Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Август, 2026   |   25 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:53
Қуёш
05:25
Пешин
12:34
Аср
17:27
Шом
19:37
Хуфтон
21:06
Bismillah
08 Август, 2026, 25 Сафар, 1448

Расулуллоҳнинг издошлари: Абу Бакр Сиддиқ

04.04.2018   11059   6 min.
Расулуллоҳнинг издошлари: Абу Бакр Сиддиқ

Иймон соҳиби бўлиш барчамизнинг энг аввалги ниятимиз ва мақсадимиздир. Бу мақсад бизни бевосита динни чуқурроқ ўрганишга, саҳобалар ҳаёти билан танишишга рўбарў қилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дўстлари, замондошлари диққатимизни тортади. Уларнинг баъзиларининг исми бизга таниш, қайси маънодаки, ҳадис ва ривоятларда уларнинг номларини учратганмиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дўстлари деганда, аввало, ёдга олинадиган зот бу ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳудир. Улар Хотамул анбиёи вал мурсалин бўлмиш пайғамбаримизнинг севимли ва энг вафоли биродарларидир. Бу биродарлик нубувват вазифаси топширилмасдан бир неча йил аввал, жуда самимий ўлчовлар ичида бошланиб, вафо ва севгининг энг гўзал намуналари ила давом этгандир. Бу икки биродарлардан бирининг энг машҳур лақаби “ал-Амин” (ишончли инсон) дир, иккинчисиники эса “ас-Сиддиқ”дир, яъни энг тўғри, ростгўй инсон… Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ишончли эканлиги шу даражадаки, Муҳтарам Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мен Аллоҳнинг Пайғамбариман” деганларида ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳеч иккиланмасдан «ишонаман» дея олган. “Агар пайғамбар бўлсанг буни исботла!” дейиш ҳуқуқидан фойдаланмаган икки аҳамиятли зотдан биридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни энг яхши билган, инсонларга Уни яхши танита олган буюк инсонлар бошида шу шахс туради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни энг яхши таниган, бошқаларга насиб қилмаган кўпгина хотираларга эга бу қимматли инсондан ҳам, афсуски, жуда кам хотирага эгамиз. Тақдир битиги, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёнларида бўлган, ҳаёти давомида энг яқин дўст бўлиш шарафига эришган инсонни ўзларидан кейин ўринбосар қилиб тайинлаган. Аммо Аллоҳ таолонинг қисмати буюк халифага икки йил уч ой ўн кун ҳаёт инъом қилиб, сўнг Ўз ҳузурига чақирган.

Ислом тарихи ва ҳадис китоблари бу икки йиллик давр ҳақида ҳам, ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг шахси ҳақида ҳам бизни қониқтирадиган даражада етарли маълумот бермайди. Бу даврда Мусайлама, Тулайҳа, Сажоҳ… каби пайғамбарлик даъвосини қилган ёлғончиларга қарши жанглар, Бизанс ва Эрон билан бўлган урушлар, Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Мадинада қилган ишлари, инсонларга нисбатан ҳаракатлари ила боғлиқ маълумотлар, афсуски, етарли эмас. Масалан, ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг “Аллоҳим, қиёмат куни мени жаҳаннамингга қўй, вужудимни шу даража катталаштирки, токи жаҳаннамда мендан бошқа ҳеч бир кишига жой қолмасин”, деган ривоят келтирилади. Бу сўзлар ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг марҳаматига ишорадир, албатта ва бу орқали инсонлар севгисига далолат қилган бир иймон соҳиби эканлигини таъкидлайди. Бироқ ривоятнинг ҳақиқат эканлигига етарли исбот йўқ. Шундай бўлса-да, айтишим лозимки, азиз биродарим, ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг бу сўзлари бир мажозий ифодадир. Мақсад ўзининг жаҳаннамга кириши эмас. Инсонларнинг жаҳаннамдан озод қилинишини, кечирилишини тилашдир. Бу эҳсон истаги ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу тарафидан шундай тилга олинган, дейишимиз мумкин. Аллоҳ таолонинг китобидан келтирилган сураларга эса сўзсиз ишонамиз. Жумладан, Бақара сураси 201-оятида шундай дейилган: “Яна шундайлари ҳам борки, улар: Эй, Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин, дейдилар”.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Ҳазрат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар кун қилган бу дуосини била туриб ўзини оташга отадиган инсон эмас! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт эканликларида ҳам, вафотларидан сўнг ҳам қилич кўтариб мушриклар билан жангга кирганлар. Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам комил иймон соҳиби мўминни англатаркан, “Аллоҳ ризоси учун севган. Аллоҳ ризоси учун нафратланган. Аллоҳ ризоси учун берган, Аллоҳ ризоси учун бермаган” дея таърифлаганлар. Хаёлида, ҳаракатида, инсонларга нисбатан муомаласида доимо Аллоҳ таоло ризолигини ўйлаган инсон англатилади. Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати ичида бу хусусиятларни айни тарзда руҳига сингдирган, Яратганнинг ризолиги учун ҳаракат қилган инсондир. Бутун мақсад ва фикри Аллоҳ таоло ризолигига қаратилган, қўлга киритган нарсани Аллоҳ таоло ризолиги учун сарфлаган ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу мадҳ этилганда ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам англатган ҳадис китобларда келтирилган маълумотлар нурида улуғланади. Дарҳақиқат, ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўта марҳаматли бир инсондир. Аммо бу марҳамат туйғуси исломни қабул қилгандан кейин Аллоҳ таолонинг ва Расулининг ризолари билан бўлгандир. Қуръонда ҳақиқий мусулмонлар англатиларкан, “Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминларга нисбатан) эса раҳм-шафқатлидирлар” – дейилади (Фатҳ сураси, 29-оят). Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлганларнинг энг олдидан жой эгаллаганидир. Шу даражадаки, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ундан ҳам яхшироғи йўқдир. Яна бошқа бир оятда Буюк Раббимиз мўминларни: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан кимки динидан қайтса, Аллоҳ шундай бир қавмни келтирурки, уларни Аллоҳ севадиган ва улар ҳам Уни севадиган, мўминларга (нисбатан) камтар, кофирлардан эса (ўзларини) юқори тутувчи, Аллоҳнинг (тоати) йўлида жидду жаҳд қилувчи, маломатчининг маломатидан қўрқмайдиган бўлурлар. Бу Аллоҳнинг фазлидирки, уни Ўзи хоҳлаган (бандалари)га берур. Аллоҳ (карами) кенг, доно зотдир”, – дея марҳамат қилинади (Моида сураси, 54-оят).

Қуръонда келтирилган сабр, таваккул, яхшилик, ҳайр – эҳсон каби Яратган томонидан афзал кўрилган сифатларнинг барчасига ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу том маънода эга бўлганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин дўстлари билан руҳан танишиб, уларнинг ҳаққига қилинган дуо, шубҳасиз, ўзимизга ҳам дуо бўлиб қайтади.

 

Заҳрохон ИМОМНАЗАРОВА

Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Имом Бухорий мажмуасига охирги уч ой давомида 2,8 миллиондан зиёд меҳмон ташриф буюрди

07.08.2026   9971   1 min.
Имом Бухорий мажмуасига охирги уч ой давомида 2,8 миллиондан зиёд меҳмон ташриф буюрди

Бугун вилоятимизда туризм соҳасидаги асосий мақсадлардан бири сайёҳлар сонини кўпайтириш билан бирга, уларнинг ҳудудда қолиш муддатини узайтириш ва сифатли хизматлар билан таъминлашдан иборат, дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Шербек Бўронов.

Унинг айтишича, йилнинг биринчи ярим йиллигида Самарқандга 3,4 миллион нафардан ортиқ хорижий ва 4,7 миллион нафар маҳаллий сайёҳ келди.

“Туристларнинг ташриф давомийлиги ўртача 3 кунга етди. Бу аввалги даврга нисбатан 0,5 кунга кўпдир. Шунингдек, бир нафар сайёҳнинг ўртача харажати 400 долларни ташкил этиб, 70 фоизга ошди. Бунинг натижасида туризм хизматлари экспорти ҳажми 578,1 миллион долларга етди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 144 фоиз ўсиш таъминланди”, - Бўронов сўзидан иқтибос келтиради “Зарафшон” нашри.

Унинг фикрига кўра, Самарқанднинг туристик салоҳиятида зиёрат туризми алоҳида ўрин тутади. “Зеро, буюк алломалар ҳаёти ва илмий мероси билан боғлиқ муқаддас қадамжолар йиллар давомида дунёнинг турли мамлакатларидан келувчи меҳмонларни ўзига жалб этиб келмоқда. Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг тўлиқ фойдаланишга топширилиши мазкур йўналишда янги имкониятлар яратди. Мажмуа кунига 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш қувватига эга бўлди. Охирги уч ой давомида зиёратгоҳга 2,8 миллиондан зиёд меҳмон ташриф буюрди”, - ўз сўзини  якунлади Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари