1. Кимки охират ишини рўкач этиб, бойлик орттиришга интилса, ундай бандага охиратда насиба йўқ.
2. Жаҳолатдан кўра ёмонроқ фақирлик йўқ.
3. Ақлдан кўра фойдалироқ мол йўқ.
4. Ўзига бино қўйишдан кўра ёмонроқ ёлғизлик йўқ.
5. Маслаҳатдан кўра ишончлироқ бир-бирини қўллаш йўқ.
6. Тадбир қила билишдек ақл йўқ.
7. Гўзал хулқдек насл-насаб йўқ.
8. Ўзини тия билишдек тақво йўқ.
9. Тафаккурдек ибодат йўқ.
10. Ҳаё ва сабр қилишдек имон йўқ.
11. Балоғатга етгандан сўнг етимлик йўқ.
12. Исломда тоқ ўтишга ўрин йўқ.
13. Фатҳдан сўнг ҳижрат йўқ.
14. Исломда чигаллик йўқ.
15. Омонатга хиёнат қилувчида имон йўқ.
16. Ваъдасига вафо қилмайдиган одамда дин йўқ.
17. Уч кундан ортиқ аразлашиб юриш йўқ.
18. Истиғфор билан гуноҳи кабира йўқ.
19. Қуръон ўқиб юрган банда учун муҳтожлик йўқ ва у учун Қуръондан ортиқроқ бойлик йўқ.
20. Аллоҳ учун дуодан ўзга ёқимлироқ нарса йўқ.
21. Зулмдан ҳам кўра жазоси тезроқ келадиган нарса йўқ.
22. Ўзгаларнинг оч қорнини тўйдиришдан кўра афзалроқ амал йўқ.
Даврон НУРМУҲАММАД
тўплади
ЎМИ Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан юртимизда тинчлик, меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик каби юксак қадриятларни кенг тарғиб этишга қаратилган хайрли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан,13 август куни Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев бошчилигида туман бош имом-хатиблари, отинойилар, «Ҳаж–2026» зиёратидан қайтган ҳожи оталар ва ҳожи оналар ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида Урганч шаҳридаги «Охун бобо» жоме масжидида сайёр йиғилиш ўтказилди. Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Р.Собитов иштирок этди. Тадбир доирасида «Мустақиллик шукуҳи» шиори остида Урганч шаҳридаги боқувчисини йўқотган, етим, ночор ва кам таъминланган оилалардан 100 нафарига ВАҚФ жамоат фонди вилоят бўлими билан ҳамкорликда моддий ёрдамлар кўрсатилди. Бу хайрли амал орқали эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий кўмак ва самимий меҳр-эътибор улашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакиллиги матбуот хизмати