Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Август, 2026   |   29 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:59
Қуёш
05:29
Пешин
12:28
Аср
17:23
Шом
19:31
Хуфтон
20:58
Bismillah
12 Август, 2026, 29 Сафар, 1448

Нафл намози: Истихора намози

15.03.2018   65357   4 min.
Нафл намози: Истихора намози

Истихора намози

“Истихора” сўзи луғатда “хайр, яъни яхшиликни талаб қилиш” деган маънони англатади. Мусулмон киши икки ишдан қайси бирини қилишини билмай қолганида хайрлисини танлаш учун икки ракат истихора намози ўқийди. Бу намозни ҳар бир мубоҳ ишдан олдин ўқиш мустаҳабдир. 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди Қуръондан сурани ўргатгандек ўргатар эдилар. У зот: “Қачон бирингиз бир иш қилмоқчи бўлса, фарз намоздан бошқа икки ракат намоз ўқисин. Сўнг “Аллоҳим, албатта, Сендан илминг ила истихора қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сендан улуғ фазлингдан сўрайман. Албатта, Сен қодир бўлурсан, мен қодир бўлмасман. Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайбларни ўта яхши билувчи зотсан. Аллоҳим! Агар ушбу иш динимда, маошимда ва ишим оқибатида яхши эканини билсанг (ёки ҳозирги ишимдаю, келгусида) уни менга тақдир қилгин, менга осон эт, сўнгра уни мен учун баракали қилгин. Агар ушбу иш динимда, маошимда ва ишим оқибатида (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) ёмон эканини билсанг, уни мендан буриб юбор, мени ундан буриб юбор. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил, сўнгра мени унга рози қил”, десин ва ҳожатини айтсин”, дедилар”. 

Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилган.

Истихора намозидан сўнг ушбу дуо ўқилади: 

اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْتَخِيرُكَ بِعِلْمِكَ، وَأَسْتَقْدِرُكَ بِقُدْرَتِكَ، وَأَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَ الْعَظِيمِ، فَإِنَّكَ تَقْدِرُ وَلَا أَقْدِرُ، وَتَعْلَمُ وَلَا أَعْلَمُ، وَأَنْتَ عَلَّامُ الْغُيُوبِ، اللَّهُمَّ إِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الْأَمْرَ خَيْرٌ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أَمْرِي، - عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ -، فَاقْدُرْهُ لِي وَيَسِّرْهُ لِي، ثُمَّ بَارِكْ لِي فِيهِ، وَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الْأَمْرَ شَرٌّ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أَمْرِي، - فِي عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ -، فَاصْرِفْهُ عَنِّي وَاصْرِفْنِي عَنْهُ، وَاقْدُرْ لِيَ الْخَيْرَ حَيْثُ كَانَ، ثُمَّ أَرْضِنِي بِهِ.

“Аллоҳумма инний астахийрука биъилмика ва астақдирука биқудротика ва ас’алука мин фазликал ъазийм. Фаиннака тақдиру ва ла ақдиру ва таъламу ва ла аъламу ва анта ъалламул ғуйуб. Аллоҳумма ин кунта таъламу анна ҳазал амро хойрун лий фий дийний ва маъаший ва ъақибати амрий, ъажили амрий ва ожилиҳи, фақдурҳу лий ва яссирҳу лий, сумма барик лий фийҳи ва ин кунта таъламу анна ҳазал амро шаррун лий фий дийний ва маъаший ва ъақибати амрий, ъажили амрий ва ожилиҳи фасрифҳу ъанний вақдурлил хойро ҳайсу кана сумма роззиний биҳ” деб, ҳожати айтилади. 

Маъноси: “Аллоҳим, Сенинг илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Сенинг қудратинг билан Сендан қодирлик ва улуғ фазлингни сўрайман. Сен (ҳар нарсага) қодирсан, мен қодир эмасман. Сен (ҳар нарсани) билувчисан, мен билмайман. Сен ғайбни билувчисан. Аллоҳим, агар мана шу қилаётган ишим (ҳожатининг номини айтади) динимда, яшашимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун яхши бўлса, уни менга насиб эт ва осон қил. Сўнг уни менга барокотли қил. Агар мана шу ишим (ҳожатининг номини айтади) динимда, яшашимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун ёмон бўлса, мендан уни узоқлаштир, қаерда бўлса ҳам, мен учун яхшиликни тақдир қил ва мени ундан рози эт”. 

Дуодаги “мана шу иш”, деган ерига келганда ўз ҳожатини зикр қилади, сўнгра ўша ишни қилиш ёки қилмаслик тўғрисида кўнгли мойил бўлган томонга ҳаракат қилади. Ушбу намозни ўқигандан кейин мазкур иш ҳақида ўйламай, Аллоҳ ихтиёр қиладиган нарсани кутиб юради. Кейин кўнглига тушиб, ўзига маъқул бўлиб, қилгиси келиб қолса амалга оширади. Бу ҳақда туш кўриши ҳам мумкин. Агар иш бир тарафга ўтмай туриб қолса истихора намозини яна қайтадан ўқийди. Қайта ўқиш етти мартагача бўлади. Истихора намозида хоҳлаган сурасини ўқийди. Лекин биринчи ракатида “Фотиҳа” сурасидан кейин “Кофирун” сурасини, иккинчи ракатда “Ихлос” сурасини ўқиса яхши.

 

“Мўминнинг меърожи” китобидан олинди

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Банклар ва микромолия ташкилотлари ўз фаолиятини исломий банк фаолиятига ўзгартириши мумкин

11.08.2026   17311   2 min.
Банклар ва микромолия ташкилотлари ўз фаолиятини исломий банк фаолиятига ўзгартириши мумкин

Адлия вазирлиги Микромолия ташкилоти ва банк фаолиятини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами 3656-1, 01.08.2026 й.), хабар бермоқда huquqiyaxborot Telegram канали.

Мазкур идоравий ҳужжат "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида" 2026 йил 27 мартдаги ЎРҚ–1126-сон Қонунга мувофиқ айрим кредит ташкилотлари фаолиятини ўзгартиришнинг қуйидаги тартиб-таомилларини белгилайди:

  • микромолия ташкилотини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкни фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкини микромолия ташкилотига ўзгартириш;
  • банкни фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартириш.

Шунингдек, ўз фаолиятини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартиришга фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банки ҳақли.

Микромолия банкини давлат рўйхатидан ўтказиш ва банк фаолиятига доир тегишли лицензия (лицензиялар) олиш учун ногиронлиги бўлган шахслар учун микромолия банки биноларида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ қулай шарт-шароитлар яратилганлиги бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг хулосаси мавжуд бўлиши керак.

Ташаббус Форс кўрфази мамлакатларидан инвестицияларни жалб қилишга қаратилган бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш иқтисодиётга депозитлар ва тўғридан-тўғри инвестициялар кўринишида тахминан 1 миллиард доллар жалб қилиши мумкин. Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, 2035 йилга бориб Ўзбекистон ушбу тизим ишга туширилгандан бери дунёда ислом молиясининг энг тез ўсишини намойиш этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари