Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Август, 2026   |   7 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:37
Пешин
12:26
Аср
17:15
Шом
19:19
Хуфтон
20:41
Bismillah
20 Август, 2026, 7 Рабиъул аввал, 1448

Суннатнинг тарқалишида элчилик алоқаларининг аҳамияти

27.02.2018   9796   12 min.
Суннатнинг тарқалишида элчилик алоқаларининг аҳамияти

Расулуллоҳ (с.а.в.) муттасил уч йил Макка аҳлини махфий даъват қилдилар. Исломга хайрихоҳ кишилар сони бироз кўпайгандан кейин Расулуллоҳ (с.а.в.) очиқ-ойдин даъватга буюрилдилар. Маккаликларнинг душманлиги қаттиқлашган ва Мадина аҳли исломни қабул қилиб, Расулуллоҳ (с.а.в.)ни ҳимоя қилиш ва ёрдам беришга ваъда берганидан кейин, Аллоҳ таоло ҳижратга амр қилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) асҳоблари билан Мадинага борганларидан сўнг, у шаҳар ваҳий нозил бўладиган марказ ва исломнинг пойтахтига айланди. Ўша ердан ислом душманларига қарши ғазотларга бордилар, ўша ерда кўплаб муборак суннатларни жорий қилдилар. Аммо мушриклар билан тез-тез содир бўлиб турган жанглар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг даъватлари Жазира арабларига етиб боришга, шунигдек кўпчилик қабилаларни исломни қабул қилишига тўсқинлик қиларди. Ҳижратнинг олтинчи (6) йилида Расулуллоҳ (с.а.в.) билан Макка мушриклари орасида тузилган Ҳудайбия сулҳидан сўнг одамлар бир-бирларининг тажовузларидан амонда бўлдилар, бир-бирлари билан ҳамсуҳбат бўлдилар, “бу янги дин” нинг аҳамияти ҳақида суҳбатлашдилар ва суҳбатлардан таъсирланган кўплаб араблар ислом динини қабул қилдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) бу фурсатни ғанимат билиб, атроф мамлакатларнинг подшоҳларига мактублар йўлладилар, Яман, Баҳрайн, Ямома, Ҳазрамавт, Уммон ва бошқа араб шаҳарларидаги исломни қабул қилган қабилаларга муаллимлик қилиш учун элчилар юбордилар. Бу элчилар, биринчидан борган қабила аҳлига Аллоҳнинг раҳмати сифатида Қуръон ва Суннатни таълим берган бўлсалар, иккинчидан Араб жазирасидаги мусулмонлар орасида Росулуллоҳ (с.а.в.) ҳадисларини тарқалишига сабаб бўлдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) элчиликнинг динни тарқалишидаги аҳамиятини яхши билганлари учун, бу вазифага Ўзлари ишонган, тақвоси, одоби, илми юқори савияда бўлган, Аллоҳ ва Расулининг динига чиройли мавъизалар билан даъват қиладиган саҳобаларни танлаб, у ердаги вазиятни тушунтириб, даъват олиб бориш услубини ўргатиб юборар эдилар. Яманга Муъоз ибн Жабални юбораётиб шундай дедилар: “Сен аҳли китоб бўлган қавмга кетяпсан. Уларга бориб Аллоҳ таоло мусулмонларга беш вақт намоз ўқишни фарз қилганини айт. Улар сенга итоат қилсалар, Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини тутишни ҳам фарз қилганини айт. Улар сенга яна итоат қилсалар, Аллоҳ таоло, йўлга қодир бўлган мусулмонларга Байтуллоҳни ҳаж қилиш ҳам фарз қилинганини айт. Бунга ҳам рози бўлсалар, Аллоҳ таоло молларингиздан садақа(закот) фарз қилинган, бойларингиздан олиб камбағалларингизга берилади, деб айт”.

Табиийки, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан топшириқни олган саҳоба борган жойида У зот айтган гапларнинг айнини такрорлар, вазифасини бажаришга киришар, шу тариқа Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳадислари янги қавм орасида кенг тарқалишига сабаб бўларди.

Ҳижратнинг 8-9 йилларида Расулуллоҳ (с.а.в.) Макка фатҳи, Ҳунайн ва Табук ғазотларидан ғалаба билан қайтишлари атрофдаги мамлакатларни ваҳимага солди. Араб жазирасидаги баъзи қабилаларнинг исломга қизиқиши ортди. Маккалик Қурайш қабиласи-ки ислом байроғи остига ўтдими, мусулмонлар билан ўйнашиб бўлмасликни тушундилар. Натижада бу улуғ Пайғамбар (с.а.в.) билан мулоқот қилиш, зиёрат қилиш, ислом неъматидан баҳраманд бўлиш иштиёқида қабилалар гуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳам, якка-якка ҳолда ҳам Мадина сари равона бўлдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло хабар берган эди:

1.“(Эй Муҳаммад), Қачон Аллоҳнинг ёрдами ва ғалаба келса; 2. Ва одамлар тўп-тўп бўлишиб Аллоҳнинг дини (Ислом)га кираётганларини кўрсангиз; 3. Дарҳол Парвардигорингизга ҳамд айтиш билан (У Зотни ҳар қандай “шерик”лардан) покланг ва У Зотдан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул қилгувчи бўлган Зотдир .

Мадинага келаётган мусулмонларнинг сони кундан-кунга кўпайган каби, атрофдаги исломни қабул қилган, куфрни ва куфр аҳлини тарк этган мамлакатлар подшоҳларидан келаётган элчиларнинг сони ҳам ортиб борарди. Расулуллоҳ (с.а.в.) келган одамларга эҳтиром кўрсатардилар, ҳидоят ва диёнатни ўргатардилар, уларга Аллоҳга итоат қилувчиларга бериладиган ажр-савоблар башоратини берардилар. Уларнинг Мадинага келиш сабаблари Расулуллоҳ (с.а.в.) берадиган ато (ҳадя) учун эмас, балки, ислом арконлари, аҳкомлари, усули, фуруъини ўрганиш, яъни дин таълими учун эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларга ҳамма нарса ҳақида гапириб берардилар, саволларига жавоб берардилар, хутба ўқирдилар, ҳидоятга чақирардилар, умрларининг охиригача тақво, итоат қилишни тавсия этардилар. Мадинага ҳижрат қилиб келганлар сони ҳаддан ортиқ кўп бўлгани учун, тарихда ҳижратнинг 9-йили элчилар йили, деб номланди.

Расулуллоҳ (с.а.в.)га келган элчиларнинг беҳисоблигига қарамай, саҳобалар бу элчиларнинг қайси қабиладан келганлари, уларга Расулуллоҳ (с.а.в.) қандай мавъиза қилганларию, нима ҳақда гапирганлари, улар қандай савол берганларию, Расулуллоҳ (с.а.в.) қандай жавоб берганларини ёдда сақлаб қолган эдилар. Бунга бир неча мисол келтирамиз:

  1. Бани Саъд ибн Бакр қабиласидан Заммом ибн Саълаба ҳижратнинг 9-йилида элчи бўлиб келди. У Мадинага келганда, Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобалар орасида ўтирган эдилар. Заммом: “Қайси бирингиз Абдулмуттолибнинг ўғлисиз?!-деб сўради. Саҳобалар Расулуллоҳ (с.а.в.)ни кўрсатишди. Расулуллоҳ (с.а.в.)га қараб: “Эй Муҳаммад, элчинг бизга хабар қилишича, сени Аллоҳ юборган эмиш, тўғрими?”-деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Рост айтибди”,-дедилар.

-Сендан олдингию, сендан кейингиларнинг Парвардигори ҳаққи-а?

-Аллоҳ ҳаққи рост.

-Аллоҳ ҳаққи, сенга бир кеча-кундузда беш вақт намоз ўқишни Аллоҳ буюрдими?

-Аллоҳ ҳаққи рост.

-Аллоҳ ҳаққи, бойларимизнинг молидан олиб, камбағалларга беришни ҳам сенга Аллоҳ буюрдими?

-Аллоҳ ҳаққи рост.

-Аллоҳ ҳаққи, ўн икки ойдан Рамазон ойи рўзасини тутишни Аллоҳ буюрдими?

-Аллоҳ ҳаққи, рост.

-Аллоҳ ҳаққи, йўлга қодир бўлган одам Байтуллоҳни ҳаж қилишини Аллоҳ буюрдими?

-Аллоҳ ҳаққи, рост.

Заммом: “Мен Аллоҳга имон келтирдим, сизни тасдиқ этдим. Мен Заммом ибн Саълабаман”,- деди ва қавмига қайтиб бориб, уларни исломга киритди.

 

  1. Абдулқайс қабиласидан элчилар келишди ва Расулуллоҳ (с.а.в.)га шундай дейишди: “Биз Сизнинг зиёратингизга фақат уруш ҳаром қилинган ойлардагина кела оламиз. Чунки, орамизни Музор қабиласи тўсиб туради. Шунинг учун бизга шундай муҳим амалларни буюринг-ки, қолган қавмимизга ўргатайлик ва жаннатга кирайлик”. Кейин ичимлик тўғрисида ҳам сўрашди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларни тўрт нарсага буюрдилар: 

1). Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад (с.а.в.) Аллоҳнинг элчиси, деб имон келтириш; 

2). Намоз ўқиш; 

3). Рамазон рўзасини тутиш; 

4). Ўлжадан бешдан бирини бериш. 

Ва тўрт нарсадан қайтардилар: 

1). Кўза; 

2). Қовоқ; 

3). Ёғочдан ичи ўйиб ишланган идиш; 

4). Мешдан (яъни мазкур идишларда сақлаб, ачитиб ичиладиган маст қилувчи ичимликлар истеъмолидан) ва дедилар: “Шуларни ёдда сақланглар ва орқангизда қолганлар(қавмингиз)га етказинглар!” (Имом Бухорий, Имон китоби) 

  1. Тужиб қабиласининг элчилари ўн уч кишидан иборат бўлиб, ўзлари билан бирга бутун қабила аҳлининг молларидан чиқарилган закотни ҳайдаб келишди ва Расулуллоҳ (с.а.в.)га: “Эй Аллоҳнинг Расули, биз молимиздан ажратган Аллоҳнинг ҳаққини Сизга олиб келдик”,-дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларни хурсанд ҳолда кутиб олдилар, эҳтиром кўрсатдилар ва уларга дедилар: “Буларни ўз қавмингизга олиб боринглар ва камбағалларингизга тақсим қилиб беринглар!” Элчилар: “Эй Аллоҳнинг Расули, камбағалларимизга тақсимлаб бериб, ортганини сизга олиб келдик”,-дейишди. Абу Бакр Сиддиқ (рз.а.): “Эй Аллоҳнинг Расули, бирорта араб қабиласидан келган элчилар буларчалик итоат ва саховат кўрсатмаган”,- дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Албатта, ҳидоят Аллоҳнинг қўлида. Кимга яхшиликни ирода қилса, қалбини имонга очиб қўяди”. 

Элчилар Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларида Қуръон ва Суннатдан сўрашди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларга рағбат қилиб, кўп масалалрни баён этиб бердилар. Элчилар Расулуллоҳ (с.а.в.) билан видолашиб, ўз қавмлари томон жўнамоқчи бўлдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Сизлардан бирортангиз қолмадими?”-деб сўрадилар. Элчилар, уларнинг юкларини қўриқлаб туриш учун қолган ёш йигитни айтишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) йигитни чақириб келтиришни буюрдилар. Йигит етиб келгандан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в.)га деди: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен сизнинг ҳузурингизга ҳозиргина келиб кетган элчиларданман. Мен уларнинг ҳожатларини чиқардим. Сиз менинг ҳожатимни чиқарсангиз”. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Нима ҳожатинг бор?”-деб сўрадилар.”Аллоҳдан сўрасангиз, У мени мағфират қилса, менга раҳм-шафқат қилса, менинг қалбимни хотиржам қилса!”-деб илтижо қилди йигит. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Аллоҳим, у йигитни мағфират қилгин, унга раҳм-шафқат қилгин, унга хотиржамлик ато этгин”,-деб дуо қилдилар ва бошқаларга буюрган ислом амалларидан унга ҳам буюрдилар. Элчиларнинг ҳаммаси Ҳаж мавсимида Минода Расулуллоҳ (с.а.в.)ни кутиб олдилар, аммо дуо олган йигит кўринмади. Расулуллоҳ (с.а.в.) у ҳақда сўрадилар. Элчилар: “Эй Аллоҳнинг Расули, дунёда унга ўхшашни, Аллоҳ берган ризққа ундан кўра сабрлироқни кўрмадик. Одамлар бутун дунёни тақсимлаб олсалар ҳам, у қайрилиб қарамайди”,-дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Аллоҳга ҳамд бўлсин, мен умид қиламанки, ҳаммасидан (нафси) ўлишини”,-дедилар. Бир киши сўради: “Эй Аллоҳнинг Расули, бир одам (нинг нафси) ҳаммасидан ўлиши мумкинми?” Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Одамнинг орзулари ва ташвишлари дунё водийларига сочилган бўлади. Ажал уни шу водийлардан бирида ушлаши мумкин. Қайси водийда ушланмасин у ҳалок бўлади”. 

Шундай қилиб, атроф қабилалардан, мамлакатлардан Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг зиёратларига келган элчилар ҳам, У Зот тарафларидан атрофга юборилган элчилар ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) суннатларини тарқалишида муҳим аҳамият касб этганлар. 

Ҳижратнинг 10-йилида Расулуллоҳ (с.а.в.) бошчиликларида қилинган “Вадоъ ҳажжи” Суннатни бутун олам аҳлига тарқалишида муҳим воқеъа бўлди. Расулуллоҳ (с.а.в.) Арафотда Араб жазирасининг турли бурчакларидан келган 120 минг ҳожи ҳузурида оламшумул, машҳур хутбаларини ўқидилар. Эскидан қолган бутун ёмонликларни, қон даъволарини, судхўрликни, қиморни, фаҳшни, ҳар турли ҳақсизликларни бекор қилдилар. Мусулмонлар ўртасида мол, жон, номус хавфсизлигини таъминладилар. Аллоҳнинг амр ва наҳийларини яна бир бор эслатдилар. Эркакларнинг ўз хотинлари ва хотинларнинг ўз эркаклари устидаги ҳақларини тушунтирдилар. Барча мусулмонларнинг биродар эканлигини таъкидлаб: «Сизларга икки нарсани қолдиряпман, агар унга маҳкам ёпишсаларингиз, ҳақ йўлдан ҳеч қачон адашмайсизлар. Бири Аллоҳнинг Каломи, иккинчиси менинг суннатимдир»,-деган муборак ҳадисни айтдилар. 

 Видолашув сўнггида ўша саҳоба ҳожиларга: «Сиздан мени сўрайдилар, нима дейсизлар?»- дедилар. Саҳобалар: «Аллоҳнинг амрларини бизга билдирдингиз. Вазифангизни бажардингиз, деймиз»,- дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в) уч марта: «Аллоҳим шоҳид бўл»,-дедилар. Шу вақтда Аллоҳнинг ушбу ояти каримаси нозил бўлди: 

«Бугун сизларга дининггизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим» . 

“Суннат, ҳадис ва муҳаддислар” китоби асосида тайёрланди 

ЎМИ Матбуот хизмати

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳалол бўлинг, рост сўзланг, иймон ва инсонийликни асранг!

19.08.2026   7727   4 min.
Ҳалол бўлинг, рост сўзланг, иймон ва инсонийликни асранг!

Ҳалоллик ва ростго‘йлик инсоннинг шахсий фазилатлари бо‘лиш билан бирга, оила мустаҳкамлиги, жамият тараққиёти ва ижтимоий муносабатларнинг барқарорлигини та’минлайдиган муҳим миллий, диний, ма’навий-ахлоқий қадриятлардир.

Ислом динида ҳалоллик ва ростго‘йликка инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олувчи муҳим тамойиллар сифатида қаралади. Ҳалол ва ҳаромни фарқлаш, шубҳали ишлардан сақланиш, о‘згаларнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қилмаслик, ростго‘й ва адолатли бо‘лиш инсоннинг нафақат шахсий камолоти, балки жамият олдидаги мас’улиятини ҳам белгилайди.

Қур’они карим оятлари ва Пайг‘амбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ко‘плаб ҳадиси шарифларида инсонларни ҳалоллик ва ростго‘йликка да’ват қилиш, ҳар доим ҳалол бо‘лишга ундаш, алдов ва ёлг‘он гувоҳлик беришдан қайтаришга алоҳида э’тибор қаратилган. Зеро, ҳалоллик ва ростго‘йлик инсоннинг ма’навий камолотини, имони мустаҳкам ва ахлоқи го‘заллигини намоён этувчи энг муҳим фазилатлардир. Ҳаром ва ёлг‘он эса нафақат шахснинг обро‘си ва унга ишончини емиради, балки жамиятда о‘заро ишончсизлик, адоват ва низолар келиб чиқишига ҳам сабаб бо‘лади.

Аллоҳ таоло "Наҳл" сурасининг 105-оятида бундай марҳамат қилган: “Ёлг‘он со‘зларни фақат Аллоҳнинг оятларига имон келтирмайдиганларгина то‘қийдилар. Айнан о‘шаларнинг о‘злари ёлг‘ончилардир”.

Бу о‘ринда ёлг‘оннинг қанчалик ог‘ир ма’навий иллат экани баён қилиниб, унинг Аллоҳнинг оятларига муносабат билан бог‘лиқ жиҳати ко‘рсатиб бериляпти. Оятнинг нозил бо‘лиш сабаби Макка мушрикларининг Пайг‘амбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан турли асоссиз да’воларни илгари сургани, жумладан, у зотни ёлг‘ончиликда айблаганидир. Улар Қур’они каримни го‘ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг о‘злари то‘қиб чиқаргани то‘г‘рисида асоссиз да’воларни илгари сурган. Қур’они карим эса бундай иддаоларни очиқ-ойдин рад этган.

Аслида ёлг‘онни фақат имонсиз кишиларгина то‘қийди. Чунки, мо‘мин киши ёлг‘онни катта гуноҳ деб билади. Ёлг‘он сабабли қиёматда азобга қолишдан қо‘рқади. Шунинг учун ҳар қандай вазиятда ростго‘й бо‘лишга интилади. Ҳатто о‘з манфаатига зид бо‘лган ҳолатларда ҳам ҳақиқатни айтишни афзал билади. Зеро, ҳақиқий имон инсонни фақат ибодатларга эмас, балки юксак ахлоқий фазилатларга ҳам ундайди.

Ислом та’лимотида ҳалоллик ва то‘г‘рисо‘злик мақталган, ёлг‘он гапириш ва ҳақиқатни яшириш кескин қораланган. Жумладан, Пайг‘амбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Набийсоллаллоҳу алайҳи васаллам:“Ростго‘йликни о‘зингизга лозим тутингиз (ростго‘й бо‘лингиз)! Чунки, ростго‘йлик яхшиликка етаклайди, яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши доим рост гапирса, Аллоҳнинг ҳузурида “сиддиқ” (о‘та ростго‘й) деб ёзиб қо‘йилади. Ёлг‘ондан сақланинг! Чунки, ёлг‘он фожирликка (гуноҳ ва бузуқликка) етаклайди, фожирлик эса до‘захга етаклайди. Киши ёлг‘он гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида “каззоб” (о‘та ёлг‘ончи) деб ёзиб қо‘йилади”, дедилар”. (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ростго‘йлик ва ёлг‘ончиликнинг инсон ахлоқи, ма’навий ҳаёти ва охиратига қай даражада та’сир қилишини очиқ тарзда баён қилиб беряптилар. Ҳадис мазмунидан англашиладики, инсоннинг жаннатга ёки до‘захга тушишида унинг тили, я’ни ростго‘йлиги ё ёлг‘ончилиги ҳал қилувчи омиллардан экан.

Пайг‘амбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалол ва ҳаром о‘ртасидаги шубҳали нарсалардан сақланган киши дини ва обро‘йини пок сақлаши борасида бундай марҳамат қилганлар: Но‘’мон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича,“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганларини эшитдим: Ҳалол ҳам аниқ, ҳаром ҳам аниқ. Уларнинг о‘ртасида шубҳали нарсалар бор. Ко‘п одамлар буни билмайди. Ким шубҳалардан сақланса, дини ва обро‘йини пок сақлайди...” (Имом Бухорий ривояти).

Бу о‘ринда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни эҳтиёткорлик ва покликка да’ват этмоқдалар. Чунки, ҳалоллик тамойилларига амал қилган инсон ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида, жумладан, со‘зида, оилавий муносабатларида, та’лим олишда, меҳнат фаолиятида ва жамиятдаги о‘заро муносабатларида адолат, поклик ва ростго‘йликка интилади. О‘згаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилади, бировнинг мол-мулки ёки меҳнатининг маҳсулига тажовуз қилмайди, алдов, хиёнат ва манфаатпарастликдан узоқ бо‘лишга ҳаракат қилади. Бундай фазилатлар инсоннинг шахсий обро‘-э’тиборини юксалтириш билан бирга жамият а’золари о‘ртасида о‘заро ишонч ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлайди.

Мухтасар қилиб айтганда, ҳалоллик ва ростго‘йлик ижтимоий ҳаётнинг барқарорлигини, инсонлар о‘ртасидаги ишонч ва жамият тараққиётини та’минловчи муҳим ма’навий-ахлоқий асосдир. Ислом та’лимотидаги ҳалоллик, ростго‘йлик, адолат ва омонатдорликка оид ко‘рсатмалар бу қадриятларнинг инсон ва жамият ҳаётидаги о‘рни нақадар муҳим эканини ко‘рсатади. Ҳар бир инсон о‘з ҳаёти ва фаолиятида ҳалоллик, ростго‘йлик, адолат ва виждонлиликни устувор тамойилга айлантирса, жамиятда сог‘лом ма’навий муҳитни шакллантириш имконияти ортади.

Ё‘лдошхон Исаев, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими.

О‘збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ибратли ҳикоялар