“Сохта салафийлар” оқимига мансуб бўлганлар исломдаги аҳком ва фатволарни ҳар бир замон тақозосига қараб эмас, ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мувофиқ равишда ҳаётга татбиқ этишни тарғиб қилувчи оқимдир. Бу оқим араб ва ислом мамлакатларида кўпроқ тарқалган бўлиб, Ўрта Осиёга ҳам кириб келмоқда. Унинг тарафдорлари ислом динининг ҳар бир замон ва ҳар бир маконга мослаша олишини тан олмайдилар. Ўн беш асрдан бери исломнинг етук алломалари, фақиҳу мужтаҳидлари қабул қилган фатволарга амал қилишга қарши чиқадилар.
Исломда “салаф” (арабча – “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар”) деганда, ҳадисларга кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ҳамда ундан кейинги икки асрда яшаган мусулмонлар тушунилади. Шунга кўра, ислом уламолари саҳобий, тобеин ва табъа тобеинларни “салафи солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” деб ҳисоблашда якдилдирлар. Улардан кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан “салаф” ёки “салафий”лар тушунчаларини ишлатиш мумкин эмас.
Сўнгги йилларда “салафи солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мусулмон жамиятларини илк ислом даври ҳолатига қайтаришни тарғиб қилувчи мутаассиб, сохта салафийлар пайдо бўлганини алоҳида қайд этиш лозим.
Тарихий маълумотларга қараганда, сохта салафийликнинг ақидавий, ҳуқуқий ва фалсафий асослари Ибн Таймия (1263-1328 й.) фаолияти билан боғлиқ экан. У умри давомида ўзининг қарашлари туфайли тўрт марта (1307, 1309, 1322 ва 1326 йилларда) зиндон жазосига тортилган ва 1328 йилда зиндонда вафот этган бу шахс ҳаракатнинг назарий асосларини белгилаб берганини барча мутахассислар эътироф этадилар.
Ибн Таймия таълимотида илгари сурилган ғояга кўра, гўёки асрлар давомида исломга турли бидъатлар кириб қолган ва жамият ҳамда мусулмонларнинг кундалик турмуш тарзи Қуръон ва суннатга асосланган ҳолда қатъий тартибга солиниши зарур экан.
Ўз даврида бу таълимотга қарши саҳиҳ маълумотлар асосида кўплаб асарлар битган ватандошларимиз ҳақида тадқиқот олиб борган Улрих Рудолфнинг “Ал-Мотуридий ва Самарқанд суннийлик илоҳиёти” асарида: “Ибн Таймиянинг Пайғамбар алайҳиссалом, саҳобий ва авлиёларнинг қабрини зиёрат қилиш ҳамда тавҳид, Аллоҳнинг макони, такфир ва бошқа ақидавий масалаларда ашъарийлик ва мотуридийликка зид фикрлари ўша давр мусулмон уламоларининг кескин норозилигига учраб, кўплаб раддиялар битилди, кескин кураш олиб борилди. Шундай бўлса-да, бундай ғоялар кейинчалик турли мутаассиб гуруҳ ва ҳаракатлар етакчилари мафкурасига асос бўлиб хизмат қилди. Уларнинг бу хатокор қарашларига аҳли сунна валжамоа уламолари муносиб раддиялар билдирганлар”. (Tошкент: Имом Ал-Бухорий халқаро жамғармаси, 2002. 143-б).
Жумладан, “сохта салафийлар” қуйидаги эътиқоддаги ғояларни илгари сурадилар:
– ҳар қандай янгиликни инкор этиш,
– тасаввуфни асло тан олмаслик,
– тавассул (восита орқали Аллоҳга мурожаат қилиш)ни куфр, деб ҳисоблаш,
– ўзларига эргашмаганларни “кофир” деб эълон қиладилар.
Уларнинг фаолияти натижасида “Пайғамбаримиз шафоатидан ҳеч қандай фойда йўқ”, деган ғоялар тарқалиб, саловотлар баён қилинган китоблар ёқиб юборилди, муқаддас зиёратгоҳлар вайрон қилинди.
Уларнинг адашган йўлда эканликларини билиш ҳар бир ақлли инсонга қийин эмас. Биз эса айнан мавзумизга доир жиҳатига тўхталамиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким бир инсонни кофир деб чақирса ёки Аллоҳнинг душмани деса, айтганидек бўлмаса, айтган сўзлари ўзига қайтади”.
Машҳур ватандошимиз Нажмуддин Умар Насафий ҳазратлари мазкур масала тўғрисида қуйидагиларни айтадилар:
“Катта гуноҳлар мўмин бандани иймондан ҳам чиқармайди, куфрга ҳам киргизмайди. Аллоҳ таоло Ўзига ширк келтиришни кечирмайди. Ундан бошқа катта ва кичик гуноҳларни эса хоҳлаган кимсадан кечиради. Кичик гуноҳга жазо бериши ҳам, агар ҳалол ҳисоблашдан бўлмаса, катта гуноҳни афв қилиши ҳам мумкин. Ҳалол санаш куфрдир. Пайғамбарлар ва солиҳ бандаларнинг катта гуноҳ аҳллари тўғрисидаги шафоатлари кўплаб хабарлар билан собитдир. Гуноҳи кабира содир этган мўминлар дўзахда абадий қолдирилмайди”.
Уларнинг яна бир қарашлари:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳамда саҳобалар ва азиз авлиёларнинг қабрларини зиёрат қилишни куфр деб ҳисоблайдилар. (Азимов А: Ахборот бюллетени. Tошкент. 2009. 8-б.)
Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга насиҳатларида қуйидагиларни айтганлар:
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади; Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта, барча амаллар ниятга қараб эътибор қилинади. Ҳар бир киши ўз ниятига етгусидир, …Бас, нимани ният қилса, ўшани эътиборга олинади”.
Ният қилиш луғатда “қасд қилиш ва ирода” маъноларини англатади.
Демак, қабр зиёрат қилаётганларнинг ниятига эътибор қилинади. Агар зиёратчининг нияти ўтганларни хотирлаш, уларга савоб йўллаш қолаверса, ўлимни эслаш, ундан ибратланиш бўлса, бу жуда савобли иш бўлади.
Салафийлик, ҳизбут таҳрир каби ёт оқимларнинг Худога ишонган бир инсонни куфрда айблаши, мўмин-мусулмонлар яшайдиган диёрларни куфр шаҳри деб эълон қилишлари натижасида Ислом умматлари ўртасида турли тафриқалар келиб чиқмоқда. Афсуски, билиб-билмай ушбу фирқаларнинг таъсир доирасига тушиб қолган баъзи ёшларнинг бундай хато йўлга кириб кетиши мумкин.
Мазкур оқим тарафдорлари ўзларининг бузуқ таълимотлари ила қабрларни зиёрат қилган одам мусулмончиликдан чиқади деган эътиқодда ҳатто бир пайтлар Мадинаи мунавварадаги саҳобаларнинг қабрларини ҳам оёқости қилишган. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақбараларини ҳам вайрон қилишга уриниб кўришган. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди уни зиёрат қилаверинглар. Зеро, у сизларга охиратни эслатади”, деганлар (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти). Ушбу ҳадисга кўра, қабрларни зиёрат қилиш мандуб (мустаҳаб амал)дир. Зероки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари Бақеъ қабристонига бориб маййитлар ҳаққига дуо қилардилар.
Шунингдек, сохта салафийлар тасаввуфни тан олишмайди, тавассулни куфр дейди, мазҳабларни инкор қилади, ўзларига эргашмаганларни ҳам кофирга чиқаришади. Сохта салафийлар жамиятни иккига: “мусулмон” ва “динсизлар”га ажратади. Бу билан бошқа диндагиларни душман санаб, динлараро адоват уйғотишга уринади. Улар нафақат бошқа дин вакилларига, балки шариат ҳукмларини улар ўйлагандек тўлиқ бажармаётган мусулмонларга нисбатан ҳам зўравонлик сиёсати олиб боради.
Бугунги кунимизда ҳар бир мусулмон якка тартибдаги ижтиҳод билан шуғулланиши керак, деган гап ҳам мутлақо асоссиздир. Имом Аҳмад айтади: “Ким динда тақлид йўқ деса, Аллоҳ ва Унинг расули олдида фосиқдир. Унинг сўзи суннат ва салафи солиҳлар қарашларини рад қилишдир”.
Мужтаҳид Абдуллоҳ ибн Ваҳб айтади: “Ҳадис илмлари, агар фиқҳ илми бўлмаса, адаштиради”.
Адашган фирқалар ўтган уч асрнинг тўғри йўлидан бирин-кетин четга чиқа бошлашди. Ҳар бир фирқа ҳақдан оғиб, ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида қадам ташлади. Одамларни ҳам фикру хаёли, соғлом эътиқодидан чалғитишга уринди. Бу билан улар, Аллоҳ таолонинг Анъом сураси, 153-оятида марҳамат қилган: “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинглар. Ва бошқа йўлларга эргашманглар. Бас, сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилган амрдирки, шояд тақво қилсангиз,” оятига хилоф иш тутди. Шу тариқа нафсу ҳавосига берилган, бидъат ва залолатга кўмилганлар тоифаси кўпайиб борди. Бу ҳолат асрлардан асрларга ўтиб ҳозирги кунимизда ҳам давом этмоқда.
Ибн Қайюм Жавзий “Иъломил мувқинин” китобида: “Киши, модомики унда ижтиҳод шартлари жамланган бўлмаса, яъни барча илмларни билмаса, унинг ўзича Қуръон ва ҳадисдан ҳукм олмоғи дуруст эмас”, дейди. Аҳмад ибн Мунодий айтади: «Бир киши Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳдан: “Бир киши юз минг ҳадисни ёдласа, фақиҳ бўладими?” деб сўраганида, у киши: “Йўқ”, дедилар. Ҳалиги киши: “Агар икки юз минг ҳадисни ёд олса-чи?”, деб сўради. Шунда имом яна: “Йўқ”, деб жавоб берди. У киши: “Уч юз минг ҳадис ёдласа-чи?”, деди. Имом: “Йўқ”, деди. “Тўрт юз минг ҳадис ёд олса-чи?”, деганида, “Унда фақиҳ бўлади”, деб жавоб берди».
Абул Ҳасан деди: «Мен отамдан: “Имом Ибн Ҳанбал қанча ҳадис ёдлаган эди?” деб сўраганимда, у киши: “Олти юз минг ҳадисни ёд биларди”, деди».
Абу Исҳоқ айтади: «Мен халифа Мансурнинг жоме масжидида имомлик қилганимда, шу масалани одамларга айтдим. Шунда бир киши: “Сиз ҳам шу миқдор ҳадис ёдлаганмисизки, бу ерда одамларга фатво айтиб турибсиз?” деди. Мен: “Йўқ, фақат шунча миқдор ҳадисни ёд билган кишиларнинг сўзлари билан фатво бераман”, дедим».
Бизнинг давримизда ҳам икки юздан ортиқ сохта салафийликка ўхшаш ёт оқимлар мавжуд экан. Сохта салафийликнинг ғоялари билан суғорилган ёки уларнинг издошларидан бири сифатида яқин 3-4 йил олдин хуруж қилган Ироқ ва Сурияда ўзларини Ислом давлати деб атаган ИШИДни мисол қилиш мумкин. Унга 1971 йил Ироқда туғилган Иброҳим ибн Аввод исмли кимса бошчилик қилган. Аммо ўзини Абу Бакр Бағдодий деб номлаб, “халифалик қуриш” шиори билан ҳокимиятни қўлга олишга уринди. Ачинарлиси, қандайдир қора кучлар таъсиридаги шу даъвоси билан Ислом учун жанг қилаяпмиз деб ҳар куни минглаб бегуноҳ мусулмонларни қатл қилиб, болалар, аёллар ва ҳатто қарияларни ҳам ўлдиришгача борди. Ироқ туризм ва қадимий ёдгорликлар вазирлиги маълумотларига кўра мамлакатда ИШИД ташкилоти бир йилдан камроқ вақт давомида 40 га яқин ноёб тарихий қийматга эга бўлган диний иншоотларни вайрон қилган. Уларнинг орасида қадимги масжидлар, насроний черковлари, бир нечта монастир ва ноёб обидалар ҳам бўлган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжатул вадоъда қилган хутбаларида шундай дедилар: “Шайтон ўзига ибодат қилинишидан сизларнинг бу ерларингизда умиди сўнди. Лекин бундан бошқа сизлар кичик ҳисоблайдиган ишларда унга итоат қилинишидан умиди бор. Энди эҳтиёт бўлинглар! Мен сизларга икки нарсани қолдиряпман: Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати! Уларни маҳкам тутсангиз ҳеч қачон адашмайсиз!” дедилар.
Аслида Имом Мотуридийдан олдин ҳам бир қанча “Мақолот” (мақолалар) китоблари ёзилган ва уларда асосан, Ислом динига мансуб турли фирқаларнинг қарашлари жамланган. Имом Мотуридийнинг “Мақолот” асарининг қўлёзма нусхаси ҳозирда Истанбулдаги “Kupriliy” кутубхонасида 856-рақам остида сақланмоқда.
Ақоид уламолари ёзган асарларида фақатгина адашган фирқаларнинг қарашларини келтириб “бу нотўғри” дейиш билан чекланмаганлар. Балки мазкур қарашларга бирма-бир нақлий ва ақлий далиллар асосида раддиялар қилганлар. Бу раддияларда Аҳли сунна валжамоанинг қарашлари тўғрилигини исботлаш билан бирга адашган фирқаларнинг хатога йўл қўйган жойларини ҳам баён қилганлар.
Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ “Баяну ваҳмил мўтазила” (Мўтазилий фирқасининг нотўғри тасаввури баёни), “Родду алал қаромита” (Қарматийларга раддия) каби адашган фирқаларнинг умумий қарашларидаги хатоларни баён қилувчи кўплаб асарлар ёзган.
Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг қилган энг улкан хизматларидан яна бири Аҳли сунна валжамоага қарши чиққан фирқаларнинг даъволарига умумий раддия қилишдан ташқари уларга батафсил раддиялар қилганидир. Яъни бу зот ўша пайтларда омма мусулмонларга ташвиш туғдириб турган мўтазилий етакчиларининг асарларига бирма-бир раддиялар ёзиб, уларни “очиқ майдон”да мағлуб қилган. Бунга у зотнинг қуйидаги асарлари яққол далилдир:
– Абу Муҳаммад Боҳилий мўтазилийнинг “Усулул хомса” (бешта асос) китобига “Родду усулил хомса” (“бешта асос” китобига раддия);
– Абулқосим Каъбий мўтазилийнинг “Таҳзийбул жадал” (илмий баҳсларни ўргатиш) китобига “Родду таҳзийбил жадал” (“илмий баҳсларни ўргатиш” китобига раддия);
– Абулқосим Каъбий мўтазилийнинг “Ваъийдул фуссақ” (Фосиқларга таҳдид) китобига “Родду “Ваъийдул фуссақ” (“Фосиқларга таҳдид” китобига раддия);
– Абулқосим Каъбий мўтазилийнинг “Аваилул адилла” (Дастлабки далиллар) китобига “Родду аваилил адилла” (“дастлабки далиллар” китобига раддия) каби асарлар ёзган.
Энг муҳими, имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари бўйича “Тавҳид” асарини ёзган. Бу асарда Аҳли сунна валжамоанинг ақоид борасидаги асосий қоидалари баён қилинган. Шунга кўра кейинчалик ёзилган Абул Муин Насафийнинг “Табсиротул адилла”, Умар Насафийнинг “Ақоидун Насафий” каби мотуридия мазҳаби қоидаларини баён қилувчи китоблар “Тавҳид” китоби асосида таълиф этилган асарлар ҳисобланади.
Ҳатто, Имом Мотуридийга у зотни яқиндан таниган уламолар ва шогирдлари томонидан мартабаларини намоён қилувчи кўплаб номлар берилганини айтиб ўтайлик:
– Имомул ҳуда (тўғри йўлга бошловчи);
– Имомул мутакаллимийн (калом илми олимлари пешвоси);
– Мусаҳҳиҳу ақоидил муслимийн (мусулмонларнинг ақидаларидан хатоларни даф қилувчи);
– Роису Аҳли сунна вал-жамоа (Аҳли сунна вал-жамоа бошлиғи);
– Носирус сунна ва қомиул бидъа (суннатни ҳимоя қилувчи ва бидъатни бостирувчи);
– Муваттиду ақоиди аҳлис сунна (Аҳли сунна ақидалари асосчиси).
Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 333 йилда тўқсон беш ёшлар атрофида Самарқандда вафот этган.
Ҳа, ботилдан сақланиш учун аввал уни таниш керак. Ботилни билмаган кимса ўзи сезмаган ҳолда унга аралашиб қолиши ҳеч гап эмас.
Хулоса қилиб айтар эканмиз, бугунги кунда авж олган сохта «салафийлик» ҳам уммат учун бало бўлган оқимлардан биридир. Ундан сақланиш ва қўшилиб қолмаслик учун бу ҳақда имкон қадар кўпроқ маълумотга эга бўлишимиз керак. Шу билан бирга, саҳоба, тобеин ва табаъа тобеинлар йўли бўлмиш Аҳли сунна валжамоа эътиқодини ҳам пухта билишимиз лозим! Аллоҳ таоло тўғри йўлдан тойдирмасин. Ҳақ аҳлига сабот, ботил аҳлига эса ҳидоят берсин!
Тошкент ислом институтининг 4-босқич
талабаси Азимжон Каримов
Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов билан суҳбат
– Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимизни инсон ҳаётида муҳим ўрин тутадиган, одамни борига рози бўлиб, йўғига сабр қилишга ундайдиган гўзал фазилат – қаноат ҳақида гаплашсак. Аввало, қаноат деганда нимани тушунамиз?
– Ваалайкум ассалом вараҳматуллоҳи вабаракотуҳ. Қаноат – инсонга берилган неъматларни қадрлаш, Аллоҳ таолонинг тақдирига рози бўлиш, бор нарсага шукр қилиш ва ҳалол йўл билан ҳаёт кечиришдир.
Қаноат – бу қўл қовуштириб ўтириш, меҳнат қилмаслик, бирор касбнинг бошини тутмаслик ёки “борига шукр” деб тараққиётдан ортда қолиб кетиш эмас. Мусулмон киши, ҳадиси шарифда таъкидланганидек, дунё ишларида ҳаракат қилади, ризқини излайди, касб-ҳунар ўрганади, оиласи учун меҳнат қилади. Аммо қалбида: “Менга берилган неъматнинг эгаси Аллоҳ таолодир”, деган эътиқодда бўлади.
Инсон қанча бой бўлмасин, агар қалбида қаноат бўлмаса, ўзини камбағал ҳис қилиши мумкин. Аксинча, мол-дунёси кўп бўлмаган инсоннинг қалби хотиржам, шукр қилувчи бўлса, у чинакам бойдир. Шу боис уламолар қаноатни қалбг бойлиги, деб таърифлашган.
– Ислом дининг асосий манбалари бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда қаноат ҳақида нима дейилгани ҳам ўқувчиларга қизиқ, албатта.
– Ҳа, шундай. Ислом таълимотида қаноат улуғ фазилат ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас” (Қасас сураси, 77-оят), деб марҳамат қилган.
Ислом дини инсонни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бахт-саодатга эриштирувчи дастуриламал, ҳаёт манҳажидир. Аммо динимизнинг асл моҳиятини, унинг таълимотлари барча замон ва маконларга мувофиқ келишини англаб етмаган кишилар уни таркидунёчиликка айлантириб қўядилар, динга амал қилиш учун дунёдан ажралиб чиқиш керак, деб ҳисоблайдилар. Ваҳоланки, Парвардигори олам инсонга ато қилган барча неъматлари ҳам охиратни, ҳам дунёдаги насибани излаш воситаси эканини айтмоқда.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Ҳурайра, парҳезкор бўл, одамларнинг обидроғи бўласан. Қаноатли бўл, инсонларнинг энг бойи бўласан. Ўзингга ёққанини одамлар учун ҳам яхши кўр, мўмин бўласан. Қўшнингга яхшилик қил, муслим бўласан. Кулгини кўпайтирма. Чунки кулгининг кўпи қалбни ўлдиради”, дедилар (Имом Ибн Можа, Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонни ўзига берилган неъматларни қадрлашга тарғиб этганлар.
Баъзан инсон ўзидан бойроқ кишига қараб: “Унинг машинаси бор, уйи катта, кийими яхши, имконияти кўп”, деб ўзини камбағал ҳис қилади. Лекин ўзидаги неъматларга қарамайди. Бошқа бир инсон эса касал бўлиб ётибди, соғликка муҳтож. Яна бири фарзандли бўлишни орзу қилади. Демак, биз кўпинча ўзимизда бор нарсаларнинг қадрини уларни бой бергачгина англаб етамиз. Шу боис мўмин инсон ҳар куни: “Аллоҳ таоло менга қанча неъматлар берган-а. Ўзига шукр”, деб ҳамду сано айтиши керак.
– Демак, қаноат инсоннинг бахтли яшашига ҳам сабаб бўлар экан-а?
– Албатта. Қаноат билан бахт ўртасида катта боғлиқлик бор. Бугунги кунда инсоннинг кўзи кўп нарсага тушади. Телефон, интернет, ижтимоий тармоқлар орқали бошқаларнинг ҳаётини кўрамиз. Кимдир янги машина харид қилганини, кимдир янги иморат қурганини, кимдир чет элга саёҳат қилганини кўрамиз.
Агар инсон ўз ҳаётини доимо бошқаларнинг ҳаёти билан солиштираверса, қалбида норозилик пайдо бўлади: “Нега менда йўқ? Нега унда бор? Нега унинг ҳаёти яхши?” деган саволлар кўпайиб боради. Бу эса инсоннинг хотиржамлигини йўқотади.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёвий масалаларда инсон ўзидан пастроқ ҳолатдаги кишиларга қарашини ўргатганлар. Яъни инсон ўзидан бойроқ кишига қараб ҳасрат қилмасдан, ўзидан камроқ имкониятга эга бўлган кишиларни кўриб, Аллоҳнинг неъматларига шукр қилсин.
– Айримлар қаноатли кишининг ҳаётга интилиши паст, деб тушунадилар. Бунга динимиз қандай қарайди?
– Бу қаноат тушунчасини нотўғри англашдан келиб чиқади. Мусулмон киши меҳнаткаш бўлиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳнат қилишга, ҳалол ризқ топишга тарғиб этганлар.
Деҳқон ерга уруғ сепиб, кейин “Аллоҳ ризқ беради”, деб уйида ўтирмайди. У ер ҳайдайди, уруғ сочади, суғоради, меҳнат қилади ва натижасини Аллоҳдан кутади. Тадбиркор ҳам ҳаракат қилади, талаба ўқийди, ҳунарманд ҳам меҳнат қилади. Қаноат шу ҳаракатдан кейин инсоннинг қалбидаги ҳолатдир. Яъни, қўлимиз меҳнатда, қалбимиз Аллоҳга боғланган бўлиши керак.
– Бугунги ёшлар орасида “кўпроқ пул топиш”, “бой бўлиш”, “қиммат машина олиш” каби мақсадлар кучайиб бормоқда. Бу ҳолатга қандай муносабат билдирасиз?
– Мол-дунёга эга бўлиш ёмон эмас. Ислом бойликни ҳаром қилмаган. Ҳаром қилингани – бойликнинг инсон қалбини эгаллаб олиши, уни ҳаромга бошлаши ва Аллоҳ таолонинг зикридан, тоат-ибодатидан унуттиришидир.
Ҳалол меҳнат билан бойиган инсон жуда кўп хайрли ишлар қилиши мумкин. Камбағалларга ёрдам беради, масжидлар ва мадрасалар қуради, илмга хизмат қилади, етимларни қўллаб-қувватлайди. Мол-дунё қўлда бўлса – неъмат, қалбда бўлса синовдир.
Ёшларимизга шуни ўргатишимиз керак: катта мақсад қўйиш мумкин. Аммо мақсад ҳалол бўлиши керак. Ризқ ҳалол бўлиши керак. Меҳнат ҳалол бўлиши керак. Энг муҳими, инсон дунёвий мақсадга эришаман деб охиратни бой бермаслиги лозим.
– Фарзандларимизга қаноатни қандай ўргатишимиз мумкин?
– Энг яхши тарбия намуна бўлишдир. Ота-она “қаноатли бўл” деб, ўзи доимо бошқаларнинг мол-дунёсини муҳокама қилиб юрса, бола гапга эмас, амалга қарайди. Фарзандларимизга кичиклигидан: “Нон – неъмат. Уни исроф қилма”, “Ота-онангнинг меҳнати қадрига ет”, “Бошқаларга ҳасад қилма”, деган тушунчаларни сингдириш керак.
Боланинг истаган ҳамма нарсасини муҳайё қилавериш тўғри эмас. Чунки инсон хоҳлаган нарсасига осонгина эришаверса, берилган неъматнинг қадрини билмай қўйиши мумкин. Баъзида фарзандга: “Ҳозир имконимиз йўқ, сабр қиламиз”, дейиш ҳам тарбия, ҳам унинг қаноатли бўлишига замин яратади.
– Қаноат билан тақдирга рози бўлишни қандай тушунтирган бўлардингиз?
– Мўмин киши Аллоҳ таолонинг тақдирига иймон келтиради. Лекин тақдирни баҳона қилиб, ўзининг зиммасидаги вазифаларини ташлаб қўймайди. Касал инсон: “Тақдир экан”, деб даволанишдан воз кечмайди. Ризқ излаётган киши меҳнат қилишни ортга сурмайди. Талаба ўқишни тўхтатмайди. Биз сабабларни қиламиз, натижасини Аллоҳдан кутиб яшаймиз. Агар натижа биз кутгандек бўлмаса, “Нега бундай бўлди?” деб Аллоҳнинг тақдирига норози бўлмаймиз. Мана шу ҳолат инсон қалбига катта хотиржамлик беради.
– Сўнгги савол: инсон қаноатли бўлиши ва шу фазилатга эга бўлиши учун нима қилиши керак?
– Бунинг учун, аввало, шукрни канда қилмаслиги керак. Ўзини ҳадеб бошқалар билан солиштирмаслиги зарур. Чунки ҳар кимнинг тақдири, ризқи ва ҳаёт йўли ҳар хил бўлади.
Ҳалол меҳнат қилиб, исрофдан тийилиши шарт. Инсон кўп нарсага эга бўлиш билан бахтли бўлиб қолмаймиз. Керакли нарса билан кифояланишни ўрганишимиз лозим.
Эҳтиёжманд инсонлар ҳолига қараш керак. Инсон ўзидан камроқ имкониятга эга кишиларни кўрса, ўзининг неъматларини янада чуқурроқ ҳис қилади.
Аллоҳ таоло билан муносабатимизни мустаҳкамлашимиз шарт. Намоз, дуо, Қуръон тиловати, зикр ва истиғфор инсоннинг қалбини поклайди. Қалби Аллоҳга боғланган инсон дунёвий нарсаларга ҳаддан зиёд боғланиб қолмайди. Ва ўшанда қиноат битмас хазина эканини англаб етади.
Т.НИЗОМ суҳбатлашди.