Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Июн, 2026   |   10 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:51
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:04
Хуфтон
21:46
Bismillah
25 Июн, 2026, 10 Муҳаррам, 1448

Вақф нима?

17.04.2018   8817   3 min.
Вақф нима?

Кеча, 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ушбу фармонда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилганлиги тўғрисидаги маълумот берилиб, “Вақф” хайрия жамоат фондининг асосий вазифалари белгилаб берилган эди. Кўпчиликда “вақф ўзи нима?” деган савол пайдо бўлиши мумкин. Ушбу масала юзасидан интернет тармоғидаги маълумотлардан фойдаланиб маълумот беришга ҳаракат қиламиз. 

Тарих китобларида ўтмишда мактаб, мадраса, шифохона ва масжидлар учун катта-катта вақфлар ажратилгани ҳақида ёзилган. 

“Вақф” сўзи луғатларда “тутиб туриш”, “тўхтатиш” маъноларида келади. Вақфнинг шаръий таърифи борасида турли фикрлар билдирилган. “Вақф - нарсани Аллоҳ мулки ҳисобида сақлашдир”. Яъни, вақф қилинган нарса вақф қилувчининг мулкидан чиқади ва Аллоҳ мулкига айланади. Вақф қилинган нарсадан келадиган фойда вақф қилувчи уни вақф этишда тайинлаган жиҳатга (масалан, талабалар, мусофирлар, камбағаллар каби) сарф қилинади ва савоби вақф қилувчига абадий бўлади. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос бўлмайди. 

Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида вақф ҳақида қуйидаги маълумотлар келтирилган:

“Вақф” сўзи арабчадан олинган бўлиб — мусулмон мамлакатларида давлат ёки айрим шахслар томонидан диний эҳтиёж ёки хайрия ишлари учун ажратилган мол-мулк. Вақфнома орқали расмийлаштирилади. Ер-сув, уй-жой, мактаб, масжид, шифохона ва бошқалар вақф мулки бўлиши мумкин. Ўз мулкини вақфга топширган шахс мазкур мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқини йўқотади. Лекин унинг ўзи ёки оила аъзолари ёхуд учинчи бир шахс вақф мулкидан вақфномада қайд этилган мақсадларда фойдаланилаётганлигини аниқлаш учун вақф мулкини бошқариш ҳуқуқини сақлаб қолиши мумкин. Ўз мулкини вақф мулки сифатида топширган шахснинг фарзандлари ёки бошҳа авлодлари мазкур вақф мулкидан келадиган даромадлардан нафақа олиб туриши мумкин. Вақф мулкини шариат қонуни бўйича давлат бошлиғи ёки қози назорат қилади. Бу тартиб Шарқнинг баъзи мамлакатларида ҳозир ҳам амалда. 

Президент фармонида ҳам ушбу жиҳатга тўхталиб ўтилган. “Вақф” хайрия жамоат фондининг асосий вазифалари сифатида  масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳларни сақлаш, таъмирлаш, ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини янада ривожлантириш, диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш, уларнинг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимларини, хусусан имом-хатиблар, имом ноиблари, мутаваллилар, муаззинларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, етук олим ва уламолари қаламига мансуб диний-маърифий асарларни чоп этиш ва аҳолига етказишга кўмаклашиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш келтириб ўтилган. 

“Вақф” хайрия жамоат фондига фуқаролардан закот, фитр ва бошқа хайрия маблағлари Фонднинг алоҳида ҳисоб рақамида тўпланади ва юқорида келтириб ўтилган хайрли ишлар учун сарфланади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тошкент ислом институтида “Хатмона – 2026” тадбири бўлиб ўтди (фото)

25.06.2026   594   3 min.
Тошкент ислом институтида “Хатмона – 2026” тадбири бўлиб ўтди (фото)

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2025-2026 ўқув йилининг 49-битирувчиларини кузатишга бағишланган “ХАТМОНА – 2026” байрам тадбири юқори савияда ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан бошланган ушбу тантанали маросимда соҳа раҳбарлари, уламолар, давлат ташкилотлари масъуллари ҳамда муҳтарам меҳмонлар иштирок этди. 


Тадбирни очиб берган Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров битирувчиларни ушбу қувончли кун билан қутлаб, уларнинг келгуси илмий ва амалий фаолиятларига муваффақият тилади. Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Хомиджон домла Ишматбеков, Президент Администрацияси масъул ходими Эргаш Даминов, Диний идора раиси ўринбосари, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов ҳамда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусовлар сўзга чиқиб, юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ёшлар таълим-тарбияси ва малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига тўхталди ҳамда илм аҳли зиммасидаги юксак ва шарафли масъулиятни таъкидлаб, дуои хайрлар қилдилар. 


Қувончли ва унутилмас воқеаларга бой бўлган тадбир доирасида йил давомида илмий-педагогик, маънавий-маърифий ва ижтимоий соҳаларда алоҳида фаоллик кўрсатган бир гуруҳ устозлар ҳамда иқтидорли талабалар муносиб тақдирландилар. Жумладан, Дин ишлари бўйича қўмита раиси номидан Абдуқодир Пардаев “Ижтимоий тармоқларда Раддия йўналишида энг кўп чиқиш қилган профессор-ўқитувчи”, Аслиддин Мирзамиддинов “Энг фаол тарғиботчи” ҳамда талаба Фазлиддин Шамиев “Фидойи ва жонкуяр талаба” номинациялари билан мукофотланди.


Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари томонидан фан ойлигини юқори савияда ташкил этганлари учун кафедра мудирлари Юсуфхон домла Абдураҳимов ва Улуғбек домла Ҳасанов, мўътабар китоблар хатмидаги фаоллиги учун Раҳматуллоҳ домла Махсумхонов ва Соатмурод домла Примов, намунали тўгарак фаолияти учун Фарҳод домла Жўраев ҳамда халқаро Қуръон мусобақаларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган талаба Сирожиддин Жалиловлар ташаккурномалар билан тақдирланди. 


Тадбир якунида институтда барча фанлардан аъло баҳоларга ўқиб, намунали хулқи ва фидойилиги билан ажралиб турган битирувчилар Муҳаммаджон Одилов, Абдумажид Собиров ва Боймурод Муҳаммадиевларга институт ректори томонидан имтиёзли диплом ва ташаккурномалар тантанали равишда топширилди. 

***

Шу куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Тошкент ислом институтида хотин-қизлар бўлими битирувчиларига бағишланган “Хатмона – 2026” тантанаси бўлиб ўтди. Қуръон тиловати билан бошланган тадбирда институт раҳбарияти, Дин ишлари бўйича қўмита ва Диний идора масъуллари ҳамда пойтахт отинойилари иштирок этиб, ёш олималарни қутлади ва келгуси диний-маърифий фаолиятларида зафарлар тиладилар. Аҳамиятлиси, бу йил институт тарихида илк бор магистратура босқичини тамомлаган икки нафар аёл талаба ҳам дипломга эга бўлди.


Маросим доирасида таълимда юқори натижа кўрсатган қизларга имтиёзли дипломлар, тўрт йиллик сарҳисоб видеороликлари ва эсдалик совғалари тақдим этилди. Шунингдек, Қуръони каримни бир ўтиришда ёддан ўқиб берган 4 нафар мураттаб қорияга рамзий тож кийдирилди ҳамда икки йил давомида “Саҳиҳи Бухорий” китобини тўлиқ хатм қилган битирувчиларга устозлари томонидан махсус ижозалар топширилди. Тадбир якунида дину эл хизмати йўлида дуои хайрлар қилинди. 


Барча битирувчиларни ушбу муборак айём билан қутлаб, динимиз ва халқимиз равнақи йўлидаги келгуси хизматларида улкан зафарлар тилайди. 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

 

Тошкент ислом институтида “Хатмона – 2026” тадбири бўлиб ўтди (фото) Тошкент ислом институтида “Хатмона – 2026” тадбири бўлиб ўтди (фото) Тошкент ислом институтида “Хатмона – 2026” тадбири бўлиб ўтди (фото) Тошкент ислом институтида “Хатмона – 2026” тадбири бўлиб ўтди (фото) Тошкент ислом институтида “Хатмона – 2026” тадбири бўлиб ўтди (фото) Тошкент ислом институтида “Хатмона – 2026” тадбири бўлиб ўтди (фото) Тошкент ислом институтида “Хатмона – 2026” тадбири бўлиб ўтди (фото) Тошкент ислом институтида “Хатмона – 2026” тадбири бўлиб ўтди (фото) Тошкент ислом институтида “Хатмона – 2026” тадбири бўлиб ўтди (фото)
Ўзбекистон янгиликлари