Исмлари Омир ибн Абдуллоҳ ибн ал-Жарроҳ ибн Ҳилол ибн Уҳайб ибн Заббат ибн Ҳорис ибн Фиҳр бўлиб, насаблари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Фиҳрда бирлашади. Милодий 584 йили Маккада таваллуд топган. Тириклигида жаннат башорати берилган ўн саодатманд саҳобанинг бири, яъни Ашараи Мубашшарадан. Абу Убайда розияллоҳу анҳу баланд бўйли, очиқ юзли, кўркам, гавдали, сийрак соқолли, ёноқлари бир оз бўртиб чиққан, теран фикрли, мулойим, ғоят ихлосли инсон бўлган. Ислом тарихида шижоатли, ўта жасур жангчи, буюк саркарда, одил, ҳаёли, ишончли киши сифатида танилган. Ҳижратнинг 18 (милодий 639) йили Шомда тарқалган бир касалликдан Ўрдунда вафот этган, қабри Амё қишлоғида.
Ориф АҲМЕДОВ,
Сирдарё вилояти вакиллиги ходими
ЎМИ Матбуот хизмати
Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур”, (Талоқ сураси, 2-оят).
Изоҳ:
- Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ояти кариманинг “чиқиш йўли” қисмини “дунё ва охиратдаги ҳар турли ташвишлардан уни қутқаради”, деб тафсир қилганлар.
- Али ибн Солиҳга кўра, “чиқиш йўли” Аллоҳ таолонинг ўша бандага ризқ бериш билан уни хушнуд этишидир.
- Калбий оятни бундай тафсир қилади: “Ким мусибат пайтида сабр қилиб, Аллоҳдан қўрқса, Парвардигор унга дўзах оташидан жаннат сари бир чиқиш йўли кўрсатади”.
- Абул Олия оятни: “Турли машаққат ва ташвишлардан чиқиш йўли”, дея шарҳлаган бўлса,
- Рабиъ ибн Ҳайсам: “Одамни сиқадиган ҳамма нарсадан унга чиқиш йўли кўрсатади”, шаклида тафсир қилган.
- Ҳусайн ибн Фазлга кўра, оят тафсири бундай: “Ким фарзларни адо этиш борасида Аллоҳдан қўрқса, Аллоҳ унга жазоланишдан қутулиш йўлини кўрсатади”.