Мадинаи мунаввара Набий алайҳиссаломнинг ҳижратгоҳлари бўлди, бу пок шаҳарда Қуръони Каримнинг фиқҳий аҳкомларига оид оятлари нозил бўлди. Айни шу шаҳарда Ислом динининг тарихига оид кўплаб ҳодисалар бўлиб ўтган. Расулуллоҳ (соллааллоҳу алайҳи васаллам) муборак ҳадисларининг кўпини шу ерда айтганлар. Мадинаи Мунаввара Ислом давлатининг пойтахти, бош шаҳри, илмий ва фиқҳий маркази ҳисобланиб, саҳобаларнинг катталари, халифаларнинг рошидлари яшаган жойдир.
Шунинг учун Мадинаи Мунавваранинг фиқҳ мадрасаси бошқа мадрасаларга қараганда кучли ва машҳур бўлиши турган гап. Албатта, катта саҳобаларнинг бу маънодаги ҳиссалари беназир. Аммо Мадинаи Мунавварада илмга мутахассис бўлган ва фиқҳий мадрасага асос солган саҳобаларнинг номларини тарихчиларимиз алоҳида тилга оладилар. Уларнинг ичида Зайд ибн Собит ва Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ўзларига хос манзилага эгалар.
Зайд ибн Собит ибн Заҳҳоқ Ансорий ал-Хазражий розияллоҳу анҳунинг (кунялари Абу Саъийд) иккита катта фазилатлари машҳурдир. Биринчиси, халифанинг йўқлигида унинг вазифасини вақтинча бажариб туришлари. Иккинчиси, Ислом давлати пойтахтида тенги йўқ олим бўлганлари.
Ибн Саъд Амр ибн Дийнордан ривоят қилинади: “Ибн Умар катта фақиҳлардан ҳисобланар эди”. Ибн Абдул Барр ўз китобида ёзишича, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу шундай деган:
“Илм уч нарсадир: нотиқ китоб, ўтувчи суннат ва “билмайман”. Яъни: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуда илмнинг ушбу уч тури ҳам етарлича бор эди. У киши Аллоҳ таолонинг китобини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини жуда яхши билар эдилар. Шу билан бирга, билмаган нарсаларини ҳам дарҳол тан олар ва ўз жойида “билмайман” дейиш билан фаҳрланар эдилар. Шу ўринда шаръий далилларга ҳам тўхталиб ўтсак:
Шаръий далиллардан мурод Қуръони Карим, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари тушунилади. Фарий ҳукмлардан мурод эса шаҳобча, кичик аҳамиятли нарсалардир.
Шариат ибодат ва муомилатларни ўз ичига олувчи ҳукмлардир. Лекин оят ва ҳадисларда зикри келмаган масалалар ҳам бор. Бу турдаги масалаларни ҳал қилишда эса фақиҳларга ижтиҳод эшиклари кенг очилган. Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишнинг энг улуғи бу дин ҳукмларига инсонларни қизиқтиришдир. Айниқса фиқҳий жабҳаларда, жумладан, ибодат, амал ва муомилат масалаларида аниқ бир ҳужжатга эга бўлсинлар. Ислом фиқҳи замонлар оша мусулмонларнинг талабларига жавоб бериб келмоқда ва ўзининг барча замонлар ҳамда маконларга мос эканини исбот қилмоқда.
Бутун дунёга машҳур адиб ва файласуф Бернард Шоу “Мен доим ислом динини ғоятда эҳтиром қиламан. Менимча, фақат ушбу дингина ҳаракатлантирувчи кучга эгадир. Ва барча замонларда башариятнинг фойдасига хизмат қила олади”, деган. Инглиз тарихчиси Вилз ўзининг “Инсоният тарихи ифодалари” китобида қуйидагиларни айтади: “Европа ўзининг идорий ва тижорий қонунлари бўйича исломдан қарздордир”. Француз тарихчиси Сидю: “Напалеоннинг қонуни Имом Молик мазҳабидаги “Шарҳи Дирдир ъала матни ҳалил” номли фиқҳ китобларидан кўчирмадир”, деб ёзади. Фиқҳ фани ғарбда Исламик Лав, муслим Лав (инглиз тилида), ле Дроит мусулман (француз тилида), Исламисче Гесетз (немис тилида ) каби номлар билан юритилади.
Фиқҳ сўзи атама сифатида Қуръон ва ҳадисларда қўлланилади. Фиқҳ ислом дини вужудга келиб ҳалифалик қарор топиши биланоқ дарҳол таркиб топган эмас. Фиқҳнинг қарор топиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари ва саҳобаларнинг айтган гапларини ёзиб олиш билан бирга давом этган. Зайд ибн Ҳасаннинг “Мажмул фиқҳ”, Молик ибн Анаснинг “Ал-Муватто”, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Ал-Муснад” китоблари фиқҳга оид дастлабки асарлар ҳисобланади. Улар муайян танлаб олинган ҳадислардан иборат эди. Фиқҳ илми Х асрга келиб мустақил фан сифатида шаклланган. Фиқҳ билан шуғулланувчи, уни ўрганувчи киши “фақиҳ” деб аталган. Бунда фақатгина шариат ҳукмларини содда ва юзаки билиб олиб, уни ёд олиш етарли эмас. Балки уларнинг барча сабаб ва ҳикматларини билмоқ ва шариат асосчисининг мақсадларини англамоқ зарур ҳисобланади. Шунинг учун шариат ҳукмларини содда услубда билган киши олим дейилса ҳам, фақиҳ дейилмайди. Фақиҳ олимларнинг таъкидлашича, илм ва фиқҳ орасида умум ва хусуси мутлақ бор, яъни илм умумий маънода, фиқҳ эса хос маънода ишлатилади. Шу сабабли ҳам фақиҳ олим бўлади, аммо ҳар бир олим фақиҳ эмас дейилган.
Маърифат ЭСОНОВА
Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта-махсус ислом
билим юрти талабаси
ЎМИ Матбуот хизмати
1. Автомобилни бошқариш бўйича етарли малакага эга бўлгандагина ҳайдаш керак.
Чунки машина ҳайдашни мукаммал ўрганмай туриб, йўлга чиқиш одамларнинг ҳаёти ва мулкига зарар етказишга олиб келади.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васаллам: “Зарар бериш ҳам зарар кўриш ҳам йўқдур”, дедилар (Ибн Можа, Дориқутний ва бошқалар ривояти).
Ислом ҳар қандай кўринишдаги зулмни ҳаром қилган. Инсонларнинг туғилишидан то ўлимигача ва ҳатто вафотидан кейин ҳам зарар этказишдан қайтаради.
2. Мунтазам равишда машинага эътибор бериш, ҳайдашдан олдин текшириш лозим.
Аллоҳ таоло: “...ғофиллардан бўлма” (Аъроф сураси, 205-оят), “Сўнгра, ўша кунда, албатта, берилган неъматлардан сўраласиз” (Такаасур сураси, 8-оят) деб марҳамат қилган.
Инсон завқланадиган: озиқ-овқат, ичимлик, кийим-кечак, турар жой, машина, соғлик каби неъматларнинг ҳар бири учун Қиёмат кунида жавоб беради.
3. Хавфсизлик камарини тақиш талаб этилади.
Албатта, ҳар бир иш Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан бўлади. Аллоҳ энг яхши сақлагувчи ва У раҳмлиларнинг энг раҳмлисидир. Бироқ, динимиз сабаб ўлароқ аввало хавфсизлик чораларини кўришни, кейин Аллоҳга таваккул қилишни буюради. Тажрибаларда хавфсизлик камари бахтсиз ҳодиса пайтида ҳалокатнинг даржасини енгиллаштириши ва ҳайдовчини даҳшатли тўқнашувдан ҳимоя қилиши кўп кузатилган.
4. Инсон қадр-қимматининг улуғлигини унутмаслик.
Бу эса ҳайдовчини ҳайдашда жуда эҳтиёт бўлишга чақиради, Аллоҳ таоло Ўз китобида таъкидлаганидек, “Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади” (Моида сураси, 32-оят).
5. Рухсат этилган даражадаги тезликка риоя қилиш.
Белгиланган тезлик меъёрига риоя қилмаслик бахтсиз ҳодисалар ва офатларга, кўп ҳолатларда ўлимга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бундан қайтаради: “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳимлидир” (Нисо сураси, 29-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шошмаслик Аллоҳдандир ва шошқалоқлик шайтондандир”, деганлар
6. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш ва уларни бузмаслик.
Ҳатто йўл бўш бўлса ҳам сабрсизлик қилмаслик, шошилмаслик лозим. Озгина сабр қилмаслик ўлим ёки оғир жароҳатни келтириб чиқариши мумкин. Инсон ўз табиатига кўра сабрсиз ва ҳамма нарсани тезда амалга оширишни хоҳлайди. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Инсон шошқалоқ ўлароқ яратилгандир” (Анбиё сураси, 37-оят), “Инсон шошқалоқ бўлгандир” (Исро сураси, 11-оят).
7. Эътиборни чалғитадиган нарсалар билан машғул бўлмаслик. Масалан, мобил телефондан тез-тез фойдаланиш, баланд овозда мусиқа эшитиш ва ҳоказо.
Британиялик психолог ва профессор доктор Саймон Мурнинг ўтказган тадқиқотига кўра, тез ва баланд ритмли қўшиқлар ҳайдовчини қўшиқ ритмига мос келадиган тезликни оширишга сабаб бўлади.
8. Уйқусираб ёки узоқ вақт уйқусиз қолганда машина ҳайдамаслик.
9. Автомобилни қўйиш учун тўғри жой танлаш, чунки йўл ҳаммага тегишли. “Ва тажовузкор бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкор бўлганларни хуш кўрмас” (Бақара сураси, 190-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам: “Ким бир қарич ерни зулм қилиб олса, Аллоҳ унга қиёмат куни бўйнига етти қават ерни осиб қўяди”, деганлар (Имом Муслим. Имом Аҳмад. Абу Яъло. Абу Авона. Имом Ҳоким. Байҳақий).
Аллоҳ таоло йўлларимизни равон ва бехатар қилсин. Биздан бошқаларга ва ўзгалардан бизга озор етишидан Ўзи асрасин.
Даврон НУРМУҲАММАД