Мана, бир неча ойлардан бери кутилган кунларга ҳам етиб келдик: ҳадемай Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг республика босқичи бошланади. Бу кунларни нафақат юртимиздаги, балки қўшни давлатлар ва дунёнинг кўп минтақаларидаги мусобақани кузатиб келаётган Қуръон мухлислари интиқлик билан кутиб туришибди. Айни пайтда кўпчилик мусобқа сўнгида ғолиб қандай аниқланиши билан ҳам қизиқяпти. Шу сабабли мавзуга бироз ойдинлик киритишни лозим топдик.
Бу йилги Ўзбекистон Қуръон мусобақасида «Олий мукофот» соврини жорий этилмоқда. Шу ҳақда кўпиликка қисқача тушунтириш бериш лозим.
Маълумки, мусобақа ҳифз ва тиловат йўналишларида ўтказиляпти ва ҳар бир йўналиш 3 тоифага бўлинган:
18–25 ёшлилар.
26–40 ёшлилар.
Талабалар.
Мусобқанинг аввалги 2 босқичи – туман-шаҳар ва вилоят босқичларида кўрик шу йўсинда ўтказилгач, республикада биринчи рақамли ғолибни аниқлаш масаласи кўндаланг бўлди. Айрим кишилар мазкур 3 тоифани бирлаштириб юбориш таклифини айтди. Бу иш кўп жиҳатдан ноқулайлик келтириб чиқариши аниқ эди. Чунки маълум йўналишдаги ишлирокчилар учала ўринни ҳам эгаллаб олиши мумкин. Бунда қолган икки йўналишдагилар учун республикада ҳеч қандай ўрин насиб бўлмайди. Шу боис энг яхши ечим сифатида «Олий мукофот» усулини қўллаш маъқул топилди. Унга кўра мусобақа шу босқичгача қандай келган бўлса, шундай давом этади: ҳар бир йўналишдаги гуруҳларда алоҳида 1, 2 ва 3-ўринлар бўлади ва улардан қайси бири энг юқори балл олса, ўша Олий мукофот соҳиби деб топилади.
Бу билан низо ва оғринишнинг олдини олиш баробарида юртимизда ўтказилаётган Қуръон мусобақасининг савиясини халқаро мусобақалар даражасига олиб чиқишга ҳаракат ва унинг ҳар жиҳатдан адолатли бўлишига эришиш назарда тутилди.
Олий мукофот фақат ҳифз йўналишида бўлади ва эркагу аёллар учун жорий этилади. Шунда ўлкамизда ўтказилаётган бу йилги Қуръон мусобақасида аёллардан бир киши, эркаклардан бир киши Олий мукофотга сазовор бўлади. Ўйламизки, бу тадбир барчага маъқул.
Мусобақаларда шу каби «Олий мукофот» совринини ажнабий тилда «Гран-при» деб аташади. «Гран-при» (энг олий соврин) атамаси илк бор Францияда 1721 йили муомалага киритилган ва Франция фанлар академиясида математика ҳамда бошқа илмларнинг ривожида катта ўрин тутган. Бу мукофотлаш тури спортга 1805 йили Францияда ўтказилган от чоптириш мусобақаси орқали кириб келган.
Биринчи рақамли мукофотга нисбатан Гран-при атамасини қўллаш 19-аср ўрталаридан халқаро майдонга кенг ёйила бошлади ва 1901 йили илк бор автопойга ғолибларини тақдирлашда қўлланилди. Аста-секин бу атама бошқа спорт мусобақаларда, адабиёт ва санъатга оид танловларда ҳам қўлланиладиган бўлди.
«Гран-при» – бир тур мусобақанинг турли йўналишлари бўйича энг юқори ўрин соҳибига бериладиган мукофот бўлиб, у одатда бир турдаги мусобақада йил мобайнида бошқа ҳеч кимга берилмайдиган энг олий соврин ҳисобланади. Бу соврин мусобақанинг барча босқичларида олган баллари жамланганда энг юқори кўрсаткични қайд этган иштирокчига берилади. Халқаро миқёсдаги мусобақаларда соврин ҳам жаҳон андозаларига кўра энг юқори, бирор мамлакат миқёсидаги танловда эса шу минтақа қаричи билан ўлчанганда энг олий даражада бўлиши талаб қилинади.
Биз бу йилги имкониятлардан келиб чиқиб «Олий мукофот» ва унга ҳужжат сифатида «Олий даражали диплом»ни республика босқичида энг юқори балл олган иштирокчига беришни лозим топдик. Аллоҳ насиб қилса, келгуси йилларда иштирокчининг Қуръон мусобақасининг барча босқичларида олган баллари йиғиндисини инобатга олиб, шу асосда «Олий ўрин»ни белгилаш ниятидамиз. Ўйлаймизки, бунда мусобақанинг савияси янада ортади, иштирокчилар ҳар бир босқичга кўпроқ эътибор билан тайёргарлик кўради ва провард кўзланган мақсадга эришиш муваффақиятли кечади.
Аллоҳ таолодан барча иштирокчиларга куч-қувват ва тавфиқ сўраб қоламиз.
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
ЎМИ Матбуот хизмати
Кувайт университети Тил маркази директори, доктор Ҳолид Ал-Фадли мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.
– Мустақилликнинг 35 йиллик байрами муносабати билан яқин дўст ва қардош Ўзбекистон халқини чин дилдан самимий муборакбод этаман. Ўзбекистонлик барча биродарларимизга юксак тараққиёт, фаровонлик, тинчлик-хотиржамлик ва янги муваффақиятлар тилайман.
Биз Ўзбекистон билан азалдан мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳурмат ва самимий меҳр-оқибат ришталарига эгамиз. Ушбу муборак заминдан кўплаб буюк ва машҳур ислом уламолари етишиб чиққан. Бу бебаҳо илмий ва маънавий мерос нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун улкан бойлик ҳисобланади.
Кувайт университети ва Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасалари ўртасида яқин ва самарали ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганидан мамнунмиз. Кўп йиллардан буён ўзбекистонлик талабалар юртимизда, хусусан, Кувайт университетида араб тили ва маданиятимиз бўйича ўз билимини ошириб келмоқда. Улар бир ўқув йили давомида, яъни уч семестр мобайнида араб тилини пухта ўрганиш билан бирга, Кувайт маданияти, тарихи ва жамияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлмоқда.
Ўзбек талабалари билан мулоқотлар давомида уларнинг таълим ва илмга жуда катта қизиқиш ҳамда иштиёқ билан ёндашишига алоҳида эътибор қаратдим. Улар нафақат араб тилини ўрганиш, балки бошқа халқнинг маданияти, санъати, иқтисодиёти ва ривожланиш тенденцияларини чуқур англашга интилаётгани қувонарли.
Араблар ва ўзбек халқи ўртасида асрлар давомида шаклланган чуқур тарихий, илмий ва маънавий алоқалар мавжуд. Мен ушбу дўстона ва қардошлик ришталари келгусида янада мустаҳкамланиб, янги мазмун билан бойишини истайман. Бу борада халқаро конференциялар ўтказиш, қўшма илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Кувайтдаги Ўзбекистон элчихонаси томонидан билдирилаётган ташаббус ва таклифларни қўллаб-қувватлаш, уларни амалга оширишга янада катта эътибор қаратиш зарур. Биз ҳам икки мамлакат ўртасидаги таълим, илм-фан ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар ва истиқболли ташаббусларни амалга оширишдан манфаатдормиз.
Яна бир бор, қардош Ўзбекистон халқини Мустақилликнинг 35 йиллик қутлуғ байрами билан қутлайман. Аллоҳ таоло қардош Ўзбекистон диёрига тинчлик-хотиржамлик, фаровонлик, тараққиёт ва улкан муваффақиятлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати