Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг ҳудудий босқичи ғолиби Нурмуҳаммед Аметниязов Умра зиёратига бориш имкониятини ҳам қўлга киритди. Унга Қорақалпоғистон Республикаси қозияти томонидан тақдим этилган ушбу имконият улкан олқишларга сабаб бўлди.
Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган Қуръон мусобақасининг ҳудудий босқичи натижалари билан танишинг.
Ҳифз йўналишида ҳеч бир иштирокчи Республика босқичига йўлланмани қўлга кирита олмади.
Тиловат йўналиши
18-25 ёш
1. Аметниязов Нурмуҳаммед
2. Нураддинов Шамсуддин
3. Исмаилов Ислом
26-40 ёш
1. Раджапов Султанбай
2. Сапашов Залфиқор
3. Обуджонов Назаржон
Имом Эшон Муҳаммад жоме масжидида "Муҳаммад ал-Беруний" исломий билим юрти талабалари ўртасида ўтказилган мусобақа натижалари билан танишинг.
Ҳифз йўналиши
1. Ҳабибуллаев Убайдуллоҳ
2. Қурбонбоев Неъматулла
3. Жўраев Яҳёхўжа
Тиловат йўналиши
1. Ҳикматуллаев Ҳамидулла
2. Сағидуллаев Зарафаддин
3. Нажимаддинов Каримаддин
Ғолибларга диплом ва совғалар тақдим этилди.
1-ўринга 700 минг сўм миқдорида китоб сотиб олиш учун ваучер тақдим этилган бўлса, 2- ўрин соҳибига 500 минг сўмлик, 3-ўрин соҳибига 300 минг сўм миқдоридаги ваучерлар тақдим этилди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Дўстингиз сизга айбларингизни айтиши, сиз эса ҳушёр тортиб, ўзингизни ўнглаб олишингиз нақадар гўзал!
Шу сабаб Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Айбларимни кўрсатиб қўйган кишига Аллоҳ раҳм қилсин”, деган эдилар.
Улуғлардан бири айтади: “Ҳар гал кўришганингизда сиздан бир айб топадиган биродарингиз, ҳар сафарги учрашувда қўлингизга битта тилло танга қистириб қўядиган биродардан кўра яхшироқдир”.
Дарҳақиқат, айбларингизни кўрсатиб қўядиган киши сизни ҳадя ва мол-дунёга кўмиб ташлайдиган кишидан яхшироқдир.
Ҳотамул Асом айтади: “Биродарингда бирорта айб кўрсанг-у, уни беркитиб, индамай қўяверасанг, шубҳасиз, унга хиёнат қилибсан. Мабодо ўзидан бошқага айтадиган бўлсанг, у ҳолда ғийбат қилибсан. Унинг бу айбини юзига солсанг, дўстлигингни бузибсан. Шунинг учун ҳам унга юмшоқлик ила насиҳат қил. Унга айби нимада эканини тушунтир. Бироқ бу ишларни одамларнинг олдида қила кўрма!”.
Имом Шофеъий айтадилар: “Биродарига махфий тарзда панд-насиҳат қилган киши ҳақиқий маънода насиҳат қилибди ва унинг обрўсини сақлабди. Ким биродарига ошкора (одамларнинг олдида) насиҳат қилса, уни шарманда қилибди ва обрўсини тўкибди”.
Шоир айтади:
Ёлғиз пайтим ёмғир айла насиҳатинг,
Оламонда асло бундай қила кўрма!
Койишдир ул жамоатда панд айтганинг,
Қулоқ осмоққа мен ҳеч рози бўлмам!
Леонардо да Винчи бундай деган: “Дўстингга махфий ҳолда танбеҳ беравергин, бироқ бошқаларнинг олдида уни мақтаб қўй”.
Биродарингизнинг обрўсини сақланг, зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Ким бир биродарининг обрўсини ҳимоя қилса, Аллоҳ таоло қиёмат куни ўша кишидан жаҳаннам азобини даф қилади” .
Ўз-ўзидан маълум бўладики, дўстингиздан айрилмаслик учун унинг баъзи камчиликларини кечиришингизга тўғри келади.
Шоирлардан бири шундай деган эди:
Дўстсиз яшамоқдан хавфсираб доим,
Юмиб ўтаман каму кўстига кўзим.
Холид ибн Сафвондан “Биродарларингиз орасида қай бири сизга маҳбуброқ?” – деб сўрашганида, у киши: “Қоқилишимни кечирадиган, камчиликларимни қабул қиладиган ва хатоларимни беркитадигани”, деб жавоб берган экан.
Суқрот айтади: “Дўстинг учун ўзингни қурбон қилишинг жуда ҳам осон, бироқ бу қурбонликка том маънода ҳақли бўлган дўстни топиш анчайин машаққатдир”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.