Қуръон забт этган қалблар
Абул Фазл Аббос ибн Фараж Риёший Басрий ҳикоя қилади: “Асмаъийнинг (асл исми Абдулмалик ибн Қарийб ибн Абдулмалик ибн Али Асмаъий Абу Саъийд Басрий бўлиб, 216 ҳижрий санада, тўқсон ёшга яқинлашиб вафот этган дейилади) бундай деганини эшитдим:
“Бир куни Басрадаги жоме масжиддан чиқиб кетаётсам, рўпарамдан туя минган, белига қилич осиб, қўлига камон ушлаб олган аъробий чиқиб қолди. Яқинлашиб, менга салом берди-да: “Сен қаерликсан?” деб сўради. “Асмаъ уруғиданман”, деб жавоб бердим. У: “Эй Асмаъиймисан?”, деди. Мен: “Ҳа”, дедим. У: “Қаердан келяпсан?” деб сўради. Мен: “Раҳмоннинг Каломи тиловат қилинадиган жойдан”, деб жавоб бердим. У ҳайрон бўлиб: “Раҳмоннинг одамлар тиловат қиладиган Каломи борми?” деб сўради. Мен: “Ҳа, бор” деб жавоб бердим. “Менга ўшандан тиловат қилиб бер!” деди у. Мен унга: “Туянгдан туш!” дедим. У туясидан тушди. Зарият сурасининг бошидан тиловат қила бошладим. Аллоҳ таолонинг:
وَفِي السَّمَاء رِزْقُكُمْ وَمَا تُوعَدُونَ
“Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарсалар (бор)” оятига етганимда, аъробий: “Эй Асмаъий, бу Раҳмоннинг Каломими?” деб сўради. Мен: “Ҳа, шундай. Муҳаммадни ҳақ ила хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборган Зотга қасамки, бу Унинг Каломи! У Зот буни Муҳаммадга нозил қилгандир”, дедим. Аъробийнинг юзида ажиб бир ўзгариши кўрдим: “Шу кифоя қилади”, деди.
Кейин туясининг олдига борди ва уни сўйди. Гўштини бўлакларга бўлиб, менга: “Бу ёққа келиб, бу гўштларни тарқатишга ёрдамлашиб юбор!” деди. Кейин биз бўлинган гўштни ўтган-қайтганларга тарқатдик. сўнгра қиличини ва камонини қўлига олиб, уларни синдирди. Синиқларни қум остига яширди.
Кейин саҳро ичкарисига қараб кетди. Кетаркан, “Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарсалар (бор)” оятини ўқиб борар эди. Бу ҳолатни кўргач, ўзимни маломат қила бошладим. “Нега аъробий таъсирланганда, Аллоҳнинг каломи қалбига етиб борганда, сен таъсирланмадинг!..” дедим.
Кейинги йили ҳажга борганимда Каъбани тавоф қилиб турсам, кимдир паст, мулойим овозда мени чақирди. Ўгирилиб қарасам, ўша аъробий турибди. Менга салом берди. Қўлимдан тутди-да, Мақоми Иброҳимнинг орқасига бошлаб борди. Кейин мени ўша ерга ўтқазиб, “Менга Раҳмоннинг Каломини тиловат қилиб бер!” деди. Мен яна “Зарият” сурасини бошидан бошлаб ўқидим. Аллоҳ таолонинг:
وَفِي السَّمَاء رِزْقُكُمْ وَمَا تُوعَدُونَ
“Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарсалар (бор)” оятига етганимда, аъробий қичқириб юборди ва: “Раббимиз бизга ваъда қилган нарсани ҳақиқатда топдик, кўрдик” деди. Кейин: “Бундан бошқа Каломи ҳам борми?” деб сўради. Мен: “Ҳа, Аллоҳ таоло бу оятнинг давомида:
فَوَرَبِّ السَّمَاء وَالْأَرْضِ إِنَّهُ لَحَقٌّ مِّثْلَ مَا أَنَّكُمْ تَنطِقُونَ
“Осмону ернинг Раббиси ила қасамки, албатта, у (гап) мисоли сиз нутқ қилаётганингиздек ҳақиқатдир” деб марҳамат қилган”, дедим. Шунда аъробий шунақа қаттиқ қичқирдики, “Субҳаналлоҳ! Буюк Аллоҳни ким ғазаблантирдики, ҳатто У Зот Каломини қасам ила таъкидлаяпти. Бандалар Унинг Каломини тасдиқламайдими? Унинг Каломига ишонмайдими? У Зот Каломи ҳақлигини таъкидлаш учун қасам ила гапиряпти” деб уч марта такрорлади. Учинчи марта қайтарди-ю, ўша заҳоти жон таслим қилди”.
Абу Исҳоқ Саълабийнинг “Қотла-л-Қуръан” асаридан Нозимжон Иминжонов таржима қилди
ЎМИ Матбуот хизмати
Луқмоннинг фарзандига айтган насиҳатларидаги буюк ҳикматлар
Баъзи сўзлар борки, орадан қанча асрлар ўтмасин, ўз қимматини йўқотмайди. Чунки улар инсон қалбига йўл топади, уни яхшиликка чорлайди ва ҳаётда тўғри йўлни танлашга ундайди.
«Эй ўғилгинам...»
Луқмоннинг фарзандига айтган бу мурожаатида чуқур меҳр, самимият ва улкан ҳаёт ҳикмати мужассам. Унинг насиҳатлари нафақат бир фарзандга, балки ҳар бир инсонга тегишли бўлган ибратли ўгитлардир.
Луқмон фарзандига аввало энг муҳим ҳақиқатни эслатади:
«Эй ўғилгинам! Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилма. Албатта, ширк катта зулмдир».
Инсон ҳаётидаги энг муҳим пойдевор — тўғри эътиқод. Дунёдаги бойлик, мансаб, обрў ва барча неъматлар вақтинчалик. Аммо инсоннинг Аллоҳ билан бўлган муносабати унинг бутун ҳаётига таъсир қилади. Шунинг учун фарзанд тарбияси, аввало, унинг қалбига иймон ва Аллоҳга бўлган муҳаббатни сингдиришдан бошланади.
Шундан сўнг Луқмон:
«Эй ўғилгинам! Намозни тўкис адо эт...»
деб насиҳат қилади.
Намоз — инсоннинг Роббиси билан боғланишидир. У қалбни поклайди, инсонни яхшиликка ундайди ва ҳаётига тартиб бағишлайди. Фарзандга намозни ўргатиш — унга фақат бир ибодатни эмас, балки масъулият, поклик ва маънавий тартибни ҳам ўргатишдир.
Луқмон фарзандини яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришга ҳам чақиради. Чунки ҳақиқий эзгулик фақат ўзимиз учун эмас, атрофимиздагилар учун ҳам манфаатли бўлиши керак. Баъзан бир оғиз яхши сўз инсоннинг кўнглини кўтарса, бир самимий насиҳат унинг ҳаётини ўзгартириши мумкин.
Аммо яхшилик йўли доимо осон эмас. Шунинг учун Луқмон:
«Бошингга тушган мусибатларга сабр қил», дейди.
Инсон ҳаётида турли синовлар учрайди. Баъзида режаларимиз амалга ошмайди, баъзида кутилмаган қийинчиликларга дуч келамиз. Ана шундай пайтларда сабр инсонга куч беради. Сабр — таслим бўлиш эмас, балки қийинчиликка қарамай тўғри йўлда давом этишдир.
Луқмоннинг яна бир муҳим насиҳати — кибрдан сақланиш:
«Кишилардан кибр билан юз ўгирма ва ер юзида манманлик билан юрма».
Инсонга берилган бойлик, илм ёки мартаба уни бошқалардан устун қилиб қўймайди. Аксинча, инсон қанчалик кўп неъматга эга бўлса, шунчалик камтар бўлиши лозим. Чунки ҳақиқий улуғлик — ўзини бошқалардан баланд қўйишда эмас, балки инсонларга ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлишдадир.
Насиҳатларда ҳатто инсоннинг юриши ва овозигача эътибор қаратилган:
«Юришингда ўртача бўл ва овозингни пасайтир. Албатта, овозларнинг энг ёқимсизи эшакларнинг овозидир». Бу бизга одобнинг катта ишлардагина эмас, балки кундалик одатларимизда ҳам намоён бўлишини кўрсатади. Вазминлик, мулойимлик, меъёр ва чиройли муомала инсонни безайди.
Бугун бизга ҳам керак бўлган насиҳатлар
Луқмоннинг фарзандига айтган ўгитлари асрлар олдин айтилган бўлса-да, бугунги кун учун ҳам ниҳоятда долзарб.
Бугун фарзандларимизга яхши касб эгаси бўлиш билан бирга, яхши инсон бўлишни ҳам ўргатишимиз керак. Уларнинг қалбига иймон, тилига яхши сўз, хулқига камтарлик, ҳаётига сабр ва меҳрни сингдиришимиз зарур.
Чунки фарзандга қолдириладиган энг қимматли мерос — мол-дунё эмас.
Энг буюк мерос — иймонли қалб, гўзал ахлоқ ва тўғри тарбиядир.
Шу боис Луқмоннинг:
«Эй ўғилгинам...» деб бошланган насиҳатлари ҳар биримиз учун ҳамон ўз аҳамиятини йўқотмаган. Уларни ўқишгина эмас, ҳаётимизга татбиқ этиш биз учун энг катта ибратдир.
Ҳумоюддин Ҳусниддин ўғли,
Масжидлар билан ишлаш бўлими
етакчи мутахассиси таржимаси