Хузайфа розияллоҳу анҳу айтадилар: «Бир куни кечаси Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқидим. У киши Бақарани бошладилар ва ўқиб тугатдилар. Сўнгра Оли Имронни бошладилар ва уни ҳам ўқидилар. Кейин Нисо сурасини охиригача ўқидилар. Ушбу сураларни бирин-кетин шошмай тиловат қилдилар. Агар тасбеҳ зикр қилинган оятдан ўтсалар, тасбеҳ айтар, агар дуо оятидан ўтсалар, дуо қилар, агар паноҳ сўраш оятидан ўтсалар, (барча ёмонликлардан Аллоҳнинг) паноҳ беришини сўрар эдилар» (Имом Муслим ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Саббиҳисма роббикал аъла…» (Аъло сураси)ни ўқисалар, унинг кетидан: «Субҳана роббиял аъла», деб айтардилар» (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Агар Қуръон ўқувчи мўминларга илоҳий хитоб бўлган «Эй иймон келтирганлар…» оятидан ўтса, ўша ерда тўхтаб, Аллоҳнинг амрига қулоқ тутади. Баъзилар ушбу хитобдан сўнг: «Лаббайка Раббий ва саъдайка» (Эй Раббим, мен сенинг тоатингдаман ва амрингга мунтазирман) деб айтар, сўнгра Аллоҳ нимага буюриб, қандай амаллардан қайтаришини тафаккур қилар ва қалбан тасдиқлаб, ўз ҳаётларида бунга оғишмай амал қилар эдилар. Киши шундай қилса, Қуръонни тўлиқ тартил қилган бўлади. Агар ўқиётган оятларнинг маъноларини билмай қолса, уни биладиганлардан сўраб олади. Токи Аллоҳнинг каломини тўғри тушуниб, унга чиройли амал қилсин.
Агар ўқилаётган оятда Аллоҳ таоло ўтган қавмларнинг қиссаларидан хабар бераётган бўлса, улардан ўзига ибрат олсин. Аллоҳ уларга қандай ҳукм қилганини билиб, азобга гирифтор бўлган кофир – ношукр қавмларнинг йўлидан сақлансин. Доимо Аллоҳга шукр қилиб, Унинг тоатида бўлсин. Агар ўқилаётган оятда ваъид (қўрқитиш-огоҳлантириш) келган бўлса, қалбига назар солсин. Агар наҳий қилинаётган бирор иллат топилса, ундан воз кечсин. Агар ражо (умидбахш) оятларни тиловат қилса, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмасин. Хавф оятидан ўтганда Аллоҳ осий бандаларни азоблашини фикр қилсин, токи унинг қалбидаги хавф ва ражо бир-бирига мутаносиб бўлсин. Худди мана шу комил иймон белгисидир. Агар панд-насиҳатлардан иборат бўлган оятларни ўқиса, улардан ўзига ўгит олиб, амал қилишга ҳаракат қилсин. Агар юқорида зикр қилинганларни бажарса, Қуръон одоби ва ҳақларини адо этган бўлади.
"Қуръони карим фазилати ва одоблари" китобидан
Муҳаммадшариф РУСТАМОВ,
Марҳамат туманидаги “Иброҳим Халилуллоҳ” масжиди имом-хатиби
Бугунги жамиятимизда одоб-ахлоқ жиҳатидан оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Салом бериш, ёрдамга муҳтожларни кўрганда кўмаклашиш, ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатиш каби қадриятлар камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Ҳолбуки, ҳар бир ота-она фарзандининг илмли, солиҳ ва етук инсон бўлиб камол топганини кўришни орзу қилади. Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз ширин бўлмайди. Яъни қуруқ орзу-ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Балки доимий ва тартибли таълим-тарбия ишига киришиш лозим бўлади. Бу борада жамиятдаги инсонларни уч тоифага бўлиш мумкин:
1. Ўзи ҳам амал қилиб, фарзандини ҳам эзгуликка етаклайдиганлар. Бу тутум дунё ва охират саодатини кўзлаган мўминнинг йўли. Тарбияда энг самарали омил ота-онанинг шахсий намунасидир. Болага, аввало, Аллоҳни танитиш ва солиҳ амаллар билан ўрнак бўлиш лозим. Қуръони каримда таъкидланганидек, иймон келтириб, эзгу амал қилганларга дунёда покиза ҳаёт, охиратда эса абадий жаннат башорати берилган (Наҳл сураси, 97-оят).
2. Ўзи амал қилмай, фарзанди тарбиясига мол-дунё сарфлайдиганлар. Унутманг, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Ота-онанинг ўзи диний ва ахлоқий мажбуриятларни бажармаса, панд-насиҳатлари фарзандга таъсир қилмайди. Оилавий муҳитда ота таъминотга, она тарбияга масъул бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлиши шарт.
Шунингдек, ота-оналарнинг беҳуда ишлар, масалан, телефонга кўп боғланиб қолиши тарбиядаги энг катта бўшлиқни юзага келтиради. Фарзанд камолоти учун унинг вақтини тўғри тақсимлаш, уйқу ва дарс тартибини доимий назоратда тутиш, тартибни ушлаш лозим. Энг муҳими, хулқ илмдан устун туради: хулқсиз берилган илм инсонни залолатга етаклайди, шу боис фарзандга гўзал ахлоқий тарбия бериб, сўнг илм билан зийнатлаш керак.
3. Ўзи ҳам амал қилмай, фарзандини ҳам бунга чақирмайдиганлар. Бу тоифанинг оқибати хатарлидир. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур...” (124-оят). Мана шу оятнинг ўзиёқ кишини сергак торттириб, бу тоифадан бўлиб қолмасликка ундаши лозим.
Хулоса шуки, фарзанд қалби ва руҳияти илдиз отиши керак бўлган дарахт кўчати кабидир. Унинг илдизини иймон ва тақво мустаҳкамлайди. Шундай экан, ким фарзандлари камолини кўришни истаса, амали ва эътиборини билан шунга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилиб, зурриётларимиз камолини кўрсатсин.
Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси