Ислом Малайзияда муҳим аямиятга эга дин ҳисобланиб, ушбу мамлакатдаги масжидлар ўзининг гўзаллиги билан ажралиб туради. Қуйида Малайзиядаги энг гўзал масжидлар ҳақида маълумот берилади..
Жамек масжиди

Жамек масжиди “Жума масжиди” номи билан ҳам машҳур бўлиб, 1907 йилда Куала-Лумпурдаги қабристон ўрнида барпо этилган. Масжид Кланг ва Гомбак дарёларининг қўшилиш жойида жойлашган. Масжиднинг уч йирик гумбази ва икки минораси мавжуд.
Путра масжиди

Путра масжиди Путражая кўли бўйича жойлашган бўлиб, энг кўп зиёратчилар ташриф буюрадиган маскан ҳисобланади. Ушбу масжиднинг қурилиш дизайни Бағдоддаги Шайх Умар масжидига ўхшаш шаклда яратилган. Асосий гумбазнинг диаметри 36 метрни ташкил этиб, уни 12 та устун тутиб туради.
Федерал ҳудуд масжиди

Федерал ҳудуд масжиди давлат идоралари билан бир ҳудудда жойлашганлиги ва усмонийлар даври архитектураси асосида барпо этилгани билан ажралиб туради. Масжиднинг 22 та гумбази бор ҳамда бу ерда бир вақтнинг ўзида 17 минг мусулмон намоз ўқиш олади.
Малакка бўғозидаги масжид

Малакка бўғозидаги масжид Малакка шаҳридаги соҳилга яқин денгизда барпо этилган. Унинг 30 метрли минораси денгизчилар учун маёқ вазифасини ҳам бажаради.
Султон Салоҳиддин Абдул Азиз масжиди

Ушбу масжид Шоҳ Алам шаҳрида жойлашган бўлиб, кўк рангли гумбази сабаб Қўк масжид сифатида машҳурдир. Ушбу масжид Жанубий-шарқий Осиёдаги энг катта масжид ҳисобланади. Энг йирик гумбаз ва минораларга эга масжид Яқин Шарқ ва малай услубларини ўзида мужассам этган.
Тенгку Тенгах Захара масжиди

Тенгку Тенгах Захара масжиди Малайзиядаги биринчи сув ичида қурилган масжиддир. У Куала-Теренггану шаҳрида жойлашган бўлиб кўл ичида қурилган.
Кота-Кинабалу шаҳри масжиди

Кота-Кинабалу шаҳри масжиди Мадинадаги Пайғамбар масжидига ўхшаш услубда қурилган. Масжидда бир вақтнинг ўзида 12 минг киши намоз ўқиши мумкин.
Султон Абу Бакар масжиди

Султон Абу Бакар масжиди Жоҳар-Бару шаҳрига яқин жойдаги тоғ чўққисида жойлашган. Қурилиш материаллари Туркия, Чехия, Италиядан олиб келинган бўлиб, минорасининг тузилиши британ соатли минораларини эслатади.
Капитан Келинг масжиди

Капитан Келинг масжиди 1801 йилда ҳиндистонлик бўлган мусулмонлар томонидан Пенанга мавзесида қурилган.
Ал Бухорий масжиди

Ал Бухорий масжиди Алор-Сетар шаҳрида жойлашган бўлиб, буюк муҳаддис номи билан аталувчи мажмуанинг бир қисми ҳисобланади. Мажмуа таркибида тиббиёт маркази, жамоатчилик маркази, қариялар уйи, болалар уйи ва ўқув маркази киради.
Биллур масжид

Биллур масжид ўзининг шаклига кўра Малайзияда ягона ҳисобланади. У Вон Мэн оролидаги слом мероси боғида жойлашган. Масжид бетон қоришмасидан қурилган ва шиша билан қопланган. Шиша гумбаз масжид ҳуснига ҳусн қўшади.
Убудия масжиди

Куала-Кангсар шаҳри аҳолисига хизмат кўрсатувчи Убудия масжиди ўзининг тилларанг гумбази ва саккиз қиррали биноси билан ажралиб туради.
ЎМИ Матбуот хизмати
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.
Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этилган. Ташриф давомида Самир Пол Капур исломгача бўлган давр цивилизацияларидан тортиб, Янги Ўзбекистон даврига қадар бўлган тарихий жараёнларни акс эттирувчи галереялар, буюк алломаларнинг илмий-маърифий мероси, ноёб қўлёзмалар, муқаддас ёдгорликлар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар билан яқиндан танишди.
Меҳмон экспозицияларнинг мазмунан изчиллиги ва тарихий жараёнларни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этиш усулига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ерда музей экспонатлари орқали ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланиб қолмай, тарихий даврлар руҳини ҳис қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликни англаш имкони ҳам мавжуд.
Самир Пол Капур ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:
«Бу муҳташам маскан. Ислом тарихи ва маданиятининг асрлар давомидаги тараққиёти билан яқиндан танишиш мен учун унутилмас тажриба бўлди. Бу ерда тарихни шунчаки китоб саҳифалари орқали эмас, балки ўз кўзингиз билан кўрасиз, уни ҳис қиласиз ва гўё ўша даврларнинг ичида бўласиз. Шу боис ушбу ноёб масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ёшларга ҳам бу ерга келишни албатта тавсия қиламан. Чунки бу маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки ўтмиш билан келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш имконини беради. Мен учун энг эсда қоларли лаҳзалардан бири Қуръони каримга бағишланган голографик намойиш бўлди. У менда катта таассурот ва ҳаяжон уйғотди.
Менимча, бу даргоҳ ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриб, ана шу бой ва бебаҳо мерос билан шахсан танишиши лозим».
Пол Капурнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти унинг тарихий меросни намоён этиш билангина чекланмайди. Ушбу маскан ёш авлод учун ўтмиш сабоқларини англаш, илм-фан ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрнини ҳис этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш учун ҳам муҳим маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.
Ташриф якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари юксак эканини қайд этиб, ушбу маскан бой тарихий меросни замонавий музей технологиялари ва таъсирчан тақдимот усуллари орқали жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати