Сингапур раҳбари бугун Тошкент шаҳрида мамлакатимиздаги диний конфессиялар раҳбарлари билан учрашди.
Мулоқот давомида Осиё юрагида жойлашган қадим Мовароуннаҳр ва ҳозирги Ўзбекистон замини, Буюк ипак йўли орқали турли минтақа, қитъалар, маданият ва илмларни боғловчи марказ бўлгани қайд этилди. Ўтмишда зардуштийлик, буддавийлик ривожланган ҳудудга ислом дини кириб келгач, бу заминдан Имом Бухорий, Абу Исо Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Аҳмад Фарғоний каби буюк алломалар етишиб чиққан.
Суҳбат чоғида Президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров меҳмонларга юртимизда давлат раҳбари ташаббуси билан барча соҳалар қатори, диний-маърифий жабҳада, хусусан, дин ва эътиқод эркинлиги йўналишида турли дин вакиллари учун яратилган қатор янгилик, қулайликлар ҳақида маълумот берди. Бир неча янги масжид, черковлар қад ростлаб, илмий-тадқиқот марказлари, олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари очилмоқда.
Ҳозирги кунда республикада 16 диний конфессия мавжуд бўлиб, давлат рўйхатидан ўтказилган диний ташкилотлар сони 2346 тани ташкил этмоқда. Шундан 2149 таси исломий ва 197 таси турли ноисломий конфессиялар ҳисобланади. Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Самарқандда эса Ҳадис илмий мактаби фаолиятини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ҳалима Яқуб хоним диний бағрикенглик борасида Ўзбекистоннинг илғор ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганини қайд этди. 2018 йил декабрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси ялпи сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев таклиф этган “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюцияси қабул қилингани фикримизни исботлайди.
Ўзбекистоннинг ушбу ташаббуси дунёда тинчлик-осойишталикни сақлаш, диний бағрикенгликни таъминлашда нақадар катта аҳамиятга эгалиги бугунги мураккаб даврда яққол намоён бўлмоқда.
Шунингдек, мамлакатимизда виждон эркинлигини таъминлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар халқаро майдонда ҳам юқори даражада эътироф этилмоқда. Бунга 2020 йил декабрда АҚШ Давлат департаменти томонидан Ўзбекистон диний эркинлик бўйича “Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати”дан чиқарилганини мисол қилиб келтириш мумкин.
Учрашувда диний конфессия раҳбарлари ҳам сўзга чиқиб, яратилган қулайликлар, эътиқод эркинлиги борасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини таъкидладилар.






Гўзал Сатторова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
манба: ЎзА
Бугун вилоятимизда туризм соҳасидаги асосий мақсадлардан бири сайёҳлар сонини кўпайтириш билан бирга, уларнинг ҳудудда қолиш муддатини узайтириш ва сифатли хизматлар билан таъминлашдан иборат, дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Шербек Бўронов.
Унинг айтишича, йилнинг биринчи ярим йиллигида Самарқандга 3,4 миллион нафардан ортиқ хорижий ва 4,7 миллион нафар маҳаллий сайёҳ келди.
“Туристларнинг ташриф давомийлиги ўртача 3 кунга етди. Бу аввалги даврга нисбатан 0,5 кунга кўпдир. Шунингдек, бир нафар сайёҳнинг ўртача харажати 400 долларни ташкил этиб, 70 фоизга ошди. Бунинг натижасида туризм хизматлари экспорти ҳажми 578,1 миллион долларга етди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 144 фоиз ўсиш таъминланди”, - Бўронов сўзидан иқтибос келтиради “Зарафшон” нашри.
Унинг фикрига кўра, Самарқанднинг туристик салоҳиятида зиёрат туризми алоҳида ўрин тутади. “Зеро, буюк алломалар ҳаёти ва илмий мероси билан боғлиқ муқаддас қадамжолар йиллар давомида дунёнинг турли мамлакатларидан келувчи меҳмонларни ўзига жалб этиб келмоқда. Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг тўлиқ фойдаланишга топширилиши мазкур йўналишда янги имкониятлар яратди. Мажмуа кунига 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш қувватига эга бўлди. Охирги уч ой давомида зиёратгоҳга 2,8 миллиондан зиёд меҳмон ташриф буюрди”, - ўз сўзини якунлади Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати