Иймон соҳиби бўлиш барчамизнинг энг аввалги ниятимиз ва мақсадимиздир. Бу мақсад бизни бевосита динни чуқурроқ ўрганишга, саҳобалар ҳаёти билан танишишга рўбарў қилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дўстлари, замондошлари диққатимизни тортади. Уларнинг баъзиларининг исми бизга таниш, қайси маънодаки, ҳадис ва ривоятларда уларнинг номларини учратганмиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дўстлари деганда, аввало, ёдга олинадиган зот бу ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳудир. Улар Хотамул анбиёи вал мурсалин бўлмиш пайғамбаримизнинг севимли ва энг вафоли биродарларидир. Бу биродарлик нубувват вазифаси топширилмасдан бир неча йил аввал, жуда самимий ўлчовлар ичида бошланиб, вафо ва севгининг энг гўзал намуналари ила давом этгандир. Бу икки биродарлардан бирининг энг машҳур лақаби “ал-Амин” (ишончли инсон) дир, иккинчисиники эса “ас-Сиддиқ”дир, яъни энг тўғри, ростгўй инсон… Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ишончли эканлиги шу даражадаки, Муҳтарам Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мен Аллоҳнинг Пайғамбариман” деганларида ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳеч иккиланмасдан «ишонаман» дея олган. “Агар пайғамбар бўлсанг буни исботла!” дейиш ҳуқуқидан фойдаланмаган икки аҳамиятли зотдан биридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни энг яхши билган, инсонларга Уни яхши танита олган буюк инсонлар бошида шу шахс туради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни энг яхши таниган, бошқаларга насиб қилмаган кўпгина хотираларга эга бу қимматли инсондан ҳам, афсуски, жуда кам хотирага эгамиз. Тақдир битиги, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёнларида бўлган, ҳаёти давомида энг яқин дўст бўлиш шарафига эришган инсонни ўзларидан кейин ўринбосар қилиб тайинлаган. Аммо Аллоҳ таолонинг қисмати буюк халифага икки йил уч ой ўн кун ҳаёт инъом қилиб, сўнг Ўз ҳузурига чақирган.
Ислом тарихи ва ҳадис китоблари бу икки йиллик давр ҳақида ҳам, ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг шахси ҳақида ҳам бизни қониқтирадиган даражада етарли маълумот бермайди. Бу даврда Мусайлама, Тулайҳа, Сажоҳ… каби пайғамбарлик даъвосини қилган ёлғончиларга қарши жанглар, Бизанс ва Эрон билан бўлган урушлар, Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Мадинада қилган ишлари, инсонларга нисбатан ҳаракатлари ила боғлиқ маълумотлар, афсуски, етарли эмас. Масалан, ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг “Аллоҳим, қиёмат куни мени жаҳаннамингга қўй, вужудимни шу даража катталаштирки, токи жаҳаннамда мендан бошқа ҳеч бир кишига жой қолмасин”, деган ривоят келтирилади. Бу сўзлар ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг марҳаматига ишорадир, албатта ва бу орқали инсонлар севгисига далолат қилган бир иймон соҳиби эканлигини таъкидлайди. Бироқ ривоятнинг ҳақиқат эканлигига етарли исбот йўқ. Шундай бўлса-да, айтишим лозимки, азиз биродарим, ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг бу сўзлари бир мажозий ифодадир. Мақсад ўзининг жаҳаннамга кириши эмас. Инсонларнинг жаҳаннамдан озод қилинишини, кечирилишини тилашдир. Бу эҳсон истаги ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу тарафидан шундай тилга олинган, дейишимиз мумкин. Аллоҳ таолонинг китобидан келтирилган сураларга эса сўзсиз ишонамиз. Жумладан, Бақара сураси 201-оятида шундай дейилган: “Яна шундайлари ҳам борки, улар: Эй, Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин, – дейдилар”.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Ҳазрат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар кун қилган бу дуосини била туриб ўзини оташга отадиган инсон эмас! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт эканликларида ҳам, вафотларидан сўнг ҳам қилич кўтариб мушриклар билан жангга кирганлар. Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам комил иймон соҳиби мўминни англатаркан, “Аллоҳ ризоси учун севган. Аллоҳ ризоси учун нафратланган. Аллоҳ ризоси учун берган, Аллоҳ ризоси учун бермаган” дея таърифлаганлар. Хаёлида, ҳаракатида, инсонларга нисбатан муомаласида доимо Аллоҳ таоло ризолигини ўйлаган инсон англатилади. Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати ичида бу хусусиятларни айни тарзда руҳига сингдирган, Яратганнинг ризолиги учун ҳаракат қилган инсондир. Бутун мақсад ва фикри Аллоҳ таоло ризолигига қаратилган, қўлга киритган нарсани Аллоҳ таоло ризолиги учун сарфлаган ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу мадҳ этилганда ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам англатган ҳадис китобларда келтирилган маълумотлар нурида улуғланади. Дарҳақиқат, ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўта марҳаматли бир инсондир. Аммо бу марҳамат туйғуси исломни қабул қилгандан кейин Аллоҳ таолонинг ва Расулининг ризолари билан бўлгандир. Қуръонда ҳақиқий мусулмонлар англатиларкан, “Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминларга нисбатан) эса раҳм-шафқатлидирлар” – дейилади (Фатҳ сураси, 29-оят). Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлганларнинг энг олдидан жой эгаллаганидир. Шу даражадаки, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ундан ҳам яхшироғи йўқдир. Яна бошқа бир оятда Буюк Раббимиз мўминларни: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан кимки динидан қайтса, Аллоҳ шундай бир қавмни келтирурки, уларни Аллоҳ севадиган ва улар ҳам Уни севадиган, мўминларга (нисбатан) камтар, кофирлардан эса (ўзларини) юқори тутувчи, Аллоҳнинг (тоати) йўлида жидду жаҳд қилувчи, маломатчининг маломатидан қўрқмайдиган бўлурлар. Бу Аллоҳнинг фазлидирки, уни Ўзи хоҳлаган (бандалари)га берур. Аллоҳ (карами) кенг, доно зотдир”, – дея марҳамат қилинади (Моида сураси, 54-оят).
Қуръонда келтирилган сабр, таваккул, яхшилик, ҳайр – эҳсон каби Яратган томонидан афзал кўрилган сифатларнинг барчасига ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу том маънода эга бўлганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин дўстлари билан руҳан танишиб, уларнинг ҳаққига қилинган дуо, шубҳасиз, ўзимизга ҳам дуо бўлиб қайтади.
Заҳрохон ИМОМНАЗАРОВА
Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Самарқанднинг тарихий қисмида туризм инфратузилмасини кенг кўламли янгилаш ишлари давом этмоқда. Амалга оширилаётган лойиҳаларнинг асосий мақсади хорижий сайёҳларнинг қолиш муддатини узайтириш, қулай шаҳар муҳитини яратиш ва бир вақтнинг ўзида маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини оширишдан иборат.
“Самаркандский вестник” нашрига кўра, туризмни ривожлантириш дастури доирасида эски шаҳарнинг 13 та кўчаси босқичма-босқич замонавий пиёдалар йўлагига айлантирилмоқда. Бу ерда янги хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда, жамоат жойлари ободонлаштирилмоқда, миллий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолган ҳолда муҳандислик коммуникациялари ва бино фасадлари янгиланмоқда.
Энг йирик лойиҳалардан бири Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган Бухоро кўчасини реконструкция қилиш бўлди. Кўчанинг 850 метр қисми тўлиқ пиёдалар ҳудудига айлантирилади. Лойиҳани ишлаб чиқувчилардан бири, Самарқанд давлат техника университети ўқитувчиси Жасур Бердиқуловнинг таъкидлашича, илгари бу ерда қатнов қисмининг торлиги туфайли мунтазам равишда тирбандликлар юзага келган, қулай пиёдалар йўлакларининг йўқлиги эса пиёдалар учун жиддий ноқулайликлар туғдирган. Ишлар якунлангач, кўча хавфсиз жамоат майдонига айланади. Аҳоли учун алоҳида тўхташ жойи ажратилган бўлиб, транспорт воситаларининг киришига фақат зарурат туғилганда махсус хизматларга рухсат берилади. Шу билан бирга, сув, газ, электр ва бошқа муҳандислик тармоқлари тўлиқ модернизация қилинмоқда.
Олтин аср маҳалласида жойлашган Бағдод кўчасида ҳам ишлар давом этмоқда. Бу ерда 600 метрлик ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида замонавий туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати