Баъзи ҳозирги ёшлар орасида шаръий билимларни мукаммал билмаслик оқибатида, бошқаларга тақлид қилиб ёки кимларнингдир гап сўзларига учиб ҳанафий мазҳабидан келган далилларга гумон билан қараб, инкор қилишгача боришди. Бу аслида тўғрими?
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида саҳобалар ичида қандайдир бир шаръий тушунмаган масала чиқиб қолса, дархол у зотга мурожаат қилиб ечимини топишар эди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг саҳобалар шаръий саволлар бўйича ўзларинниг ичида мужтаҳид бўлган саҳобалардан фатво сўрардилар. Ибн Халдун айтганларидек: “Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг саҳобалари илмда бир-бирларидан фарқ қилар эдилар. Уларнинг барчалари ҳам аҳли фатво бўлмаганлар. Бу иш билан фақат Қуръоннинг носих ва мансухини, муташобиҳини, муҳкамини ва бошқа маъноларини билган ҳофизи Қуръонларгина шуғулланишган. Чунки улар бу илмни Набий солаллоҳу алайҳи васалламдан ёки у зотнинг сўзларини эшитган, пешқадам бўлган саҳобалардан олганлар. Шунинг учун улар “қорилар” деб аталган”.
Зеро, саҳобалар Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, у зотга ваҳийлар нозил бўлишига гувоҳ бўлган бўлсалар-да, кейинчалик шариатда ўзларича амал қилишмаган, балки ўзларидан олимроқ бўлган саҳобаларга эргашган. Чунки Аллоҳ таоло “Наҳл” сураси 43-оятида айтади:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُون
“Бас, агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақиҳ саҳобаларини эндигина Ислом тарқала ётган маконларга юборар эдилар. Улар эса бу саҳобанинг уларга берган ҳар битта фатволарига, буюрган амаллари, ибодатлари, муомалотлари ва ҳалол-ҳаром ишларидан ҳаммасига унга эргашардилар. Баъзан Китоб ва Суннатда далили бўлмаган ишлар билан рўбарў келиб қолишса, унда фақиҳ саҳобанинг ўзи ижтиҳод қилар ва ижтиҳодидан келиб чиқиб одамларга фатво берар, улар эса ўша ишда унга тақлид қилар эдилар. Бунга Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юборганликлари ҳақидаги ҳадис далил бўла олади. Бундан ташқари, яна эътиборли ҳолат шуки, саҳобаларнинг муфтийлари ҳукмни зикр қилар экан, фатво сўровчига унинг далилини баён қилиб ўтиришмаган. Чунки шариат илмидан бехабар бўлган авом учун мужтаҳиднинг фатвоси худди мужтаҳид олим учун Китоб ва Суннатдаги далиллар сингаридир.
Тобеъинлар даврида эса ижтиҳод доираси кенгайди, бу даврга келиб мусулмонлар Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари тутган йўлни тутдилар. Яъни ўзларининг ичидаги мужтаҳидларига эргашди.
Ибн Қайюм ўзларининг “Аъломул муваққиъийн” китобларида шундай ёзадилар: “Дин, фиқҳ ва илм бу умматга Абдуллоҳ ибн Масъуд, Зайд ибн Собитнинг шогирдлари, Абдуллоҳ ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Аббоснинг шогирдлари орқали тарқалди. Бас, одамларнинг ҳаммаси ана ўша тўрт саҳобалар орқали илмли бўлдилар. Мадина аҳлининг илми Зайд ибн Собит ва Абдуллоҳ ибн Умарнинг асҳобларидан, Маккаликларнинг илми Абдуллоҳ ибн Аббоснинг асҳобларидан, ироқликларнинг илми эса Абдуллоҳ ибн Масъуднинг асҳобларидандир”.
Ҳар бир замонда халифанинг ўзи кимга муфтийликни топширган бўлса ўша одамнинг исмини эълон қилдирар ва юртдаги ҳамма одамларнинг диққатини унга қаратар эди. Токи улар ўша муфтийларга ўз саволларини берсинлар ва диний масалаларда уларга эргашсинлар. Баъзида халифа ҳар-хил фатволарни эшитиб одамлар ҳайрат ва изтиробга тушиб қолмасликлари учун ўзи тайинлаган кишидан бошқаларни фатво бериш билан шуғулланишдан қайтарган.
Ибнул Имоднинг “Шазарот уз заҳаб” китобида: “Макка бўйлаб фатво беришлик Ато ибн Абу Рабоҳ билан Мужоҳидларга белгилаб берилган эди. Халифанинг жарчиси одамлар орасида юриб ана шу иккала имомлардан бошқа ҳеч ким фатво бериш билан шуғулланмасин, деб жар солиб чиқар эди.
Узоқ замонлар Маккаликлар мана шу иккала имомнинг мазҳабига амал қилдилар. Ато ҳам, Мужоҳид ҳам ва улардан бошқа имомлар ҳам халифанинг бу ишига эътироз билдирмаган ва ҳеч бирлари одамларни айнан битта имомнинг мазҳабини ушлаб олишдан қайтармаганлар ҳам”.
Тобеъийнлар даврида ижтиҳодий омиллар сабабли икки асосий мазҳаб – райъ ва ҳадис мазҳаби ўзини намоён қилди. Раъй мазҳабининг Ироқдаги қутбларидан Алқама ибн Қайс Нахаъий, Масруқ ибн Аждаъ Ҳамадоний, Иброҳим ибн Зайд Нахаъий ва Саъид ибн Жубайрлардир. Ироқ ва унинг ён-атрофидаги ҳамма кишилар ҳеч бир қаршиликсиз ана шу мазҳабга тақлид қилишар эди.
Ҳадис мазҳабининг Ҳижоздаги қутбларидан Саъид ибн Мусайяб Махзумий, Урва ибн Зубайр, Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар, Сулаймон ибн Ясор ва Абдуллоҳ ибн Умарнинг мавлоси Нофеълардир. Ҳижозликлар ва Ҳижоз атрофидаги ҳамма одам ҳеч бир қаршиликсиз мана шу мазҳабга тақлид қилган.
Ушбу иккала мактабдан бир нечта мазҳаблар пайдо бўлди. Барча мазҳаблар ушбу тўртта мазҳабда жамланди. Булар Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалийдир.
Аллома Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия» деб номланган асарларида «Кўплаб мазҳаблар орасидан айнан шу тўрт мазҳабнинг сақланиб қолиши худди Қуръони Каримнинг етти қироатдан фақат бир қироати сақланиб қолишига ўхшайди», -деганлар.
Мазҳаб дейилганда, асрлар оша мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолонинг ва Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида ижтиҳод қилиб топилган, мусулмонлар оммаси иттифоқ қилган, оқибати ёмон бўлишидан қўрқилмайдиган, У Зотнинг розилигига эриштирувчи йўлдир.
“Мазҳаб” сўзи арабча сўз бўлиб “йўл”, “йўналиш” деган маъноларни билдиради. Шаръий истилоҳда эса “бирор диний масала, муаммо бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўлидир”.
Мазҳаблар – гўёки бир дарёдан оқиб келаётган тўрт анҳорга ўхшайди. Уларнинг ҳар бирлари, ўз ижтиҳодлари билан Жаноб Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган шариъатдан ҳукмлар олишган. Уларнинг бир масалада қарашларининг турличалиги, уларни келиша олмасликларидан эмас. Ваҳоланки, бу билан шариатнинг барча жабҳасини қамраб олган. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Мадинада туриб ўз мазҳабларини шакллантиришда намозда қўлларини икки ёнга тушириб ўқишлик далилини қувватлаганлар. Бу Имом Моликнинг бундан бошқа далиллари бўлмаган, дегани эмас.
Ҳанафий мазҳаби олимлари, намозда қўлни киндик остида бўлиши тўғрисида ўз асарларида, “Ал-ҳидоя”, “Канзу-дақоиқ”, “Табйинул-ҳақоиқ”, “Ал-баҳрур-роиқ”, “Фатҳул-қадир”, “Мабсут” китобларида ишончли далилларни келтирганлар. Ҳаттоки, кўзга кўринган тобеъинлардан Суфён Саврий, ибн Роҳавайҳ, шофеъийлардан Абу Исҳоқ Марвазий каби олимлар, буни қувватлашган.
Шунинг учун ким мазҳабга эргашса, хато қилмаган ҳолда Қуръон ва Суннатга эргашган бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни Ўз йўлидан адаштирмасин!
Жобир Элов
ЎМИ Бухоро вилояти вакили,
вилоят бош имоми
Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.
Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.
Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.
Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.
Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.
Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.
Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.
Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати