Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Июн, 2025   |   2 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
27 Июн, 2025, 2 Муҳаррам, 1447

Муҳаммад с.а.в.нинг парҳезлари

15.03.2018   6382   2 min.
Муҳаммад с.а.в.нинг парҳезлари

Инсон яшаши учун озгина нарса еса кифоя. “Ошқозонингизнинг бир қисмини овқатга, иккинчи қисмини сувга, учинчи қисмини эса ҳавога тақсимланг” (ҳадис) 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифини ҳар бир мусулмон ёдда тутиб, унга амал қилса, ўзининг соғлигини  мустаҳкамлайди, умри узаяди ва ҳар доим кайфияти аъло бўлади.  Шунингдек, инсон замонавий хушбўй  мева-сабзавотлардан еб парҳез қилиб юрса ҳам анча фойдали бўлади.

Кўплаб тадқиқот ўтказган олимлар келган хулоса шу бўлдики, чуқур ва тўлиқ нафас олиш ошқозон лиқ тўла бўлмаган вақтда хийла осон бўлар экан. Чуқур олинмаган нафас ҳаётнинг қисқаришига сабаб бўларкан.

Танани углекисло газдан тозалаш учун қон ўпкага келади. Аммо одамнинг нафас йўли керагича очиқ бўлмаса (бунинг оқибатида кислород ўпкага зарурий миқдорда етиб келмайди ) жараён секинлашади. Натижада қон ҳаётий эҳтиёж бўлган кислород билан керагича таъминланмайди ва ўша ҳолатида танага қайтади. Бу эса  инсон танасига зарар етишига сабаб бўлади.

Бир дақиқа ичида биз 16 марта нафас олиб, нафас чиқарамиз. Ҳар нафас олганимизда танамизга ярим литр ҳаво киради. Демак, инсон  бир кеча-кундузда 23 240 марта нафас олиб, нафас чиқаради. Бунинг натижасида танамизга таркибида кислород бўлган 11 620 литр ҳаво киради.

Бироқ тўла-тўкис нафас олиш чуқур нафас олингандагина ҳосил бўлади. Ошқозон ҳеч нарса сиғдирмайдиган даражада тўла бўлса, чуқур нафас олиш имкони бўлмайди ва танамизда айланаётган қонни тозалаш учун зарур бўлган кислороднинг бир қисмигина кира олади, холос. Оқибатда танада турли касалликлар пайдо бўлади.

Аён бўлаётирки,  биз касалликни ўз пулимизга сотиб олаётган эканмиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам буни жуда ҳам аниқ қилиб тушунтирганлар: “Одам авлодлари учун ошқозонини тўлдиришдан-да хунукроқ иш йўқ”. 

Шу ўринда мана бу ибратли воқеа ёдга тушади. Аллоҳнинг Расулининг ҳузурига қимматбаҳо совғалар билан бир малакали табибни юборадилар. Пайғамбар алайҳиссалом табибга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб уни ортига қайтариб юборар экан, унга бундай дейдилар: “Биз оч қолмасдан туриб овқат емаймиз, умуман, биз тўйиб овқат емаймиз, шунинг учун табибга муҳтож бўлмаймиз”.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

ЎМИ Матубот хизмати

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар

Аллоҳ сизнинг хатоларингизни кечишини истасангиз

23.06.2025   6951   3 min.
Аллоҳ сизнинг хатоларингизни кечишини истасангиз

Афв – ўч олишга қодир бўла туриб, тойилиш ва хатолардан ўтиб кечириб юбориш демакдир. Бунинг яна бир маъноси адоват ва нафрат каби иллатларни қалбдан кетказиш бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Қиёмат кунида жарчи нидо қилиб: “Аллоҳнинг зиммасида савоби борлар турсин ва жаннатга кирсин”, дейилади, дедилар. Саҳобалар: “Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар кимлар?” – деб сўрашди. Набий алайҳиссалом: “Одамларни афв қилиб юборувчилар” [1], деб жавоб бердилар.

Агарда сиз ҳам Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар қаторида бўлишни истасангиз сизга ёмонлик қилган, сизнинг ҳаққингиз борасида хато қилган кишининг хато ва камчиликларини кечириб юборинг. Ахир Аллоҳ таоло: «...Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас»[2], дейди.

Сизга нисбатан хато қилган кишиларга юмшоқ муносабатда ва сабрли бўлиш, сизни улушингиздан маҳрум қилганларга ҳам зиқналик қилмаслик, сиз билан алоқани узмоқчи бўлганлар билан ҳам алоқани ушлаб қолиш, узилганларини тезлик билан қайта йўлга қўйиш – буларнинг бари қандайин ахлоқ эканини кўрингки, улар ўз соҳибини қиёмат кунида юксак мартаба ва мақомларга эриштиради.

Ривоятларда келишича, бир аъробийни туҳмат қилгани сабабли султоннинг ҳузурига келтиришибди. У йўл-йўлакай «Мана менинг китобимни ўқинглар» деган ояти каримани тиловат қилиб борибди. Атрофдагилардан бири унга қарата: “Бу қиёмат куни айтилади, бугун эмас”, дебди. Аъробий жавоб бериб: “Худо ҳаққи, бу кун қиёмат кунидан-да ёмонроқ. Чунки қиёмат кунида менинг ёмонликларим билан бирга яхшиликларим ҳам кўрсатилади ва ҳисобга олинади. Бугун менинг ёмонликларимни эътиборга оляпсизлар-у, яхшиликларимни инобатга оларми­дингиз?!” – дебди.

Сиз отасиз! Фарзандингиз бир маротаба хатога йўл қўйдими, бундай вазиятда унинг барча яхшиликларини унутиб юборманг.

Мабодо дўстингиз сизга нисбатан бир гал хато иш қилиб қўйса, сиз у билан бирга елкама-елка туриб ўтказган яхши кунларингиз ва унинг чиройли дўстлиги ва садоқатини эсдан чиқарманг.

Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳматуллоҳи алайҳ бундай дей­дилар: “Эй инсон! Сен ва Роббинг ўртасида Ўзидан бош­қаси билмайдиган хато ва камчиликларинг бор. Аллоҳ уларни кечириб юборишини хоҳлайсан. Агар ростдан ҳам шу гуноҳларинг афв этилиши иштиёқида бўлсанг, у ҳолда У Зотнинг бандаларидан ўтган хатоларни кечир ва афв эт. Аллоҳ сенинг хатоларингдан кечишини истасанг, сен ҳам бандаларининг хатоларини ўтиб юбор”.

 

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

 


[1]  Имом Табароний ҳасан санад билан ривоят қилган.
[2]  Шуро сураси, 40-оят.