Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Август, 2026   |   15 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:21
Қуёш
05:45
Пешин
12:24
Аср
17:06
Шом
19:07
Хуфтон
20:26
Bismillah
28 Август, 2026, 15 Рабиъул аввал, 1448

Мазҳабсизлик ғоясининг салбий оқибатлари

16.05.2023   2636   6 min.
Мазҳабсизлик ғоясининг салбий оқибатлари

Мусулмонларнинг орасида ҳидоят йўлидан адашмаган, мўътадил ва бағрикенг, мусаффо эътиқодли, покиза диёнатли, Навоий таъбири билан айтганда “дили пок-у, тили пок” йўналиш сифатида айнан суннийлик эътироф этилган. Зеро, дил ва тил бирлиги суннийлик асосини ташкил этади.

Мусулмон киши дунё ва охират саодатига эришмоғи учун ақидада ҳам, фиқҳда ҳам суннийликдаги бирор-бир мазҳабга мансуб бўлмоғи зарурдир. Лекин ҳамма ҳам бу ҳақиқатни бирдек тан олмайди. Тарихда ҳам, ҳозирда ҳам мўмин-мусулмонларни турли адашган фирқаларга чорлаш ҳолатлари учраб тургани, бу ҳолат ҳатто мазҳабларни инкор қилишга олиб келгани маълум. Шунинг учун исломнинг моҳиятини тўғри англаган олимлар, таъбир жоиз бўлса, соҳанинг забардаст мутахассислари тўрт мазҳабдан бирига эргашиш лозим эканини таъкидлашган ва мазҳабларни инкор қилувчиларга илмий асосда раддиялар беришган.

Мазҳабсизлик – суннийлик мазҳабларидан бирига эргашиш лозимлигини инкор қилиш ва мусулмон кишида мазҳабга эргашиш мажбурияти йўқлигина даъво қилишдир. Бу араб тилида “ломазҳабия” ибораси орқали ифода этилади. Мазҳабга эргашишни араб тилида “тамазҳуб” дейилади. Мазҳабсизлик ғояси ХВИИИ асрнинг охири ва ХИХ асрнинг бошида Мисрда бошланган ва кейинчалик мусулмон дунёсига ўз таъсирини ўтказган ислоҳотчилик ҳаракати билан боғлиқдир.

Таъкидлаш жоиз, мазҳабсизлик ғояси илк куртак ёзган пайтларданоқ замон уламоларининг танқиди ва таъқибига учради. “Аҳли сунна вал-жамоа”нинг таниқли олимлари мазкур салбий иллатга қарши раддиялар битдилар. Улардан бири Имом Муҳаммад Зоҳид Кавсарийдир. Ҳанафий мазҳаби намояндаси, суннийлик ақидаси ҳимоячиси бўлган аллома Кавсарий 50 дан ортиқ асарлар муаллифи бўлиб, ўзининг китоб, рисола ва мақолаларида ислом таълимотининг асл моҳиятини асослаб берди ва уни бидъат ва залолатдан ҳимоя қилиш учун бор салоҳиятини сарфлади. Алломанинг 55 мақоладан ташкил топган ва кўпчилик уламолар эътирофига сазовор бўлган “Кавсарий мақолалари” асарининг бир мақоласи “Мазҳабсизлик динсизликка кўприк” деб номланади. Мазкур мақолада суннийлик мазҳабларнинг ҳар бирига саҳоба ва тобеъийнларнинг чинакам издошлари томонидан асос солингани илмий асосда, аниқ далиллар воситасида баён қилинади. Унда жумладан шундай дейилади: “Бугунги кунда мазҳабларни инкор қилувчилар Ислом аввалидан то ҳозиргача яшаб ўтган мазҳаб асосчилари ва мазҳабга эргашган мужтаҳидларни хато қилган деб ҳисоблаб, уларни мусулмонларнинг бўлинишлар ва ихтилофлари сабабчилари деб топиб, ўзларини ўтган мужтаҳидларнинг хатоларини аниқловчилари ва тузатувчилари деб билсалар, бу жоҳиллик ва ғофилликнинг энг юқори нуқтасидир”.

Бугун ҳам ўзини ислом ислоҳотчилик ҳаракати вакиллари деб ҳисоблайдиган айрим шахслар томонидан мазҳабсизлик ғояси тарғиб этилмоқда. Кўзга кўринган уламолар томонидан мазҳабсизлик ғояси қаттиқ танқид қилинади. Масалан, суриялик машҳур олим Шайх Муҳаммал Саъийд Рамазон Бутий (1920-2013), Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (1952-2014), Юсуф Қарзовий (1926-йилда туғилган) кабилар мазҳабсизлик ғоясига қарши асарлар битганлар. Рамазон Бутийнинг “Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир” асари Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф томонидан ўзбек тилига ўгирилган. Шунингдек, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Мазҳаблар – бирлик рамзи” китоби ҳам айни мавзуга дохилдир. 2000-йил Россия муфтийлар Кенгаши тўрт фиқҳий мазҳабни инкор қилишни радикализм ва экстремизм белгиларидан эканини эътироф этди.

Сабаби, ислом динининг моҳияти унинг мазҳабларида ифодалаб берилган. Мазҳабсизлик исломнинг асл таълимотидан узоқлашишдир, бинобарин, исломдан узоқлашишдир. Бир диннинг асл таълимотидан йироқ бўлиш, оқибатда шу диндан жудо бўлишга, яъни динсизликка олиб борувчи йўл экани олимлар томонидан эътироф этилган.

Олимлар ва фақиҳларнинг асрлар давомида Қуръон ҳамда суннат маъноларини оммага тушунтириб бериш йўлидаги тинимсиз меҳнатлари сабаб мазҳаблар, яъни ислом таълимотидаги асосий йўналишлар юзага келди. Мазҳаблар моҳияти ва аҳамиятини мантиқ ҳамда тафаккур асосида қуйидагича изоҳлаш мумкин.

Темирдан асбоб-ускуна ясашни бошлаган инсон замонлар ўтиб бугун ундан самолёт ясамоқда ва самода ер юзи бўйлаб саёҳат қилмоқда, тезюрар поездларда қисқа муддатда шаҳарлараро қатнамоқда. Энди бир одам шунча мутахассиснинг меҳнатини инкор қилиб, мен ўз тафаккурим билан поезд ёки самолёт ясашни қайтадан кашф этаман ва олдингиларидан зўр қилиб, мутлақо бошқача шаклда ясайман, уларда ишлатилган технологияларнинг бирортасини ишлатмайман ва ўзим ясаган жиҳоз билангина осмонга учаман ёки узоқларга қатнайман деса тўғри бўлмайди. Мазҳабларни инкор қилиш ҳам худди шунинг ўзи.

Тайёр пиширилган нонни емай, ҳар бир одам ўзи учун буғдой экиб, ўриб, тегирмондан ўтказиб, тандир қуриб, хамир қориб, нон ясаб, пишириб, ундан кейингина ейиши мантиқсиз. Ҳар бир инсон ўзи мазҳаб тузаман дейишини мутахассислар электрни қайтадан кашф қилиш ёки велосипедни қайта ихтиро қилишга менгзаганлар.

Юзлаб олимлар неча замонлардан бери меҳнат қилиб, ислом таълимотини содда шаклда баён қилиб берган бир даврда, етарли илмга эга бўлмай туриб, Қуръон маънолари, ҳадиси шарифлар ҳукмлари, саҳоба ва тобеъинлар фатволари каби ғоят серқирра ва пурмаъно манбалардан мустақил фатво излаш асоссиздир. Зеро, дунёнинг таниқли олимлари суннийликдаги мазҳабларнинг тўғри эканига иттифоқ қилганлар ва уларнинг бу масалада якдил фикрда экани бир ё икки эмас, қарийб ўн уч асрдан бери давом этиб келаётгани маълум. Энди, илмий асосланган мактаблар – мазҳабларни инкор қилиб, ўзгача йўлни таклиф қилаётганлар устида тафаккур қилинса, уларда мувайян ғараз борлиги кўзга ташланади.

Саидафзал САИДЖАЛОЛОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

“Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ИCEСCО” кафедраси катта ўқитувчиси

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

«Асрларни бирлаштирувчи мерос»: медиафорумда Қуръон, қўлёзмалар ва сунъий интеллектга оид лойиҳалар тақдим этилади

26.08.2026   16491   2 min.
«Асрларни бирлаштирувчи мерос»: медиафорумда Қуръон, қўлёзмалар ва сунъий интеллектга оид лойиҳалар тақдим этилади

 «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафорумининг учинчи ялпи сессияси 26 август куни «Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмун-моҳияти» мавзусида бўлиб ўтмоқда. Сессияда Қуръон мероси, қадимий қўлёзмалар, хаттотлик, ҳужжатли кино ҳамда тарихий манбаларни ўрганишда сунъий интеллектдан фойдаланиш масалалари ўрин олган, хабар бермоқда iccu.uz.

Асосий лойиҳалардан бири — «114 Қуръон: ислом олами хаттотлигининг 114 дурдонаси» бўлади. Уни Mueller & Schindler нашриёт уйи вице-президенти Александр Вильгельм тақдим этди. Шунингдек, сессияда «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва афсоналар» халқаро лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Уни Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов тақдим қилди.

Санкт-Петербург ҳужжатли фильмлар студияси бош директори Алексей Тельнов «Ягона тарихий мерос саҳифалари» лойиҳаси доирасида яратилган «Масжид» фильмининг трейлерини намойиш этди. Исломшунос ва маданият арбоби Кетлин Гёбель иштирокчиларни «Аллоҳнинг 99 исми: Унинг гўзал исмлари орқали Яратганни англаш» ноширлик лойиҳаси билан таништирди.

Алоҳида блок янги технологияларга бағишланади. Сбербанк Истиқболли технологияларни ривожлантириш бошқармаси ижрочи директори Владимир Кох ҳамда Ислом цивилизацияси маркази профессори, бош илмий ходими Зоҳидулло Мунавваров «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» лойиҳасини тақдим этади. Дастурдан, шунингдек, «Пайғамбарнинг фазилатлари» китоби ва «Ўзбекистон тарих харитасида: империялар, цивилизациялар, даврлар» лойиҳаси ҳам ўрин олган.

Халқаро мунозара «Жаҳолатдан маърифат сари: стереотиплар ва исломофобияни бартараф этишда медианинг ўрни» мавзусида ўтказилади. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, Жазоир, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг давлат ва халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Ориф «Журналистикада тарих ва сунъий интеллект: меросни онлайн маконда қандай сақлаш мумкин?» лойиҳасини, Ислом цивилизацияси маркази медиа бўлими раҳбари Ўктам Усманов эса «Ўзбекистонни дунёга машҳур қилган олимлар» китобини тақдим этади. Сессия «Дунё Қуръони: хаттотлик анъаналаридан — келажак мероси сари» тақдимоти билан якунланади. Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби директори Ҳабибулло Солиҳ турли мамлакатлар ва ислом хаттотлик мактаблари анъаналарини бирлаштирувчи ноёб Қуръонни яратиш бўйича хаттотлар ўртасидаги Жаҳон танловини эълон қилади.
 
Форумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади. Унда деярли 50 мамлакатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 нафар вакили — медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари