Табук ғазоти куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олишга чиқдилар. Расулимиз таҳорат олаётган пайтларида намоз вақти кириб қолди. Шунда, саҳобийлар намозга қоим бўлдилар, уларга Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу имомликка ўтди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олиб бўлиб, келиб қарасалар намоз бошланган, шунда жамоатга қўшилиб бир ракаатга улгурдилар ва қолганини ўзлари ўқиб олдилар. Ўқиб бўлгач: набий вафот этмасдан туриб, солиҳ умматларидан бирининг ортида намоз ўқиди, дедилар.
Эй, Абдураҳмон ибн Авф нақадар бахтли саҳобасиз-а?! Сиз, нафақат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан намоз ўқидингиз балки Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам сизнинг ортингиздан намоз ўқидилар ва сизни солиҳ умматим деб атадилар.
Аллоҳ таоло Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан рози бўлсин!
“Сифатус Софва” китобидан
Яҳё АБДУРАҲМАНОВ
таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг илк магистрантларига диплом топшириш тантанали маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, вазирликлар, идоралар вакиллари, таниқли уламо ва имом-хатиблар, ўқитувчи ва талабалар, соҳа фахрийлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Сўзга чиққан нотиқлар кейинги йилларда муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан диний-маърифий соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида диний таълим ва илмий-тадқиқот йўналишида мисли кўрилмаган тарихий натижаларга эришилгани алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, битирувчи магистрантлар юртимиз ва хорижий нашрларда 52 та илмий мақола нашр эттиргани, “Саҳиҳи Бухорий”, “Сунани Термизий”, "Тафсири Насафий", "Ҳидоя", "Ақоиди Насафий" каби мўътабар манбалар бўйича 53 та илмий ижозат шаҳодатномаси олгани, барчасининг умумий ўзлаштириш кўрсаткичи 90% дан юқори бўлгани, тил бўйича маҳаллий ва халқаро сертификатлар билан бирга рақамли технологиялар, 3D моделлаштириш ва халқаро Ислом молияси ҳужжати (CPSS) соҳиби эканлари юқори баҳоланди.
Мана шундай юксак натижаларни қўлга киритган битирувчи магистрларга Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов Давлатимиз Раҳбарининг 20 миллион сўмдан пул мукофоти сертификатларини тантанали равишда топширди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати