Сўнги вақтларда турли экстремистик ва террористик ташкилотларнинг медиамарказлари томонидан тайёрланган экстремистик ва террористик мазмундаги тарғибот материаллари интернет тармоқларида кенг тарқатилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, нафақат юртимизда, балки жаҳон ҳамжамиятида бу каби маълумотларни аҳоли орасида тарқалишини олдини олишга, уларни ижтимоий тармоқларда аниқлаш ва фаолиятига чек қўйиш бўйича механизмлар ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга тадбиқ қилиш заруратини кун тартибига қўймоқда.
Мисол учун, ўтган даврлар мобайнида АҚШда 68 та, Россия Федерациясида 47 та, Буюк Британия 78 та ва Туркияда 15 та экстремистик ва террористик ташкилотларнинг фаолияти тақиқланган, шу билан бирга, Россия Федерациясида 5342 та https:// minjust.gov.ru/ru/extremist-materials/?page=54& , Қозоғистон Республикасида 1133 та https://www.gov.kz/memleket/entities/pravstat/яpress/ article/details/17669? lang=ru, Қирғиз Республикасида 167 та https://drive.google.com/file/d/ 11anEEHxeFtj9tc5tPj-SszvJ5zsXZh4R/view ва Тожикистон Республикасида
2417 та https://nbt.tj/ru/financial_monitoring /perechni .php радикал контентлар суд томонидан тақиқланган.
Ўзбекистон Республикасида ҳам экстремистик ва террористик мазмундаги материаллар жойлаштирилган интернет сайтлари, каналлар, профилларни аниқлаш ва уларни фаолиятига чек қўйиш юзасидан масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда йўлга қўйилган механизм асосида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур механизмга асосан, Дин ишлари бўйича қўмитаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда интернет тармоғидаги радикал диний мазмундаги контентлар аниқланиб, Олий суд қарори билан улар экстремистик ва террористик материаллар деб топилади.
Ушбу тартибга асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг
60 га яқин қарори чиқарилиб, уларга мувофиқ 500 дан ортиқ контент радикал мазмунда деб топилган ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, тарқатиш, сақлаш, олиб кириш ва намойиш этиш тақиқланган.
Таъкидлаш жоизки, ноқонуний деб топилган контентлардан аҳолини хабардор этиш – мазкур йўналишда олиб борилаётган фаолиятнинг самарадорлигини белгилаб берувчи муҳим омиллардан ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси ПрезидентинингН “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4436-сон қарорига кўра, Адлия вазирлиги ва Олий суд ўзининг расмий веб-сайтлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали суд томонидан экстремистик ёки террористик деб топилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти тақиқланган ташкилотлар, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва мобиль мессенжерлар рўйхатини эълон қилиб, унинг доимий равишда янгилаб борилишини таъминлаши белгиланган.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2022 йил 14 апрелдаги 180-сон қарорига кўра, ҳар қандай диний мазмундаги материаллар диншунослик экспертизаси ўтказилиши ва экспертизанинг ижобий хулосаси уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши, олиб кирилиши ва тарқатилиши учун асос ҳисобланиши қайд этилган.
Мазкур қарорга асосан, Дин ишлари бўйича қўмита муайян бир шахсга ёки унинг хатти-ҳаракатлари юзасидан экспертлик хулосасини бермайди. Қўмита ҳуқуқ-тартибот органлари тақдим этган диний мазмундаги материалларнинг мазмуни юзасидан давлат диншунослик экспертизасини ўтказади ҳамда улар бўйича экспертлик хулосасини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ тайёрлайди.





Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.
Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.
Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.
Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.
Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.
Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.
Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.
Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати