Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Сентябр, 2026   |   2 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:41
Қуёш
06:01
Пешин
12:19
Аср
16:45
Шом
18:40
Хуфтон
19:56
Bismillah
13 Сентябр, 2026, 2 Рабиъус сони, 1448

Қуръон билан даволанининг

25.03.2018   26126   5 min.
Қуръон билан даволанининг

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам 3 хил усулда даволанганлар:

  1. Табиий усул – доривору гиёҳлар билан.
  2. Руҳий усул – Қуръон ва дуолар билан.
  3. Қўшимча усул. Ушбу 2 усулни уйғунлаштирган ҳолатда – ҳам доривор гиёҳлар ҳам илоҳий сўзлар билан. Масалан, сув ва асалдан фойдаланиш – бу табиий даволаш усули. Агар бунга Қуръон оятларидан ўқилса – бу уйғунлашган усул ҳисобланади.

Ҳозирги кунда эса даволаш 2 хил усулда:

  1. Шифокор кўриги ва шу асосда буюрилган даволаш. Аввал шифокор беморни кўригдан ўтказади, унга ташхис қўяди ва даволайди. Бунга амал қилган бемор соғаяди. Ушбу усул араб тилида “Тиббул-жисмани” дейилади.
  2. Қуръон ўқиш яъни Аллоҳнинг илоҳий сўзлари ва унинг Расулидан бизгача етиб келган дуолар билан. Ушбу усул араб тилида “Тиббур-руҳани” дейилади. Биз ушбу 2-усулни кўриб чиқамиз.

Эслатма:

Буни албатта ёдда тутингки, айниқса аёллар даволаниш мақсадида турли хил фолбин, сеҳргар, “очиб берувчи” одамларга бориш уларнинг сўзларига ишониш ва амал қилиш динимизда қатъиян мумкин эмас. Улар қурбонлик қилиш, қора ҳайвонларни сўйиш ва қонини баданга суртиш кераклигини айтиб инсонларни алдашади.

Инсон ўзининг руҳий касалликларини даволашда Қуръони каримни ёд олган уни яхши ўқий оладиган ва ушбу ишни яхши тушунадиган мутахассисга  мурожаат қилиши лозим.

  Қуръоннинг таъсири:

Агар даволаниш Қуръон, дуолар билан олиб борилса беморда қуйидаги белгилар пайдо бўлади:

  1. Аниқ белгилар – йиғлаш, овозни ушлай олмаслик, бақириш, жазавага тушиш ва ҳоказо. Биз бу белгиларни беморда яққол кўришимиз ва эшитишимиз мумкин.
  2. Яширин белгилар: Қуръон ўқувчи юқоридаги белгиларни беморда кўрмаслиги мумкин, аммо бемор буни ўзида ҳис қилади. Бунга бош оғриғи, нафас қисиши, безовталик, кўнгил айниши ва ҳоказолар киради.

Агар намозга ва ислом аҳкомларига риоя қилувчи инсон, ушбу аниқ ва яширин белгиларни ўзида сезмаса, Қуръон билан даволаниши ихтиёрий бўлади ва албатта бемор тажрибали мутахассис шифокорга мурожаат қилиши лозим.

   Аммо намозни вақтида адо этмайдиган, Аллоҳнинг буйруқларига бепарво бўлган инсон Қуръон билан даволаниш учун бир неча бор бориши керак. Аммо ушбу ҳолатда ҳам беморнинг аҳволи яхшиланмаса, бу бемор ҳам мутахассис шифокорга мурожаат қилиши лозим. Касалликни тўғри аниқлаш ва ташхис қўйиш беморни яхши даволаш демакдир. Инсон даволанишдан аввал, уни нима безовта қилаётгани, унга қандай шифокор керак эканлигини аниқлаб олиши ва даволаниши керак.

  Агар шифокор ташхис қўйишда қийналса ёки тиббий муолажаларнинг фойдаси бўлмаса беморни Қуръон ва ҳадислар орқали руҳий ҳолатни даволаш талаб этилади.

 Даволанишда талаб этиладиган қоидалар:

Олимларнинг таъкидлашича, инсоннинг руҳий ҳолатини даволаш учун 3 қоидаси бор:

  1. Қуръон ўқувчи имонли Аллоҳни танийдиган, унинг каломини, сифатларини тушунувчи бўлиши лозим.
  2. Шу билан бир қаторда араб тилида ёки бемор тушунадиган тилда сўзлашиши керак.
  3. Ўқувчи ва эшитувчи ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳар қайси касалликни давоси фақат Яратганнинг ёрдами билан бўлишига иқрор бўлиши лозим. Уларнинг кўнглида даво фақат Аллоҳнинг изни ила бўлишига ва бошқа ҳеч қандай куч таъсир эта олмаслигига ишонч бўлиши шарт.

Қуръон билан даволовчи қуйидагиларни ёдда тутиш керак:

  • Иймонли, соғлом фикр юрита оладиган, камчиликлардан ҳоли, пок ноқис бўлиши. Ушбу инсон бошқа динга ишонмаслиги ва бошқа диний хулққа эга бўлмаслиги керак. Акс ҳолда бундай инсонларга даволаниш учун бориш мумкин эмас.
  • Жин, шайтон ва бошқалардан даволаниш фақат Аллоҳнинг сўзлари, Қуръон билан амалга оширилади. 
  • Ўқувчи жинларнинг инсонга таъсири, уларнинг келиб чиқиши ҳақида тушунчага эга бўлиши.
  • Никоҳ қурган, оилали бўлиши.
  • Пок, гуноҳдан йироқ бўлиши.
  • Аллоҳнинг зикрида бўлиши ва ҳар доим пок, таҳоратли ҳолатда бўлиши.
  • Ўз ишини чин кўнгилдан бажарувчи Аллоҳ йўлида инсонларга ёрдам берувчи инсон бўлиши.
  • Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан қўрқмайдиган, ўзига ишонувчан бўлиши.
  • Одамларнинг айб нуқсонлари, камчиликларини беркитувчи.
  • Ҳар бир ишини Аллоҳ розилиги учун қилувчи инсон бўлиши лозим.

 

Нигина БОТИРОВА

 тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон олимлари Бобур ва Бобурийларнинг Покистондаги меросини тадқиқ этмоқда

18.08.2026   80972   4 min.
Ўзбекистон олимлари Бобур ва Бобурийларнинг Покистондаги меросини тадқиқ этмоқда

Ўзбекистон элчихонаси томонидан Бобур номли халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда ўзбекистонлик тарихшунос ва бобуршунос олимлардан иборат делегациянинг Покистонга ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф Бобур ва Бобурийлар даврига оид тарихий-маданий меросни ўрганиш, Покистон ҳудудида сақланаётган мазкур даврга оид тарихий манбалар, қўлёзмалар, экспонатлар ва артефактлар билан танишиш, шунингдек, икки мамлакатнинг илмий-тадқиқот ва маданий муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил эилди.

Делегация аъзолари дастлаб Лаҳор шаҳрида Бобурийлар даврига оид тарихий обидалар ва манзилгоҳларга ташриф буюриб, ўрганишлар олиб борди. Хусусан, Лаҳор музейи, Ислом галереяси ҳамда қатор илмий-тадқиқот муассасаларида бўлиб, мазкур муассасаларда қатор илмий учрашувлар ўтказди ва бобурийлар даврига оид тарихий манбалар билан танишди.

Лаҳор шаҳридаги Панжоб университети раҳбарияти билан илмий ва академик ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Сафар давомида мазкур университет ҳузуридаги Бобурийлар мероси маркази билан ҳамкорликда Бобурийлар сулоласининг 500 йиллигига бағишланган илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Иштирокчилар Бобур ва Бобурийлар тарихи, уларнинг Марказий ва Жанубий Осиё тамаддунидаги ўрни, мазкур даврнинг сиёсий, маданий ва илмий меросини ўрганиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон олимлари Исломобод шаҳрида Покистон Миллий тилни ривожлантириш департаменти раҳбарияти Қуаид-и-Аъзам университети, Аллома Иқбол университети, Покистон Миллий кутубхонаси ҳамда қатор илмий-тадқиқот муассасаларига ташриф буюриб, қўлёзмалар, бобурийлар даврига оид экспонатлар ва бошқа тарихий манбалар билан танишди.

Ўзбекистон вакиллари Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Илмий ва технологик ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси бош координатори Муҳаммад Иқбол Чоудҳари томонидан қабул қилинди.

Унда Бобур ва Бобурийлар меросини чуқур ўрганиш, уни асраш ва мусулмон дунёси илмий доиралари ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.

Келгусида мазкур ташкилот билан ҳамкорликда Бобурийлар меросига бағишланган йирик халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Ташрифнинг асосий тадбири Исломобод шаҳрида «Заҳириддин Муҳаммад Бобур: муштарак цивилизациявий мерос ва Ўзбекистон-Покистон муносабатлари кўприги» мавзусида ташкил этилган бўлди.

Конференцияда Покистон Миллий мерос ва маданият вазирининг ўринбосари Фараҳ Наз Акбар, Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев, Покистондаги «Бобур форуми» раҳбари Рамзан Муғал ҳамда тарихчи ва бобуршунос олимлар ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этди.

Дипломатик ваколатхона раҳбари ўз нутқида икки мамлакат ўртасидаги тарихий, маданий, маънавий ва цивилизациявий алоқалар узоқ тарих ва чуқур илдизларга эга эканини қайд этди.

– Ушбу муштарак тарихда Заҳириддин Муҳаммад Бобур Жанубий Осиёда улкан давлатчиликка асос солгани халқларимизни бирлаштирувчи муҳим тарихий омил бўлди, – деди Ўзбекистон элчиси. – Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон-Покистон муносабатлари барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам ва яқин дўстона мулоқот натижасида икки томонлама муносабатларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Алоқаларнинг бундай даражасида умумий тарихий ва маданий меросни ўрганишнинг нақадар муҳимлиги, бу борада яқиндан ҳамкорлик қилиш икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси ўринбосари Рустам Мамасолиев ўз чиқишида Бобур ва унинг илмий-адабий мероси бутун минтақа тарихида алоҳида ўрин тутишини урғулади.

– Ўзбекистонда Бобур ва бобурийлар меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш борасида жуда катта ишлар амалга ошириляпти, – деди у. – Бобурийлар меросини чуқур ўрганишда покистонлик олимлар ва илмий муассасалар билан қўшма тадқиқотлар, илмий анжуманлар, нашриёт лойиҳалари ва академик алмашинувларни кенгайтириш жуда муҳим.

Покистон Миллий мерос ва маданият вазирининг ўринбосари Фараҳ Наз Акбар, ўз навбатида, бобурийларнинг Покистон тарихидаги муҳим ўрнига тўхталди.

– Бобурийларнинг Покистондаги тарихий-маданий меросини асраш ва келажак авлодларга етказишга ҳукумат даражасида эътибор қаратиляпти, – деди Фараҳ Наз Акбар. – Биз Ўзбекистон билан тарихий алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш, илмий ҳамкорлик ва маданий алмашинувларни қўллаб-қувватлашга, буюк аждодларимиз қолдирган меросни биргаликда ўрганиш ва тарғиб қилишга тайёрмиз.

Бобур номли халқаро жамоат фонди делегацияси ташрифи давомида Панжоб вилоятида жойлашган Бобурийлар даврига оид қатор тарихий қадамжоларда ўрганишлар олиб бориши режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари