Амазонка қалин ўрмонзорининг серҳосиллигини Саҳрои Кабирнинг марказидаги қуриб қолган кўлнинг тубидан кўтарилган фосфор зарралари таъминлаб беради, деб тасдиқламоқда америкалик олимлар. «Geophysical Letters» ойномасида чоп этилган янги изланишлар сайёрамизнинг олис ҳудудларининг ўзаро боғлиқлигини яна бир бор намойиш қилмоқда.
Шамол Саҳрои Кабирдан чанг ва қум зарраларининг кўтариб минглаб километр ғарбга, Амазонка дарёси ҳудудига олиб бориши аввалдан маълум. НАСА 2006 йилда Ер атмосферасидаги булут қопламларининг ҳаракатиларини кучатувчи «CALIPSO» номли сунъий йўлдошни учирган эди.
Мана шу сунъий йўлдошдан олинган маълумотларга таяниб, Мериленд Давлат Университетида фаолият юритувчи Хунбинь Ю (Hongbin Yu) ҳар йили Саҳрои Кабирдан ўртача ҳисобда 182 миллион тонна чанг кўтарилиб, ундан 28.8 миллион тоннаси Амазонка дарёси ҳудудига етиб боради, деб тасдиқламоқда.
Ю, шунингдек, ушбу чанг-ғуборнинг қанча миқдори фосфор эканлигини ҳам аниқлаб чиқди. Амазонка дарёси ҳудудининг тупроғи фосфорга жуда қашшоқ: ёмғирлар ва дарё оқими қалин ўрмонзорлардан мана шу озуқавий моддани оқизиб кетади. Саҳрои Кабир эса аксинча, фосфорга жуда бой — ушбу минералининг энг катта кони Чад ҳудудида жойлашган, аввал қуриб қолган кўлнинг туби ҳисобланади.
Йўлдошдан олинган маълумотлар ҳамда Чад, Барбадос ва Маямидаги илмий-изланиш станцияларида йиғилган чанг намуналарининг таҳлили шуни кўрсатдики, Амазонка дарёси ҳудудига ҳар йили қарийб 22 минг тонна — деярли қанча миқдор ювилиб кетган бўлса, шунча фосфор етиб боради экан.
Мана шу жойда, Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримда зикр қилган: «Кечаю кундузнинг алмашиб туришида, Аллоҳ осмондан ризқ нозил қилиб, унинг ила ерни ўлимидан кейин тирилтиришида ва шамолларни не йўналишида ақл юритадиган қавм учун оят-белгилар бор» ( "Жосия" сураси, 5-оят) деган оятини эсламасликнинг иложи йўқ.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Амазонка дарёси ўсимликлари учун ўзига хос ризқ бўлган фосфорни осмондан ёғдириб қўйган, мана шу ризқни олиб келиш учун шамолларнинг йўналишини тартибга солдириб қўйган Зотдир. Аллоҳ таолонинг яратган ва тартибга солган нарсалари, осмонлару ернинг яратилишини тафаккур қилиб: «Ё Роббимиз, Сен буларни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан» ("Оли Имрон" сураси, 191-оят), деймиз.
Интернет маълумотлари асосида тайёрланди
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида ҳалол саноати йўналишидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда икки мамлакат вакиллари Тошкент шаҳрида «Malaysia–Uzbekistan International Halal Fest 2027» халқаро форуми ва кўргазмасини ўтказиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Малайзиянинг «TWOJ CREATIVE SDN BHD» компанияси делегацияси томонидан тақдим этилган лойиҳа ҳалол саноати экотизимини ривожлантириш, халқаро бизнес алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Режалаштирилаётган фестиваль доирасида:
Халқаро кўргазма, бизнес-форум ва B2B учрашувлари;
Ҳалол озиқ-овқат, туризм, молия ҳамда ишлаб чиқариш йўналишларига бағишланган махсус экспозициялар;
Инвестиция сессиялари, маданий дастурлар ва маҳсулотлар тақдимотларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг ҳалол маҳсулотлар бозоридаги салоҳиятини намойиш этиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги экспорт имкониятларини яратишга хизмат қилади.
Музокаралар давомида Малайзиянинг JAKIM стандартлари асосида ҳалол сертификатлаштириш тизимини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни халқаро бозорларга олиб чиқиш, фермер ва тадбиркорлар учун ўқув-семинарлар ҳамда малака ошириш дастурларини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Томонлар фестивални юқори савияда ташкил этиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари, бизнес ҳамжамияти ҳамда тармоқ уюшмаларини жалб этган ҳолда қўшма «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу форум савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб этиш, ҳалол саноати инфратузилмасини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим халқаро майдонга айланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати