“Ҳижрат” сўзи араб тилида «ажрамоқ», «тарк этмоқ» маъноларини билдиради. Ҳижратнинг шаръий истилоҳдаги маъноси эса Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида «Куфр диёри»ни тарк этиб, «Ислом диёри»га кўчиш ҳисобланади.
«Ислом диёри» – жамоат намозлари, азон, жума, ҳайит ва бошқа Ислом шиорлари ва ҳукмлари амалда бўлиб турган юртдир.
«Куфр диёри» – куфр ҳукмлари очиқ-ойдин бўлган ерлар. Яъни, у ерда Ислом ҳукмлари ва шиорлари зоҳир эмас, балки, куфр ҳукмлари устун бўлади.
Уламолар ҳижратнинг ҳукми борасида қуйидагича айтадилар:
Исломнинг аввалида ҳижрат мандуб, яъни тарғиб қилинган амал эди. Кейин Маккадан Мадинага ҳижрат қилиш фарз бўлди. Макка фатҳ қилинганда эса ҳижратнинг вожиблик ҳукми бекор бўлди. Иш яна мандубликка қайтди. Демак, фарз ҳижрат тугатилиб, мандуб ҳижрат қолган. Ўз мазмунига кўра ҳижратнинг Қиёмат кунигача давом этишини ифода этувчи ҳадисларда ана шу мандублик назарда тутилган. Бу Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва Шофеъийлардан Хаттобийнинг қарашларидир. Бизнинг ҳанафий уламолари мана шу фикрни таъкидлайдилар (Ал-Хаттобий «Маъолимус-сунан, Имом Сарахсий «Мабсут», Косоний «Бадоиъус-саноиʼ», Ибн Обидин «Раддул-муҳтор», Алий Қори «Мирқотул-мафотиҳ»).
Бу ерда шуни эслатиб ўтамизки, ҳижрат деганда доим «Куфр диёри»дан «Ислом диёри»га кўчиш тушунилади. Демак, мазкур имомларимиз «Куфр диёри»дан «Ислом диёрлари»га кўчишни мандуб ҳукмида қолди, вожиб ҳукмида эмас, деганлар. Албатта, уларнинг мандуб деган гаплари «Ислом диёри»дан чиқиб кетаётганларга тегишли эмас;
Баъзи уламолар ҳижрат гуноҳу ёмонликлардан четланишдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар: «Албатта, ҳижрат икки хислатдир: гуноҳлардан четланиш ҳамда Аллоҳ ва Расулига ажралиб келиш...» (Имом Аҳмад ривояти, 1671-ҳадис).
Бошқа ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: «Ҳижрат қилувчи хато ва гуноҳлардан узоқлашган кишидир» (Имом Ибн Можа ривояти, 3934-ҳадис).
Демак, юқоридаги уламоларнинг фикрларидан маълум бўлдики, бизнинг мусулмон диёрларда киши фақатгина гуноҳ ва маъсиятлардан ҳижрат қилиши тасаввур қилинар экан. Аллоҳ таоло барчаларимизни гуноҳларнинг каттаю кичикларини тарк қилувчи кишилардан қилсин.
САЛИМХОН ЖАМОЛИДДИНОВ
Мир Араб олий мадрасаси 2-босқич талабаси
Маккада Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича 46-халқаро танлов бошланди.
ИҚНА "Saudi Gazette" нашрига таяниб хабар беришича, пайшанба куни Маккада Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича қирол Абдулазиз номидаги 46-халқаро танлов бошланди.
Олтинчи рабиулаввалга (19 августга тўғри келади) қадар давом этадиган мусобақада 133 мамлакатдан жами 334 нафар эркак ва аёллар иштирок этмоқда, бу ушбу мусобақа тарихидаги энг катта вакилликдир.
Мусобақанинг мақсади "мусулмон ёшларни Қуръони Каримни ёд олиш, англаш ва мушоҳада қилишга ундаш, шунингдек, ҳалол рақобатни яратишдан иборат."
Танлов бешта тоифани ўз ичига олади ва умумий совринлар миқдори 10 260 000 Саудия риалини ташкил этади - бу танлов таъсис этилганидан бери энг юқори соврин жамғармаси.
Аввалроқ ушбу мусобақада Ўзбекистон шарафини қуйидагилар ҳимоя қилиши хабар қилинганди:
Муҳаммадаброр қори Юнусхонов («Мир Араб» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (Тўлиқ Қуръон ҳифзи);
Муҳаммадамин қори Олимжонов («Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (15 пора ҳифзи);
Зилолахон Фарҳодова (Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси) — (Тўлиқ Қуръон ҳифзи);
Мухтасархон Муҳаммаджонова («Хадичаи Кубро» аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (15 пора ҳифзи).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати