Табук ғазоти куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олишга чиқдилар. Расулимиз таҳорат олаётган пайтларида намоз вақти кириб қолди. Шунда, саҳобийлар намозга қоим бўлдилар, уларга Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу имомликка ўтди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олиб бўлиб, келиб қарасалар намоз бошланган, шунда жамоатга қўшилиб бир ракаатга улгурдилар ва қолганини ўзлари ўқиб олдилар. Ўқиб бўлгач: набий вафот этмасдан туриб, солиҳ умматларидан бирининг ортида намоз ўқиди, дедилар.
Эй, Абдураҳмон ибн Авф нақадар бахтли саҳобасиз-а?! Сиз, нафақат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан намоз ўқидингиз балки Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам сизнинг ортингиздан намоз ўқидилар ва сизни солиҳ умматим деб атадилар.
Аллоҳ таоло Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан рози бўлсин!
“Сифатус Софва” китобидан
Яҳё АБДУРАҲМАНОВ
таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Савол: Беш вақт намозда имомга иқтидо қилганимизда, Фотиҳа ва зам сураларни ўқимаймиз. Жаноза намозида қандай йўл тутамиз? Унда ҳам қулоқ қоққандан кейин жим турамизми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Жаноза намозида беш вақт намоздан фарқли равишда, имомга иқтидо қилганлар тўрт такбирни ва сано, салавот ҳамда дуоларни ўқийди. Яъни биринчи такбирдан кейин санони, иккинчи такбирдан кейин салавотни, учинчи такбирдан кейин жаноза дуосини ўқийди. Тўрт такбир жаноза намозининг рукни яъни фарз, бошқа зикрлар эса, суннат ҳисобланади. Агар иқтидо қилганлар такбирни ҳам, бошқа зикрларни ҳам айтмай, жим турса, жаноза ўқиган ҳисобланмайди. Агар такбирларни айтса-ю, бошқа зикрларни айтмаса, суннатни тарк этган бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.