Ҳожат намози
Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг Аллоҳга ва Бани одамдан бирортасига ҳожати бўлса, яхшилаб таҳорат қилсин, сўнгра икки ракат намоз ўқисин. Кейин Аллоҳга сано ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтсин. Сўнгра: «Ҳалийму Карим Аллоҳдан ўзга ҳеч илоҳи маъбуд йўқ. Улуғ Аршнинг Роббиси Аллоҳ покдир. Оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Сендан: раҳматингни вожиб қилувчи, мағфиратингни тақозо қилувчи нарсаларни ва ҳар бир яхшиликдан ғаниматни, ҳар бир ёмонликдан саломатлик сўрайман. Менинг ҳеч бир гуноҳимни қўймай мағфират қилгин, ҳеч бир ғамимни қўймай кушойиш эт, Ўзинг рози бўлган ҳеч бир ҳожатимни қўймай, албатта чиқаргин. Эй Арҳамар Роҳимийн», десин», дедилар»
Имом Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган.
Намоздан фориғ бўлгач ушбу дуони ўқийди:
لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ الْحَلِيمُ الْكَرِيمُ، سُبْحَانَ اللهِ رَبِّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ، الْحَمْدُ لِلَّه رَبِّ الْعَالَمِينَ: أَسْأَلُكَ مُوجِبَاتِ رَحْمَتِكَ، وَعَزَائِمَ مَغْفِرَتِكَ، وَالْغَنِيمَةَ مِنْ كُلِّ بِرٍّ، وَالسَّلَامَةَ مِنْ كُلِّ إِثْمٍ، لَا تَدَعْ لِي ذَنْبًا إِلَّا غَفَرْتَهُ، وَلَا هَمًّا إِلَّا فَرَّجْتَهُ، وَلَا حَاجَةً هِيَ لَكَ رِضًا إِلَّا قَضَيْتَهَا يَا أَرْحَمَ الرَّاحِمِينَ.
«Лаа илааҳа иллаллоҳул ҳалиймул карийм. Субҳааналлоҳи роббил ъаршил ъазийм. Алҳамду лиллааҳи роббил ъааламийн. Асъалука мужибаати роҳматика ва ъазоима мағфиротика вал ғониймата мин кулли биррин, вас-салаамата мин кулли исмин, лаа тадаъ лий занбан илла ғофартаҳу, ва лаа ҳамман илла фаррожтаҳу, ва лаа ҳаажатан ҳия лака ризон илла қозойтаҳа, йаа арҳамар роҳимийн!».
Термизий ривоят қилган.
Маъноси: «Ҳалим ва Карим Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Улуғ арш Робби Аллоҳни поклаб ёд этаман. Оламлар Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин. Раҳматингга мустаҳиқ қилувчиларни, мағфиратингни вожиб этувчиларни, ҳар бир яхшиликда ғаниматни ва ҳар бир гуноҳдан саломат бўлишни сўрайман. Менда бирор гуноҳ қолдирмасдан мағфират қилишингни, бирор ғам қолдирмасдан очиб юборишингни ва Ўзинг рози бўладиган бирор ҳожат қолдирмасдан раво қилишингни сўрайман, эй раҳм қилгувчиларнинг Раҳмлиси».
Қуйидаги дуо ҳам ҳожат намозининг дуоларидандир:
اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ وَأَتَوَجَّهُ إِلَيْكَ بِنَبِيِّكَ مُحَمَّدٍ نَبِيِّ الرَّحْمَةِ، يَا مُحَمَّدُ، إِنِّي تَوَجَّهْتُ بِكَ إِلَى رَبِّي فِي حَاجَتِي هَذِهِ فَتَقْضِي لِي، اللَّهُمَّ شَفِّعْهُ فِيَّ
«Аллоҳумма инний асалука ва атаважжаҳу илайка бинабиййика Муҳаммадин набиййир роҳмати, йаа Муҳаммаду, инний таважжаҳту бика илаа роббий фий ҳаажатий ҳаазиҳи фатақзи лий. Аллоҳумма, шаффиъҳу фиййа»
Имом Аҳмад ривоят қилган.
Маъноси: «Аллоҳим, мен Сенга юзланиб, Сендан пайғамбаринг, раҳмат набийси Муҳаммад алайҳиссалом билан васийла қилиб сўрайман. Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мен бу ҳожатим раво бўлиши учун сиз билан Роббимга юзландим Аллоҳим, у кишини менга шафоатчи қил».
Имом Ибн Ҳажар бу намозни шанба куни саҳар ўқиб, талаби ҳожат қилиш мандубдир, чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, ким шанба куни эрталаб талаби ҳожат қилса, талаби ҳал бўлади. Унинг ҳожати равон бўлишига мен кафилман, деб марҳамат қилганлар, деган. Албатта, дуонинг арабча матнини ёдлаб олган яхши.
“Мўминнинг меърожи” китобидан олинди
ЎМИ Матбуот хизмати
Сайёр йиғилиш
Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати