Савол: Баъзилар намоз бошланганида масжидга (жамоатга етиш учун) югуради. Шу тўғрими?
Жавоб: Бу хато. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқиётган эдик. Одамларнинг оёқ товушлари эшитилди. Пайғамбаримиз намозни тугатгач, улардан: “Сизларга нима бўлди?” деб сўрадилар. Улар: “Намозга шошилдик”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ундай қилманглар. Агар намозга келсаларинг, хотиржамлик билан келинглар. Намознинг қанчасига етсаларинг, уни ўқинглар, қанчасини ўтказиб юборсаларинг, уни (ўзларингиз) тўлдириб қўйинглар”, дедилар».
Шунинг учун намозга виқор билан келиш, шошмай ният қилиб, сафга туриш керак.
“Сўраган эдингиз” китобидан
Мишарий Харроз раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Нолияпсанми?
Ҳовли-жойинг торлик қиляптими?
Ёки яшашинг ва турмушингдаги мушкулотлар кўпми?
Ёки уйингдаги эҳтиёжларинг тез тугаб қоляптими?
Ёки оиланг, рўзғорингда етишмовчилик бўляптими?
У ҳолда сенга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиган қуйидаги дуоларини далолат қиламан. Уни тажриба қилиб кўриб, шахсий ҳаётимда ажиб таъсирини кўрганман: “Аллоҳуммағфирлий занбий, ва вассиъ лий фий дарий, ва барик лий фий ризқий!” (Роббим, гуноҳларимни кечир. Ҳовлимни кенг қил ва ризқимга барака бер).
Бунга риоя қиларкансан, тез орада уйингдаги ҳолатни ўзгаришини кўрасан, иншааллоҳ!”.