Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Сентябр, 2026   |   19 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:26
Қуёш
05:49
Пешин
12:23
Аср
17:01
Шом
19:00
Хуфтон
20:19
Bismillah
01 Сентябр, 2026, 19 Рабиъул аввал, 1448

Бемазҳаблик сохта салафийликнинг асосидир

15.05.2023   2661   7 min.
Бемазҳаблик сохта салафийликнинг асосидир

Баъзи ҳозирги ёшлар орасида шаръий билимларни мукаммал билмаслик оқибатида, бошқаларга тақлид қилиб ёки кимларнингдир гап сўзларига учиб ҳанафий мазҳабидан келган далилларга гумон билан қараб, инкор қилишгача боришди. Бу аслида тўғрими?

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида саҳобалар ичида қандайдир бир шаръий тушунмаган масала чиқиб қолса, дархол у зотга мурожаат қилиб ечимини топишар эди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг саҳобалар шаръий саволлар бўйича ўзларинниг ичида мужтаҳид бўлган саҳобалардан фатво сўрардилар. Ибн Халдун айтганларидек: “Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг саҳобалари илмда бир-бирларидан фарқ қилар эдилар. Уларнинг барчалари ҳам аҳли фатво бўлмаганлар. Бу иш билан фақат Қуръоннинг носих ва мансухини, муташобиҳини, муҳкамини ва бошқа маъноларини билган ҳофизи Қуръонларгина шуғулланишган. Чунки улар бу илмни Набий солаллоҳу алайҳи васалламдан ёки у зотнинг сўзларини эшитган, пешқадам бўлган саҳобалардан олганлар. Шунинг учун улар “қорилар” деб аталган”.

Зеро, саҳобалар Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, у зотга ваҳийлар нозил бўлишига гувоҳ бўлган бўлсалар-да, кейинчалик шариатда ўзларича амал қилишмаган, балки ўзларидан олимроқ бўлган саҳобаларга эргашган. Чунки Аллоҳ таоло “Наҳл” сураси 43-оятида айтади:

 فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُون

“Бас, агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақиҳ саҳобаларини эндигина Ислом тарқала ётган маконларга юборар эдилар. Улар эса бу саҳобанинг уларга берган ҳар битта фатволарига, буюрган амаллари, ибодатлари, муомалотлари ва ҳалол-ҳаром ишларидан ҳаммасига унга эргашардилар. Баъзан Китоб ва Суннатда далили бўлмаган ишлар билан рўбарў келиб қолишса, унда фақиҳ саҳобанинг ўзи ижтиҳод қилар ва ижтиҳодидан келиб чиқиб одамларга фатво берар, улар эса ўша ишда унга тақлид қилар эдилар. Бунга Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юборганликлари ҳақидаги ҳадис далил бўла олади. Бундан ташқари, яна эътиборли ҳолат шуки, саҳобаларнинг муфтийлари ҳукмни зикр қилар экан, фатво сўровчига унинг далилини баён қилиб ўтиришмаган. Чунки шариат илмидан бехабар бўлган авом учун мужтаҳиднинг фатвоси худди мужтаҳид олим учун Китоб ва Суннатдаги далиллар сингаридир.

Тобеъинлар даврида эса ижтиҳод доираси кенгайди, бу даврга келиб мусулмонлар Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари тутган йўлни тутдилар. Яъни ўзларининг ичидаги мужтаҳидларига эргашди.

Ибн Қайюм ўзларининг “Аъломул муваққиъийн” китобларида шундай ёзадилар: “Дин, фиқҳ ва илм бу умматга Абдуллоҳ ибн Масъуд, Зайд ибн Собитнинг шогирдлари, Абдуллоҳ ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Аббоснинг шогирдлари орқали тарқалди. Бас, одамларнинг ҳаммаси ана ўша тўрт саҳобалар орқали илмли бўлдилар. Мадина аҳлининг илми Зайд ибн Собит ва Абдуллоҳ ибн Умарнинг асҳобларидан, Маккаликларнинг илми Абдуллоҳ ибн Аббоснинг асҳобларидан, ироқликларнинг илми эса Абдуллоҳ ибн Масъуднинг асҳобларидандир”.

Ҳар бир замонда халифанинг ўзи кимга муфтийликни топширган бўлса ўша одамнинг исмини эълон қилдирар ва юртдаги ҳамма одамларнинг диққатини унга қаратар эди. Токи улар ўша муфтийларга ўз саволларини берсинлар ва диний масалаларда уларга эргашсинлар. Баъзида халифа ҳар-хил фатволарни эшитиб одамлар ҳайрат ва изтиробга тушиб қолмасликлари учун ўзи тайинлаган кишидан бошқаларни фатво бериш билан шуғулланишдан қайтарган.

Ибнул Имоднинг “Шазарот уз заҳаб” китобида: “Макка бўйлаб фатво беришлик Ато ибн Абу Рабоҳ билан Мужоҳидларга белгилаб берилган эди. Халифанинг жарчиси одамлар орасида юриб ана шу иккала имомлардан бошқа ҳеч ким фатво бериш билан шуғулланмасин, деб жар солиб чиқар эди.

Узоқ замонлар Маккаликлар мана шу иккала имомнинг мазҳабига амал қилдилар. Ато ҳам, Мужоҳид ҳам ва улардан бошқа имомлар ҳам халифанинг бу ишига эътироз билдирмаган ва ҳеч бирлари одамларни айнан битта имомнинг мазҳабини ушлаб олишдан қайтармаганлар ҳам”.

Тобеъийнлар даврида ижтиҳодий омиллар сабабли икки асосий мазҳаб – райъ ва ҳадис мазҳаби ўзини намоён қилди. Раъй мазҳабининг Ироқдаги қутбларидан Алқама ибн Қайс Нахаъий, Масруқ ибн Аждаъ Ҳамадоний, Иброҳим ибн Зайд Нахаъий ва Саъид ибн Жубайрлардир. Ироқ ва унинг ён-атрофидаги ҳамма кишилар ҳеч бир қаршиликсиз ана шу мазҳабга тақлид қилишар эди.

Ҳадис мазҳабининг Ҳижоздаги қутбларидан Саъид ибн Мусайяб Махзумий, Урва ибн Зубайр, Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар, Сулаймон ибн Ясор ва Абдуллоҳ ибн Умарнинг мавлоси Нофеълардир. Ҳижозликлар ва Ҳижоз атрофидаги ҳамма одам ҳеч бир қаршиликсиз мана шу мазҳабга тақлид қилган.

Ушбу иккала мактабдан бир нечта мазҳаблар пайдо бўлди. Барча мазҳаблар ушбу тўртта мазҳабда жамланди. Булар Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалийдир.

Аллома Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия» деб номланган асарларида «Кўплаб мазҳаблар орасидан айнан шу тўрт мазҳабнинг сақланиб қолиши худди Қуръони Каримнинг етти қироатдан фақат бир қироати сақланиб қолишига  ўхшайди», -деганлар.

Мазҳаб дейилганда, асрлар оша мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолонинг ва Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида ижтиҳод қилиб топилган, мусулмонлар оммаси иттифоқ қилган, оқибати ёмон бўлишидан қўрқилмайдиган, У Зотнинг розилигига эриштирувчи йўлдир.

“Мазҳаб” сўзи арабча сўз бўлиб “йўл”, “йўналиш” деган маъноларни билдиради. Шаръий  истилоҳда эса “бирор диний масала, муаммо бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўлидир”.

Мазҳаблар – гўёки бир дарёдан оқиб келаётган тўрт анҳорга ўхшайди. Уларнинг ҳар бирлари, ўз ижтиҳодлари билан Жаноб Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган шариъатдан ҳукмлар олишган. Уларнинг бир масалада қарашларининг турличалиги, уларни келиша олмасликларидан эмас. Ваҳоланки, бу билан шариатнинг барча жабҳасини қамраб олган. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Мадинада туриб ўз мазҳабларини шакллантиришда намозда қўлларини икки ёнга тушириб ўқишлик далилини қувватлаганлар. Бу Имом Моликнинг бундан бошқа далиллари бўлмаган, дегани эмас.

Ҳанафий мазҳаби олимлари, намозда қўлни киндик остида бўлиши тўғрисида ўз асарларида, “Ал-ҳидоя”, “Канзу-дақоиқ”, “Табйинул-ҳақоиқ”, “Ал-баҳрур-роиқ”, “Фатҳул-қадир”, “Мабсут” китобларида ишончли далилларни келтирганлар. Ҳаттоки, кўзга кўринган тобеъинлардан Суфён Саврий, ибн Роҳавайҳ, шофеъийлардан Абу Исҳоқ Марвазий каби олимлар, буни қувватлашган.

Шунинг учун ким мазҳабга эргашса, хато қилмаган ҳолда Қуръон ва Суннатга эргашган бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни Ўз йўлидан адаштирмасин!

 

Жобир Элов

ЎМИ Бухоро вилояти вакили,

вилоят бош имоми

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

НИМА БИДЪАТ-У, НИМА СУННАТ? “БИДЪАТ” ТУШУНЧАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

20.08.2026   33607   7 min.
НИМА БИДЪАТ-У, НИМА СУННАТ? “БИДЪАТ” ТУШУНЧАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

Ҳозирги кунда “бидъат” сўзини кўпчилигимиз тез-тез эшитамиз. Таъбир жоиз бўлса, бу сўзни билган ҳам, билмаган ҳам, тушунган ҳам, тушунмаган ҳам ишлатмоқда.

Аллома ибн Ҳажар Маккий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фатҳул Мубийн” асарида бидъатнинг луғавий маъносини қуйидагича келтирган:

“Бидъат сўзи луғатда – ўхшаши бўлмаган, янги нарсани пайдо қилиш”, деган маънони беради.

“Баҳрул Лайолий шарҳи Бадъул Амолий”да эса, бидъатнинг луғавий маъносини: “Аввал бўлмаган, ўхшаши йўқ нарсани пайдо қилиш” деб келтирган.

Шундан келиб чиқиб, мазкур уламолар бидъат хоҳ ибодатларда, хоҳ одатларда бўлсин, яхши ёки ёмон бўлсин, Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган янги пайдо бўлган нарса деб қараганлар.

Уламолар луғавий бидъатни беш қисмга бўлганлар.

Биринчиси: Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмасдан Қуръон ва суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади.

Демак, Қуръон ва суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.

Иккинчиси: Ҳаром бўлган бидъат. Мўътазила, жабария ва ҳозирги салафий ҳамда аҳли суннага зид бўлган турли фирқа ва оқимларни таъсис этиш. Чунки булар ҳам Исломнинг илк даврларида бўлмай, кейинчалик турли мақсадларда ташкил қилинган бўлиб, асосан соф Ислом ақидасини нотўғри талқин қилиш, Исломга ва мусулмонларга зарар бериш билан танилган. Шунинг учун бундай фирқа ва оқимларга кириш ҳаром ҳисобланади.

Учинчиси: Мустаҳаб бидъат. Масжидларга миноралар қуриш, маъҳад ва мадрасалар барпо этиш, Қуръон қироатини эшитиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш учун турли мажлислар ташкил қилиш мустаҳаб бидъатлар сирасига киради.

Тўртинчиси: Макруҳ бидъат. Масжидларга зийнат бериш.

Бешинчиси: Мубоҳ бидъат. Еб-ичиш, кийим-кечак, маскан-манзилларда кенгчиликка йўл қўйиш. Яъни агар ҳалолдан бўлса, киши ўзи яшайдиган манзилини чиройли таъмирласа, фахр ва кибрдан холи бўлиб, қимматбаҳо кийим кийган бўлса ва емоқ-ичмоғида кенгчиликка йўл қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Чунки шаръан бу пайтда мазкур ишлар мубоҳ саналади.

 

Бидъатнинг шаръий-истилоҳий маънолари

Бидъатнинг шаръий – истилоҳий маъноларини “Баҳрул Лаолий шарҳи Бадъул Амолий” асарининг соҳиби қуйида уч қисм қилиб келтирганлар:

الزِّيَادَةُ وَالنُّقْصَانُ فِي الدِّينِ مِنْ غَيْرِ إِذْنِ الشَّارِعِ

1. “Шореънинг изнисиз динда зиёда ва нуқсонга йўл очиш”.

جَعْلُ غَيْرِ الدِّينِ دِينًا أَوْ مَا يَكُونُ مُشَابِهًا بِالدِّينِ وَلَيْسَ مِنَ الدِّينِ

2. “Диндан бўлмаган нарсани дин деб билиш ёки динга ўхшаш мартабага кўтариш”.

عَمَلٌ مُحْدَثٌ عَلَي نِيَّةِ الْعِبَادَةِ

3. “Динда асли йўқ бўлиб, янги пайдо бўлган нарсани ибодат ниятида бажариш”.

Мазкур таърифларга асосланиб фуқаҳолар икита фиқҳий қоидани жорий қилганлар.

الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْإِبَاحَةُ

1. “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”. Яъни, аслида ҳамма нарса мубоҳ ва тозадир.

الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْحُرْمَةُ

2. “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”.

Зоҳиран қараганда бир-бирига зид бўлган бу икки қоидани татбиқи шундайки, агар бир киши дунё ишларини осонлаштириш, одамларнинг оғирини енгил ва узоғини яқин қилиш мақсадида бирор нарса масалан машина, телефон ёки турли фойдали мосламалар ўйлаб топиб ихтиро қилса, “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”, қоидасига биноан бу яхши ва мақталган иш ҳисобланади.

Аммо, ибодат ниятида динда бирор нарсани жорий қилиш, суннат бўлмаган амални суннат деб эътиқод қилиш, “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”, қоидасига биноан бидъат ва ҳаром иш ҳисобланади.

Бидъатнинг турлари.

“Саҳиҳи Бухорий” китобини шарҳлаган Имом Қасталоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Байҳақий Имом Шофеъийдан нақл қилиб: “Китобу суннатга ва ижмога хилоф бўлган ишлар залолатга чорловчи бидъатдир. Аммо, китобу суннатга хилоф бўлмаган яхши ишлар бидъат эмас, балки “Муҳдасоту маҳмуда” яъни кейин пайдо бўлган мақталган ишлардир”, деганлар (Қасталоний. Ж. 1. Б. 302).

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ سَنَّ فِي الإسلام سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا یُنْقَصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ وَمَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً سَیِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَایُنْقَصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас у учун унинг ажри ва ундан кейин унга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Муслим ривояти).

Мана шу ва бошқа далилларга таяниб, уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Шариатнинг аслига хилоф бўлмай, шу билан бирга фойдали ва хайрли амаллар бидъати ҳасанадир. Шаръий асосга эга бўлмаган амал ёки эътиқодни жорий қилиш бидъати саййиа дейилади”, деганлар. (“Фатҳул Борий” китоби, Ж. 4. Б. 253).

Бидъати ҳасана – бунга ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровиҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилди ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, деди.

Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.

Бидъати саййиа эса, шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, у шариатимизда рад этилган. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ

“Ким бизнинг бу динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, ҳадисда кўзланган мақсад диннинг асосий манбалари бўлмиш Китоб, суннат ва ижмога хилоф бўлган ишларни пайдо қилиш бўлса, бас, у рад қилингандир. Аммо дунёвий ҳаётнинг равнақига хизмат қиладиган, инсонларга манфаат берадиган ишларни пайдо қилиш, гарчи Китобу суннатда асоси мавжуд бўлмаса-да, зинҳор бидъат дейилмайди.

 

Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА