Юртимизда Ҳафтияки шариф чоп қилинди. Маълумотларга кўра, бу иш биринчи бор амалга оширилди. Бунга сабаб сифатида Ўзбекистонда "Ҳафтияк"нинг фақат Қозон нусхасидан фойдаланилган. Аксар ҳолда Қуръондан савод айнан Ҳафтияки шарифда чиқарилган.
Тошкент босмасининг энг асосий хусусияти, унда тажвид қоидалари ҳам берилган. Қоидалар кирилл алифбосига асосланган ўзбек ёзувида тушунтирилган.
Маълумотларга кўра, сифати ҳам Мадина босманикидан қолишмаслиги айтиб ўтилмоқда.
Аллоҳ Ўзининг Каломи хизматида бўлганларнинг авлодларидан Қиёматга қадар олиму, ҳофизи Каломуллоҳлар чиқарсин.
Қуръони каримнинг бир бўлаги бўлган Ҳафтияки шариф нашрини, юртимизда чоп этилажак Қуръони карим нашрларига муқаддима ўлароқ қабул қилсин!
ЎМИ Матбуот хизмати
Германиялик исломшунос олима, “Cultur-Cooperation International e.V.” ташкилоти раҳбари Кэтлин Гёбель I Халқаро ислом цивилизацияси форумидаги иштироки бўйича таассуротлари билан ўртоқлашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Олиманинг таъкидлашича, дунёнинг 50 та мамлакатидан келган етакчи олимлар, экспертлар ва жамоат арбобларини бирлаштирган ушбу нуфузли анжуман турли давлатлар ва илмий мактаблар вакиллари учун ўзаро ҳурмат, очиқ мулоқот ва ҳамжиҳатлик майдонига айланди.
Германиялик мутахассис Ўзбекистоннинг бой илмий-маърифий меросига юқори баҳо бериб, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий каби буюк алломаларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини алоҳида эътироф этди.
Хусусан, Имом Бухорий мажмуасида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, замонавий музей ва сунъий интеллект технологияларининг жорий этилгани унда катта таассурот қолдирган.
Кэтлин Гёбель Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган “Жаҳолатга қарши — маърифат” эзгу ғоясининг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
Унинг фикрича, Тошкентда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази нафақат миллий, балки бутун минтақа ва халқаро ҳамжамият учун очиқ бўлган, исломофобия ва адоватга қарши билим ва маърифат билан курашадиган ноёб платформадир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати