашган, фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, тинчлик-осойишталик йўлида жонини фидо қилган аждодларимиз хотирасини ёд этиш халқимизга хос азалий қадрият эканининг яна бир тасдиғи бўлди.
Ана шу эзгу мақсад йўлидаги хайрли ишлар юртимиз бўйлаб давом этмоқда. Жасур қаҳрамонларимиз хонадонларига кўнгил сўраганлар, узоқу яқиндан меҳмонлар келишмоқда. Уларнинг ҳолидан хабар олиб, кўнгилларини кўтаришмоқда.
Ана шундай хайрли ишларда имом-домлаларимиз ҳам фаоллик кўрсатишмоқда. Жумладан, Тошкент вилояти Бўка туманидаги “Қодирхон махсум” жоме масжиди жамоаси “Ачамайли файзбарака” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 1924 йилда туғилган иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Турғунбой ота Чинтоев хонадони йўқлаб боришди.
Масжид фаоллари отахондан ҳол-аҳвол сўраб, у кишига ўзларининг ҳадяларини улашишди.
Суҳбат асносида, Турғунбой ота Тошкент вилояти раҳбарлари Президентимизнинг пул мукофотларини топширишганидан ва ўзлари хизмат қилган давлатларга саёҳат қилиш таклифи билдирганларидан бошлари кўкка етганини айтдилар. Отахон 94 йил яшаб ҳеч бундай хурсанд бўлмаганман, болам, деб қувончларини изҳор қилдилар. Турғунбой ота: Ўтган йили Президентимиз ўзлари уруш қатнашчиларини меҳмон қилдилар. Мени хурсанд қилган ҳолат: Юртбошимиз мени бағриларига босиб, табрикладилар. Айниқса, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини муборак ҳаж сафарига юборишлари бу тарихда кузатилмаган ҳодиса бўлди, бундай эҳтиромдан хурсанд бўлмай бўладими, болам”, кўзларида ёш билан Президентимизни дуо қилдилар.
Азимжон АЛИМЖОНОВ
Бука тумани "Қодирхон махсум"
жоме масжиди имом-хатиби
24–29 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари жам бўлади.
Форум дастуридан тантанали очилиш маросими, ялпи мажлислар, мавзуга оид медиа-кўргазмалар, матбуот анжуманлари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Шўба йиғилишлари доирасида ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар, шунингдек, медиа соҳасидаги халқаро лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон талабалари учун жаҳон медиа саноатининг етакчи мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа маҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш борасида тажриба алмашади.
27 август куни форум қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилади. Дастур доирасида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилади ва шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий ОАВ вакиллари учун махсус медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.
Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати