Ўтган замонда Ҳажжож исмли бир золим подшоҳ бор эди. Кўп уламо ва саидларнинг бошларини кесмиш ва қонларини тўкмиш эди. Анинг жабр ва зулми шул даражага етмишдур, тарих китобларининг ҳар бирида анинг исмини Ҳажжожи золим деб ёд қилмишлар.
Мана ушбу Ҳажжож бир кун йўлда бир дарвешга йўлиқди. Олдига чақириб: «Эй дарвеш, маним ҳақимга бир яхши дуо қил!» — деди. Дарвеш қўлини дуога кўтариб: «Ё Раб! Бу золимни жонини тезроқ олғайсан», — деб дуо қилди. Ҳажжож аччиғланиб: «На учун бундай ёмон дуо қилурсан?» — деди. Дарвеш: «Агар сан тезроқ ўлсанг, гуноҳинг кўпаймас. Ва барча фуқаро сенинг зулмингдан қутулур. Шунинг учун маним бу дуом ҳам санга ва ҳам барча кишиларға фойдалидур», — деди.
Дарвешнинг тўғри жавоби Ҳажжожга хуш келуб, кўп инъомлар берди. Ҳам ул кундан бошлаб зулмдан қўл йиғди.
Мунавварқори Абдурашидхонов. Адибус-соний
Манба: http://ukkosha.shosh.uz
Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Қашқадарё вилоятида «Инсон қадри улуғланган юртда меҳр ва эътибор ҳар бир хонадонга кириб боради» шиори остида хайрли тадбир ўтказилди.
Мазкур ташаббусга Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарҳод Кушаков ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, бош имом-хатиб Раҳматилло домла Усмонов бошчилик қилди.
Тадбир доирасида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳудудлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва бемор фуқароларнинг хонадонларига ташриф буюрдилар.
Самимий мулоқотлар давомида фуқароларнинг ҳол-аҳволи ва эҳтиёжлари ўрганилиб, уларга маънавий далда берилди. Хонадон эгаларига байрамона кайфият улашиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари, эҳсон ва совға-саломлар топширилди.
Шунингдек, имом-хатиблар юртдошларимиз билан оила мустаҳкамлиги, ўзаро меҳр-оқибат, сабр-қаноат ҳамда саховатнинг фазилатлари ҳақида диний-маърифий суҳбатлар олиб бордилар. Бу каби хайрия тадбирлари жамиятда ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга, одамлар қалбида эртанги кунга ишонч уйғотишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати