Жорий йилнинг 19 сентябрь куни Бухоро давлат техника университетида «Нақшбандийлик анъанаси: Исломда тинчлик, бағрикенглик ва ўзаро англашувни ривожлантиришдаги ўрни» мавзусида нуфузли халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда маҳаллий ва хорижий олимлар, исломшунос тадқиқотчилар ҳамда дин арбоблари иштирок этиб, Нақшбандия тариқатининг маънавий илдизлари, унинг жамиятда тинчликпарварлик, аҳиллик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлашдаги ўрни хусусида маърузалар қилдилар.
Шунингдек, тадбир давомида «Баҳоуддин Нақшбанд» илмий-тадқиқот маркази томонидан чоп этилган янги китоб ва илмий нашрларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Икки ялпи қисмда ташкил этилган конференция доирасида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази директори Азизхўжа Иноятов ҳамда бир қатор мутахассисларнинг ушбу таълимотнинг бугунги кундаги аҳамиятига доир мулоҳаза ва фикр-мулоҳазалари тингланди.
Иштирокчилар аждодларимизнинг бой маънавий меросини чуқур ўрганиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш юзасидан илмий таклиф ва тавсияларни илгари сурдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати