Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Сентябр, 2025   |   7 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:59
Қуёш
06:18
Пешин
12:18
Аср
16:22
Шом
18:12
Хуфтон
19:24
Bismillah
29 Сентябр, 2025, 7 Рабиъус сони, 1447

Ҳаётимиз муҳофазаси

08.04.2018   4261   2 min.
Ҳаётимиз  муҳофазаси

Йўл оммага тегишли, бинобарин, унга зарар етказиш мумкин эмас. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Йўлга ўз ҳақини беринг­лар», деб марҳамат қилдилар. У зот йўловчиларнинг ҳақини эътиборга олиб, йўл ўртасида намоз ўқишдан қайтардилар, сафарларида бирор жойда тўхтаганларида бошқа йўловчиларга халақит бермаслик чора-тадбирларини кўрдилар.

Жамиятнинг саломатлигини тўлиқ таъминлашга хизмат қилувчи ҳукмларни фуқаҳолар Қуръон ва ҳадис маънолари асосида ишлаб чиқишган. Баъзи уламолар бу фиқҳий қоидаларни ўн еттита деса, бошқалари уни тўрттага қисқартиришган. Изз ибн Абдуссалом уларни иккига жамлаб, «манфаатни жалб қилиш» ва «зарарни даф этиш» қоидалари билан изоҳлаган. Айрим мутааххир уламолар буни ҳам қисқартириб: «Манфаатни жалб қилиш барча шаръий аҳкомларга асосдир, чунки зарарни қайтариш ҳам манфаатни жалб қилиш ҳисобланади», деганлар.

Йўл-танспорт ҳодиса­ларининг олдини олишдан мақсад ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдаларнинг ҳаёти ва саломатлигини сақлаш, автомобилларни турли талофатлардан асраш, яъни, инсоннинг жонини ва молини муҳофаза этишдир. Зеро, бундай ҳодисалар инсонларнинг ҳаётига зомин бўлиши, саломатлигига путур етказиши, шунингдек, ортиқча сарф-харажатларга олиб келиши ҳам мумкин. Йўл ҳаракати қоидалари инсон ҳаётини сақлашни таъминлашга қаратилган. Ислом шариатининг талаб ва мақсади ҳам айни шу.

Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаган киши, аввало, ўзининг жону молини хатарга қўйган бўлади. Бу эса Ислом динида ҳаром амал ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади: «Ўзингизни ҳалокатга ташламанг» (Бақара, 195). Уламоларимиз йўл ҳаракати қоидалари Ислом шариатининг талаб ва мақсадларига хизмат қилишини, уларга ҳамоҳанг эканини таъкидлайди ва уларга амал қилишни вожиб дейишади. Шунинг учун ҳам, барча ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдалар йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишлари, уларга хилоф иш тутмасликлари зарур.

Динимиз аҳкомларида инсоннинг дини, жони, шаъни, ақли ва молининг ҳимояси мақсад қилинган. Зеро, умримиз мазкур нарсалар устига бино қилинган бўлиб, ўшаларнинг тўлиқ муҳофаза этилиши, дахлсизлиги, уларга нисбатан ҳар қандай тажовузнинг бартараф этилиши билан фаровон ва осойишта кечади.

 

Ҳасанхон

АБДУМАЖИДОВ,

 Тошкент Ислом институти

4-босқич талабаси

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

“Буни ким қилди?”

25.09.2025   4638   1 min.
“Буни ким қилди?”

حدثنا العباس الدوري نا مالك بن إسماعيل نا موسى بن محمد الأنصاري أنا أبو إسحاق الشيباني عن الحسن بن سعد عن عبد الرحمن بن عبد الله بن مسعود عن أبيه قال: خرجت مع رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم فتنحى لحاجة له قال: وخرج علينا نمل فأذيننا فجعلنا نتبعهن فنحرقهن بالنار فلما جاء رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم عرفنا ذاك من وجهه فقال: من فعل هذا. قلنا: نحن يا رسول الله آذيننا فحرقناهن فقال: إنه لا ينبغي لأحد أن يعذب بالنار إلا رب النار.

 

Абдураҳмон ибн Абдуллоҳ ибн Масъуд отасидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам билан бирга чиқдим. У зот ҳожат учун четга чиқдилар.

Шу пайт чумолилар бизга ёпишиб, озор берди. Биз уларни олов билан куйдирдик.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам қайтганларида (ғазаблари чиққанини) юзларидан билдик.

У зот алайҳиссалом: “Буни ким қилди?” дедилар.


“Биз, ё Аллоҳнинг Расули. Бизга азият берди, шунинг учун уларни ёқиб юбордик”, дедик.

У зот алайҳиссалом: “Олов билан азоблашга фақат олов Роббисининг ҳаққи бор”, дедилар.

 

Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси