frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Закот–мол-мулк покловчиси

04.04.2018   10954   7 min.
Закот–мол-мулк покловчиси

Закот – Ислом динининг беш асосий рукнидан бири (иймон ва намоздан кейинги учинчиси). Шу билан бирга у Исломнинг ижтимоий  рукнлари сирасига киради. Чунки  Аллоҳ Таоло Тавба сурасининг 11-оятида шундай марҳамат қилади:

فَإِنْ تَابُوا وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَآَتَوُا الزَّكَاةَ فَإِخْوَانُكُمْ فِي الدِّينِ

 Яъни, “Агар тавба қилсалар, намозни қоим қилсалар ва закот берсалар, бас улар диндаги биродарларингиздир”. Ушбу оятдан келиб чиқиб, илк Ислом даврида киши закот бериш билан жамият ҳаётига кириб келган. У орқали биродарлик ҳуқуқига, ана шу жамиятга тегишлилик ҳуқуқига ҳақли бўлган.

  Закот – Аллоҳдан бўлган фарз. Лекин у жамоаларга умумий тарзда фарз қилинмаган. Закотни ана шу жамоалардан Аллоҳ ва Охират кунидан умид қилувчиси адо этади. Охиратга ишончи заиф, қалбида молга бўлган муҳаббати Аллоҳга бўлган муҳаббатдан устун кимсалар уни ташлаб қўядилар, бефарқ муносабатда бўладилар. Шундай бўлсада, Араб халифалигида инсонлар молидан закот олишни давлат ўз  зиммасига олган.

 Давлат нега инсонларга фарз қилинган ибодатга масъул бўлиши керак, ахир мол уларники-ку, нима учун закотга ажратилган молларини ўзлари беришмаган? Сабаби Аллоҳ Таоло закот бериладиган тоифаларни зикр эта туриб, улар сафига “садақа ишида ишловчиларга” деб, закот йиғувчиларга  ҳам закотдан тайин қилди. Яъни Аллоҳ Таоло махсус шахсларни муайян вазифага – инсонлар молидан закот беришга тайинлади ва уларни “والعاملين عليها” (“унинг ишида ишловчилар”) деб атади.

  Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам даврида закот Қуръонда келтирилган кўрсатмаларга амал қилиниб олинган. У зот соллоллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётганларида: “Сен уларга Аллоҳ бойларининг молларидан олиниб, камбағалларига қайтадиган садақа фарз қилганини ўргат. Молларининг яхшисини олишдан ҳазир бўл. Мазлумнинг дуосидан қўрқ, чунки унинг ва Аллоҳнинг орасида ҳижоб – парда бўлмайди”, деб айтганлар. Шайхулислом Ҳофиз ибн Ҳижр ҳазратлари: “Бу ҳадис шунга далолат қиладики, имом, яъни бошлиқ – закотни  ё ўзи ё ноиби йиғувчи ва уни сарфловчи шахс. Улардан ким буни маън қилса, ундан қаҳр етади”, деганлар.

    Ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг закот йиғиш, уни ёзиб бориш, сарфлаш ишларига кўмаклашган саҳобаи киромлар зикр этилган:

– Саҳиҳайнда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ҳадисда Умар розияллоҳу анҳу;

– Абу Довуд ривоятида Абу Масъуд розияллоҳу анҳу элчи қилиб юборилганлиги келтирилган;

– Аҳмад ривоятида Ҳузайфа розияллоҳу анҳу;

– Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Бани Мусталақ қабиласига – Валид ибн Уқба юборилгани айтилган;

– Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу – Фазорага;

– Заҳҳок ибн Суфён Килоний – Бани Килобга;

   Бундан ташқари Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам араб оролларидан бошқа иқлимларга ҳам элчиларини жўнатганлар:

 – Муҳожир ибн Умайя – Санога;

– Зиёд ибн Лабид – Ҳазромавтга;

– Аъло ибн Ҳазрамий – Баҳрайнга;

– Али розияллоҳу анҳу – Нажронга боришган.

    Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг закотдаги котиблари – Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу эди. Агар у киши йўқ бўлсалар ёки узрли сабаблари бўлса, Жаҳм ибн Султ ва Ҳузайфа ибн Яман розияллоҳу анҳумалар  ёзишган.

  Келган мактубларни баъзи саҳобалар таржима қилишган. Бу вазифани  Ҳузайфа ибн Яман, Арқам ибн Абуларқам, Холид ибн Саъд розияллоҳу анҳумлар бажарганликлари ривоят қилинади. Табарий ривоятида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Икрима ибн Абу Жаҳл розияллоҳу анҳуни вафот этган йиллари Ҳавозин қабиласига жўнатиб, уларнинг мактубини таржима қилдирганликлари айтилган.

   Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам  закот йиғувчиларга молларнинг эгалари билан муомала қилишни, доимо уларга юмшоқ бўлишни, Аллоҳнинг ҳаққида эътиборсизлик қилмасдан уларга  енгиллик қилишни ўргатар эдилар.

   Жарир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: “Аъробийлардан бўлган кишилар гуруҳи Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб: “Закот  йиғувчилар  бизларга келиб зулм қилишяпти,” дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уларга: “Закот йиғувчингиздан  рози  бўлинг”,  дедилар”.

  Анас розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб: “Агар мен закотни сизнинг элчингизга берсам, Аллоҳ ва Унинг Расулига беришдан халос бўламанми?  (Яъни, шу кифоя қиладими?)”, деди. Улар: “Ҳа, Аллоҳ ва Унинг Расулига уни беришдан халос бўласан, сенга ажр бўлади, уни ўзгартирганга эса гуноҳ бўлади”, дедилар.

  Бу ҳолат  Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам даврларида ўзгармай келди. Ҳулофаи рошидинлар даврида ҳам бу анъана давом этди. Имом Байҳақий Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумалар закот йиғиш учун одам юборганликларини ривоят қилган. Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам юқоридаги ҳадисни ривоят қиларканлар, улар ҳеч қайси йили буни кечиктирмаганларини зиёда қилганлар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўз даврларида “Муҳаммад ўлди, энди закот бермаймиз!” деганларга қарши кураш очганлар.

 Умар розияллоҳу  даврига келиб Ислом сарҳадлари анча кенгайган, мусулмонлар ортган. Улар ҳам юқоридаги анъанани давом этганлар ҳамда закот ва ўлжалар йиғиш учун махсус давлат хазинасини – Байтул молни ташкил этганлар. У зот фақатгина Рамода йили (Мадинада қурғоқчилик ва очлик бўлган йил)  ҳолат тақозосига кўра закот олишни кечиктирганликлари ривоят қилинган.

   Аллоҳ ва Унинг Расули инсонларга закотларини уларга бошлиқ кишига топширишни буюрган. Ибн Умар розияллоҳу  анҳума: “Закотларингизни Аллоҳ сизга бошлиқ қилган кишига топширинг, гарчи у хамр ичса ҳам. Ким яхшилик қилса ўзига яхши, ким гуноҳ қилса, ўзига зарар”, деб айтганлар.

  Саҳл ибн Абу Солиҳ отасидан ривоят қилади: “Менинг молим закот нисобига етган эди. Саъд ибн Абу Ваққос, Ибн Умар, Абу Ҳурайра, Абу Саид Ҳудрий розияллоҳу анҳумлардан  уларни тақсимлайми ёки султонга берайми,  деб сўрадим. Уларнинг барчалари менга султона беришимни буюришди. Мен “Бу султоннинг нима қилаётганини кўряпсизку,” дедим. (У вақтда ҳокимият Умавийларда эди). Уларнинг барчалари: “Ҳа, уни султонга беравер”, дейишди ва ҳеч бирлари ихтилоф қилишмади”.

   Шундай қилиб, Аллоҳ Таолонинг бандаларига фарз этиб жорий этган закотни йиғишни Ислом дини қай даражада тартибга солгани ҳақида қисман маълумотга эга бўлдик. Қодир Аллоҳ барчамизни закот берувчи ва шу орқали нажот топувчи бандаларидан бўлишимизни муяссар айласин!

 

Юсуф Қарзовийнинг  “Закот фиқҳи” китоби асосида

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ислом билим юрти

 мударрисаси Кенжабой ГУЛРУХ

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

Фиқҳ
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

25 июндан олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига қабул бошланади

23.06.2025   13579   2 min.
25 июндан олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига қабул бошланади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими 2025-2026 ўқув йили учун олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш саналарини эълон қилади:


Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, 
Мир Араб олий мадрасаси, 
Ҳадис илми мактаби, 
Имом Термизий номидаги ислом институти ва 
барча ўрта махсус ислом таълим муассасаларига 
2025 йил 25 июндан 20 июлгача давом этади.  


Олий диний таълим муассасаларига ўқишга киришни истаган абитуриентлар қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни топширади:
  таълим муассасаси ректори номига ариза;
 паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
 ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлагани тўғрисидаги ҳужжат (диплом) ва унинг иловаси нусхаси (асли кўрсатилади);
 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади);

 

Хорижий давлатлардаги диний таълим муассасаларини тамомлаган ва мамлакатимизда нострификациядан ўтказилган дипломга эга бўлган абитуриентлар (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари) ҳам ҳужжат топширишлари мумкин.

 

Ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

 таълим муассасаси раҳбари номига ариза;
 паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
 маълумоти тўғрисида аттестат ёки диплом нусхаси (асли кўрсатилади);
 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади);
 чет тилини билиши тўғрисидаги ҳужжат асл нусхаси (маълумоти тўғрисидаги ҳужжатда кўрсатилган чет тилидан бошқа тилда имтиҳон топширувчилар учун). 


Маълумот ўрнида: Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларининг тест синовларида иштирок этиши учун абитуриентлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўлов ундирилади. Жорий йилда ўқишни тамомлаб, ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ҳужжат топшираётган абитуриентлардан эса тўлов ундирилмайди. 


2025-2026 ўқув йили қабул жараёнлари ҳақидаги сўнгги янгиликларни @qabulmuslimuz (https://t.me/qabulmuslimuz) телеграм саҳифасида кузатиб боринг. 
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари