у ҳайратланарли воқеани Усмон Нурий Тўпбоши мақолаларидан бирида ўқиган эдим. Интернет манзилга кириб, ўша воқеа акс эттирилган видеотасвирни кўрдим. Бу чиндан ҳам ҳайрон қоларли эди.
Биламиз, оҳулар ҳар доим арслонларнинг ўлжаси бўлган. Лекин урғочи шернинг оҳу боласини ялаб-юлқаб, фарзандидек шафқат кўрсатишини, доим бирга юриб, бирга туришини ҳеч тасаввур қила оласизми? Жуда қийин, тўғрими? Бироқ Кениядаги Самбуру миллий қўриқхонасида шундай воқеа юз берди. Ёш урғочи шер қандайдир сабаб билан етим қолган оҳу боласига онасидек меҳрибонлик қилади. Бу илиқ муносабатни сезган оҳуча ҳам шердан айрилмайди. Она шер ёнидаги оҳу боласи эканини яхши билади, чунки уни гўшт билан боқмайди. Оҳу эса сут йўқлиги сабаб япроқларни ейишга уринади. Она арслон ҳатто овга ҳам чиқмай қўяди. Очликдан иккови ҳам заиф кўринса-да, саломатликлари яхши экани кузатилади.
Жараён икки ҳафта давом этади. Бу вақт мобайнида урғочи шер “асраб олган фарзанди”ни ҳимоя қилади, бир лаҳза ёнидан айирмайди. Оҳучани суйиб, эркалайди, қулоқлари, тумшуқларини ялаб-юлқайди. Аммо икки ҳафтадан сўнг буталар ортида пойлаб турган нар шер урғочи арслонни доғда қолдириб, оҳучани тишлаб олиб қочади. Икки ҳафталик очлик таъсирида заифлашиб қолган она шер уни ета олмайди. Чорасиз она ҳозиргина оҳу боласи ўлган жойни искай бошлайди, бир оздан кейин бошини эгиб у ердан узоқлашади...
Кузатувчилар эртасигаёқ урғочи шернинг овга чиққанини кўришади...
Ҳа, оналар шундай, Яратилишидан меҳр-шафқатли. Оналик – энг гўзал хислатлар мужассами. Келтирилган воқеа ҳам шу ҳақиқатнинг бир намойишидир.
Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи
ЎМИ Матбуот хизмати
Cавол: Маҳсига масҳ тортиш фарзми, суннатми, вожибми? Маҳси кийган одам таҳорат қилганда масҳ тортмасдан намоз ўқиса, намози дуруст бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Тўлиқ таҳорат билан маҳси кийган кишининг таҳорати синса ва у маҳсини ечмасдан янгидан таҳорат қилмоқчи бўлса, масҳ тортиши фарз бўлади. Агар масҳ тортмасдан намоз ўқиса, намози дуруст бўлмайди. Чунки маҳсига масҳ тортиш оёқни ювиш ўрнидадир. Шундай экан таҳоратда оёқ ювиш фарз эди, маҳсига масҳ тортиш ҳам фарз бўлади. Бу ҳақда "Лубоб" китобида бундай дейилади:
(وفرض ذلك) المسح (مقدار ثلاث أصابع من أصغر أصابع اليد) طولاً وعرضاً
"Маҳсига масҳ тортишнинг фарзи қўлнинг кичик бармоқларидан учтаси миқдоридадир. Бу миқдор қўл бармоғининг бўйи ва энича бўлади (яъни намланган қўллар билан шу миқдорда чизиқ тортади)". Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази