Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Март, 2026   |   29 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:12
Қуёш
06:30
Пешин
12:36
Аср
16:45
Шом
18:37
Хуфтон
19:49
Bismillah
18 Март, 2026, 29 Рамазон, 1447

Ҳаётимиз муҳофазаси

08.04.2018   5025   2 min.
Ҳаётимиз  муҳофазаси

Йўл оммага тегишли, бинобарин, унга зарар етказиш мумкин эмас. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Йўлга ўз ҳақини беринг­лар», деб марҳамат қилдилар. У зот йўловчиларнинг ҳақини эътиборга олиб, йўл ўртасида намоз ўқишдан қайтардилар, сафарларида бирор жойда тўхтаганларида бошқа йўловчиларга халақит бермаслик чора-тадбирларини кўрдилар.

Жамиятнинг саломатлигини тўлиқ таъминлашга хизмат қилувчи ҳукмларни фуқаҳолар Қуръон ва ҳадис маънолари асосида ишлаб чиқишган. Баъзи уламолар бу фиқҳий қоидаларни ўн еттита деса, бошқалари уни тўрттага қисқартиришган. Изз ибн Абдуссалом уларни иккига жамлаб, «манфаатни жалб қилиш» ва «зарарни даф этиш» қоидалари билан изоҳлаган. Айрим мутааххир уламолар буни ҳам қисқартириб: «Манфаатни жалб қилиш барча шаръий аҳкомларга асосдир, чунки зарарни қайтариш ҳам манфаатни жалб қилиш ҳисобланади», деганлар.

Йўл-танспорт ҳодиса­ларининг олдини олишдан мақсад ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдаларнинг ҳаёти ва саломатлигини сақлаш, автомобилларни турли талофатлардан асраш, яъни, инсоннинг жонини ва молини муҳофаза этишдир. Зеро, бундай ҳодисалар инсонларнинг ҳаётига зомин бўлиши, саломатлигига путур етказиши, шунингдек, ортиқча сарф-харажатларга олиб келиши ҳам мумкин. Йўл ҳаракати қоидалари инсон ҳаётини сақлашни таъминлашга қаратилган. Ислом шариатининг талаб ва мақсади ҳам айни шу.

Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаган киши, аввало, ўзининг жону молини хатарга қўйган бўлади. Бу эса Ислом динида ҳаром амал ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади: «Ўзингизни ҳалокатга ташламанг» (Бақара, 195). Уламоларимиз йўл ҳаракати қоидалари Ислом шариатининг талаб ва мақсадларига хизмат қилишини, уларга ҳамоҳанг эканини таъкидлайди ва уларга амал қилишни вожиб дейишади. Шунинг учун ҳам, барча ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдалар йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишлари, уларга хилоф иш тутмасликлари зарур.

Динимиз аҳкомларида инсоннинг дини, жони, шаъни, ақли ва молининг ҳимояси мақсад қилинган. Зеро, умримиз мазкур нарсалар устига бино қилинган бўлиб, ўшаларнинг тўлиқ муҳофаза этилиши, дахлсизлиги, уларга нисбатан ҳар қандай тажовузнинг бартараф этилиши билан фаровон ва осойишта кечади.

 

Ҳасанхон

АБДУМАЖИДОВ,

 Тошкент Ислом институти

4-босқич талабаси

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Рамазонда тўғри овқатланиш

12.03.2026   7404   4 min.
Рамазонда тўғри овқатланиш

Рамазон ойи — нафақат руҳий покланиш, балки соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш, танани тартибга солиш ва умумий соғлиқни яхшилаш учун айни вақтда яхши имкониятдир. Бу ойда рўза тутиш орқали нафсни тийиш, сабр ва шукр қилиш муҳим бўлса, соғлом овқатланишнинг аҳамиятини ҳам унутмаслик керак. Саҳарлик ва ифторликда тўғри овқатланиш рўзани енгил тутиш, ҳолсизлик, қон шакарининг пасайиши ва ошқозон муаммоларининг олдини олишда муҳим роль ўйнайди.

Саҳарлик рўзага қувват

Саҳарлик кун давомидаги энергия манбаи, рўзадор учун кун бўйи қувват бериб, рўзани енгил тутишга ёрдам беради. Шунинг учун саҳарликни ўтказиб юбориш организмга жуда катта салбий таъсир кўрсатади.

Саҳарликда тавсия этиладиган маҳсулотлар:

  • Мураккаб углеводлар: Сули ёрмаси, қора нон, гречка, овқатни секин ўзига сингдирадиган углеводлар.
  • Оқсилга бой маҳсулотлар: Тухум, творог, қатиқ, йогурт ва бошқа оқсил манбалари.
  • Фойдали ёғлар: Ёнғоқ, бодом, чиа уруғи ва авокадо (қон томирлари учун фойдали).
  • Мева ва сабзавотлар: Банан, хурмо, бодринг, карам, помидор (организмга минерал ва витаминларни таъминлайди).
  • Сув: Кун давомида организм сувга эҳтиёж сезади, шунинг учун етарли миқдорда сув ичиш керак.

Саҳарликда тавсия этилмайдиган маҳсулотлар:

  • Жуда шўр ва аччиқ таомлар: Бу чанқоқни кучайтиради ва ичак фаолиятини бузади.
  • Қовурилган ва ёғли овқатлар: Уларнинг юқори калорияси рўза тутишни қийинлаштиради.
  • Газли ичимликлар: Газли ичимликлар ошқозонни бузади.

Саҳарликни бомдод намозига яқин вақтда, иложи борича кечиктириб истеъмол қилиш суннат ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарликда барака бор”, деганлар.

 

Ифторликни қандай бошлаш керак?

  1. 1-3 дона хурмо ва сув – бу суннатга мувофиқ бўлиб, қондаги шакар миқдорини тезда кўтаришга ёрдам беради ва овқат ҳазм қилишни яхшилайди.
  2. Шўрва ёки салат – овқатни енгил овқатлар билан бошлаш тананинг секинлик билан қайта тикланишини таъминлайди.

 

Ифторликда қўлланиладиган қоидалар:

  • Бирданига кўп овқат еманг – Ошқозоннинг шикастланишини олдини олиш учун, овқатни оз-оздан ва эҳтиёткорлик билан истеъмол қилиш керак.
  • Секин ва яхшилаб чайнаб овқатланинг – бу ошқозонга енгиллик беради ва овқатнинг тўлиқ ҳазм бўлишини таъминлайди.
  • Ширинлик ва қовурилган таомларни чекланг – уларнинг калорияси юқори ва тананинг соғлигини бузади.
  • Ифтордан кейин дарҳол ётиб олманг – овқат ҳазм бўлишини таъминлаш учун вақт бериш керак.

 

Сув ичиш тартиби

Рамазон ойида сув ичиш режасига эътибор бериш жуда муҳим. Сувсизланишнинг олдини олиш учун, ифтор ва саҳарлик оралиғида 1,5–2 литр сув ичиш тавсия этилади. Сувни бир йўла эмас, балки бўлиб-бўлиб ичиш фойдали. Чунки бир вақтда кўп сув ичиш ошқозонга оғирлик қилади.

 

Тўғри саҳарлик ва ифторликнинг фойдали таъсири

Тўғри ташкил этилган саҳарлик ва ифторлик:

  • Ошқозон-ичак фаолиятини яхшилайди – соғлом овқатланиш, ҳазм қилишни нормаллаштиради.
  • Ортиқча вазн йиғилишини камайтиради – меъёрда овқатланиш, ортиқча вазнни йўқотишга ёрдам беради.
  • Қондаги шакар миқдорини меъёрда ушлаб туради.
  • Умумий тетикликни таъминлайди – соғлом овқатланиш жисмоний ва руҳий барқарорликни сақлашга ёрдам беради.


Хулоса

Рамазон нафсни тийиш, сабр ва шукр ойидир. Лекин бу ойда соғлиқни асраш ҳам муҳим ибодат ҳисобланади. Саҳарликни тарк этмаслик, ифторликда меъёрни сақлаш ва фойдали маҳсулотларни танлаш орқали рўзани енгил ўтказиш мумкин.

Шундай экан, ҳар бир мусулмон саодатга эришиш учун нафсни тарбиялаш ва соғлом турмуш тарзига ҳаракат қилиши керак.

Аллоҳ таоло, ҳар биримизга рўзаларимизни қабул қилсин ва бизни соғлом ҳолда ибодат қилишга муваффақ айласин!

 

Наргиза ТУЙЧИЕВА,
ЎМИ ҳамшираси.