"Нуҳ кемаси" номли ҳужжатли филмни суратга олган Жем Сертесеннинг айтишича, Туркиянинг Догубоязит вилоятидаги Агри тоғида Нуҳ пайғамбарнинг кемасига тегишли бўлган корпус излари топилган.
Унинг сўзларига кўра, георадарлар ёрдамида бир неча кун олиб борилган суратга олиш ишлари давомида кема корпусининг излари топилган. Бу ҳақда "Анадолу" ахборот агентлиги хабар берди.
Жем Сертесен 23 йил давомида бутун дунё аҳлини қизиқтирувчи Нуҳ пайғамбар кемасини қидириш билан шуғулланган ва ушбу изланишлар натижасида ҳужжатли филмни суратга олди.
"Нуҳ кемаси Илҳан Дупуринар томонидан очилган. Ара Гулер - кемани суратга олган биринчи сураткаш. 1985 йилда эса Солиҳ Байрактутан дастлабки илмий тадқиқот олиб борган олимдир. Георадар ёрдамида суратлар олинган, улар Агри тоғларида кема корпуси борлигини тасдиқламоқда. Ушбу ҳудудда археологик қазиш ишларини олиб бориш зарурлиги бўйича маъруза тайёрланди" - деди режиссёр журналистларга.
ЎМИ Матбуот хизмати
Саудия Арабистонининг туризм ва саёҳатларга ихтисослашган “Arab Tourist” электрон нашрида “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган ва Буюк ипак йўли билан боғланган мамлакат” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада Буюк ипак йўли тарихида ўзбек шаҳарларининг тутган ўрни алоҳида эътироф этилади. Хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо, фан ва маданият марказлари сифатида хизмат қилгани таъкидланади. Регистон майдони, Ичан-қалъа ва Бухородаги меъморий обидалар ислом цивилизацияси ҳамда жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари сифатида тилга олинади.
Бундан ташқари, нашр Ўзбекистоннинг ранг-баранг табиати ва географик рельефига тўхталиб ўтган. Қизилқум чўли, серҳосил Фарғона водийси, Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғ тизмалари аҳоли жойлашуви ва қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим ўрин тутиши қайд этилади.
Нашр, шунингдек, Буюк Мирзо Улуғбек каби донишмандларнинг астрономия ва математика соҳасидаги буюк кашфиётларини алоҳида эътироф этган.
Хулосада таъкидланганидек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Андижон каби шаҳарлар бугунги кунда нафақат маъмурий ва иқтисодий, балки жадал ривожланаётган йирик маданий-туристик марказлар сифатида дунё сайёҳлари эътиборини ўзига жалб этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати