Ҳозирги кунга келиб турли диний оқим ва фирқалар “Аҳли сунна вал жамоа” мусулмонларини адашган, куфр ва ширкда айблаб, ўзлари ҳақлигини иддао қилиб, уларга қўшилишни ва ҳақиқий Исломда бўлишни иддао қилмоқдалар. Шулардан бири сохта “Салафийлик” оқими аъзоларидир.
Бундай оқим ва фирқалар қандай номланмасин, уларнинг фикри ва эътиқодлари деярли бир хил. Ўзларига эргашмаганларни залолатда, куфр диёрида истиқомат қилади, ҳижрат қилиш фарз каби ботил даъволар билан баъзи бир саводи йўқ ёки динга қизиққан инсонларни миясини заҳарлаб ўз сафларига қўшишга ҳаракат қилмоқдалар. Улар бу йўлда ҳар қандай йўл билан, ҳатто ҳозирги кунда жуда фаоллик билан ривожланаётган алоқа воситалари, жумладан интернет орқали ҳам кенг тарғибот ишларини олиб боришмоқда.
Аввало, салафийлар ким ва нима учун улар ўзларини “Салафийлар” деб номлашмоқда? Шу ҳақида маълумотга эга бўлсак.
«Салаф» сўзи араб тилида «аввалда ўтганлар, ўтмишда яшаганлар», «Салафий» – «ўтмишда ўтган аждодлар йўлидан борувчи» маъноларини беради.
Истилоҳда эса «Салаф» Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тарафларидан мақталган, илк ҳижрий уч аср авлодлари ҳисобланади. Шу даврда яшаб ўтган саҳобалар, тобеъинлар ва табаъа тобеъинлардан иборат олимлару фозиллар, мужтаҳид уламоларини “салафи солиҳлар” деб аталади. Абу Ҳанифа ва бошқа ўрта асрларда ўтган муаллифлар асарларида бу сўз айнан мана шу маънода, яъни «ас-салаф», «ас-салаф ас-солиҳ» (ўтган солиҳ аждодлар) шаклларида келади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг муборак ҳадисларида: “Инсонларнинг энг яхшиси менинг асрдошларим. Сўнгра уларга яқин бўлганлар (тобеъин)дир. Сўнгра, улардан яқин бўлганлар (табаъа тобеъин)дир. Улардан кейин ёлғончилик тарқаб кетади. Ҳатто бирор кишики, ундан гувоҳлик сўралмасада (ёлғондан) гувоҳлик бераверади, ундан қасам ичишлик сўралмасада (ноўрин) қасам ичаверади” деганлар.
Шу ҳадисга биноан Ислом оламида дастлабки уч асрда яшаб ўтган мусулмон авлодларини энг яхши солиҳ инсонлар деб эътироф этилади. Бугунги кунда машҳур тўртала мазҳаб- Ҳанафий, Моликий, Шофиъий ва Ҳанбалий мазҳаби асосчилари ва уларнинг асҳоблари айни юқоридаги ҳадисда айтиб ўтилган авлод вакиллари ҳисобланадилар. Улардан кейинги давр вакилларини. Олимлари, фозилу авлиёларига ҳам “салафи солиҳ”, “салафий” деган атама ишлатилмайди.
Сўнгги йилларда “салаф солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мусулмон жамиятларини илк ислом даври ҳолатига қайтаришни тарғиб қилувчи мутаассиб, сохта салафийлар пайдо бўлганини алоҳида қайд этиш лозим.
Улар исломий аҳком ва фатволарни ҳар бир замон тақозосига қараб эмас, балки ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мувофиқ равишда ҳаётга татбиқ этишни иддао қилган оқимдир. Бу оқим араб ва ислом мамлакатларида тарқалган бўлиб, Маказий Осиёга ҳам кириб келмоқда.
Бу оқим тарафдорлари ислом динининг ҳар бир замон ва ҳар бир маконга мослаша олишини тан олмайдилар. Ўн тўрт асрдан бери исломнинг забардаст олимлари, фақиҳу мужтаҳидлари, мўътбар тўртта мазҳаб соҳиблари қабул қилган фатволарни тан олмайдилар ва уларга қарши чиқадилар.
Сохта салафийликнинг асосчиси сифатида ҳижрий еттинчи асрнинг охирларида Суриялик Аҳмад ибн Таймия бошчилигида, асосан аҳли сунна имоми- Абу Мусо ал Ашъарий (р.а) томонидан талқин қилинган ақоидий ислоҳотларни рад қилишлик билан ўртага чиқганини кўришимиз мумкин. Ибн Таймия умри давомида ўзининг агрессив қарашлари туфайли тўрт марта қамоқ жазосига тортилган ва 1328 йилда қамоқхонада вафот этган.
Сохта “салафийлар”нинг фикрича, Расулуллоҳнинг муборак қабрларини зиёрат қилиш бидъат ва залолатдир (ваҳоланки ибн Таймиягача бўлган давр, яъни қариб саккиз асрдан бери бутун Ислом оламида жорий бўлган энг улуғ зиёратлардандир). Шунингдек Расулуллоҳнинг туғилган кунлари, яъни мавлиди шарифни нишонлаш ҳам бидъат ва фойдасиздир, яна Расулуллоҳдан қолган асори атиқаларни сақлаш, асраб авайлаш эса гўёки ширкдир. “Салафийлар”нинг тасаввурида юқоридаги каби азиз ва мўътабар нарсалар жоҳилият давридаги буд-санамларга сиғинишдек тенглаштирилади.
“Салафийлар”нинг бу каби қарашлари ўз даврида катта фитна ва янгилик бўлишига қарамасдан, уларнинг тарафдорлари жуда кўп эди. Сабаби, ибн Таймиянинг кучли тақво ва илм соҳиби бўлган ва ҳанбалийлик мазҳабига мансуб оилада вояга етгани бўлди. Шу сабаб ҳам унга эргашганлар кўп бўлди. Натижада унинг адашувини кўпчилик пайқамай қолди. Унинг фатволари кўпчилик мухлислари томонидан қабул қилинарди. Охири эса уни “мужаддид”(динни янгиловчи), “шайхул ислом” деган лақаблар билан атай бошладилар. Аслида эса, Ибн Таймия мужаддид ҳам, асл салафий ҳам бўлмаган. Унинг кейинги пайдо қилган “салафийлик” мазҳаби ҳам ҳеч қандай салафи солиҳларнинг йўлларига тўғри келмайди. Балки, мусулмонлар жамоасидан ажраб чиқган адашган бир кичик мутаассиб оқим бўлган холос.
Муроджон МИРСОАТОВ
Сирдарё туман “А. Яссавий”
жоме масжиди имом-хатиби
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
عن جابر بن عبد الله رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:
« المجالس بالأمانة إلا ثلاثة مجالس: سفك دم حرام، أو فرج حرام، أو اقتطاع مال بغير حق »
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мажлислар омонатдир. Фақат уч мажлис бундан мустасно: ноҳақ қон тўкиш, ҳаром шаҳвоний алоқа (зино) ва ноҳақ молни тортиб олиш ҳақидаги мажлислар” (Имом Абу Довуд ривояти).
“Мажлислар омонатдир”, яъни одамлар йиғилган ҳар қандай мажлисда айтиладиган гаплар омонат ҳисобланади. Агар суҳбатдошлар маълум бир гапнинг сир сақланишини истасалар ёки вазият шуни тақозо этса, у ҳолда у гапни бошқаларга тарқатиш жоиз эмас.
Бунга қуйидагилар киради: шахсий сирлар; оилавий маслаҳатлар; ишхона ёки ташкилот йиғилишлари; давлат ишларига оид махфий суҳбатлар; фақат иштирокчиларга тегишли бўлган маълумотлар.
“Омонат” дегани фақат мол-мулкни сақлаш эмас, балки сирни, маълумотларни ва эшитилган гапни ҳам сақлашни ўз ичига олади.
Нима учун мажлис омонат деб аталган? Чунки одамлар бир-бирига ишониб, эркин маслаҳатлашиши ва дардини айтиши учун уларнинг гаплари ташқарига чиқмаслиги зарур. Агар мажлисда ёки бирор йиғинда қатнашган киши эшитганларини бошқаларга тарқатаверса, одамлар бир-бирига ишонмай қўяди, ғийбат ва чақимчилик кўпаяди, муносабатлар бузилади, жамиятда ўзаро ишонч йўқолади. Шу боис солиҳ салафлар мажлис сирини ошкор қилишни омонатга хиёнат деб ҳисоблашган.
“Фақат уч мажлис бундан мустасно...” яъни баъзи ҳолларда сир сақлаш мумкин эмас. Агар бир киши: “Мен фалончини ўлдирмоқчиман ёки унга зарар етказмоқчиман” деса ва унинг бу иши жиддий экани маълум бўлса, уни яшириш жоиз эмас. Балки қотилликнинг олдини олиш учун тегишли масъулларни ёки ҳуқуқни музофаза қилувчи ташкилотлар вакилларини огоҳлантириш шарт.
“Ҳаром шаҳвоний алоқа (зино)”. Агар бир киши зино қилиш ёки бировнинг номусига тажовуз қилиш нияти борлигини билдирса, бу ҳақда ҳам сукут қилиш мумкин эмас. Бундай ҳолда жабрланувчини ёки бунинг олдини оладиган масъул шахсларни огоҳлантириш лозим бўлади.
“Ноҳақ молни тортиб олиш”. Агар кимдир ўғрилик, фирибгарлик қилишни, бировнинг ҳақини тортиб олишни режалаштираётганини айтса, бу сирни ҳам сақлаб туриш жоиз эмас. Чунки бу бошқаларнинг ҳақига тажовуздир.
Хўш, шундай вазиятга дуч келган киши қандай йўл тутиши лозим?
Аввало, ўша одамга насиҳат қилинади ва Аллоҳдан қўрқиши эслатилади. Агар у фикридан қайтмаса ва хавф ҳақиқий бўлса, зарарнинг олдини олиш учун тегишли шахсларга хабар берилади. Бу хабар бериш фақат жиноятни тўхтатиш бўлиши керак, одамни шарманда қилиш ёки обрўсини тўкиш эмас.
Хулоса қилиб айтганда, барча ҳадислар каби мазкур ҳадис ҳам мўмин-мусулмонларга жуда муҳим ахлоқий қоидани ўргатади: мажлисда эшитилган гаплар омонат ҳисобланади ва уларни эгасининг розилигисиз тарқатиш асло мумкин эмас. Бироқ агар бу сирни сақлаш оқибатида инсоннинг жонига, номусига ёки мол-мулкига катта хавф туғилса, зарарнинг олдини олиш учун шу ҳақда хабар бериш баъзи ҳолларда вожиб бўлади. Шу тариқа Ислом ҳам омонатни сақлашни, ҳам одамларнинг ҳаёти, номуси ва мол-мулкини муҳофаза қилишни таъминлайди.
Манбалар асосида
Т.НИЗОМ тайёрлади.