Манбаларда келишича, Абдуллоҳ ибн Муборак бой-бадавлат бўлиб, унинг жами мол-мулки тўрт юз минг динор қийматидан ошаркан. Йиллик даромади эса юз минг динорга тўғри келар экан. Унинг отаси бор-йўғи бир боғбон бўлиб, бу бойлик ундан қолмаган. Бунча катта давлатни ўз меҳнатию саъй-ҳаракатлари туфайли қўлга киритган.
Ибн Муборак уни ўзидан кейинги авлодларига мерос қилиб қолдириш, сандиқларга тахлаб қўйиш, қимматбаҳо уй анжомлари ва бебаҳо туҳфалар сотиб олишга сарфлаш учун тўпламаган. Ақлли, диёнатли, зуҳду тақвога таянган, сермулоҳаза, охиратни ўйлаб иш тутадиган бу улуғ инсон мақсади молу дунёсини Аллоҳ розилиги йўлида, хайрия ишлари ва эзгу мақсадларга сарфлаш бўлган. Зикр этилганидек, ҳар йили юз минг дирҳам пулини ибодат, зуҳд ва илм аҳлига сарфлар эди. Маблағнинг ҳаммаси унинг тижоратдан олган фойдасидан эмас, балки аксар ҳолларда йиққан сармояси ҳисобидан бўлган. Бинобарин, тижорат қилишдан ва унинг даромадидан кўзлаган мақсади фақиру фуқароларга, олиму уламоларга, зоҳиду обидларга хайрия тариқасида сарфлаш эди. Айни шу мақсадда у тинмай ишларди, узоқ юртларга тижорат сафарларини амалга оширарди.
Абдуллоҳ ибн Муборак бир куни Фузайл ибн Иёзга: “Сен ва асҳобларинг бўлмаганида мен тижорат билан шуғулланмасдим”, деган эди. Мана шу тариқа у зоти шарифнинг меҳнати, тижоратидан кўзлаган мақсади фақат садақа, хайр-эҳсону мурувват кўрсатиш эди. Чунки бу хайрли ишда инсоний олий мақом ва дунёю охиратда эзгулиги улуғ ишларни кўрарди. Ҳатто унинг ҳузурига бедаво дардга мубтало бўлган бемор ёрдам сўраб келса, унга тўғри йўл кўрсатиб, садақаи жория қилардики, кўпинча у бемор шифо топиб кетарди.
Али ибн Ҳасан ибн Шақиқ бундай деган: «Бир одам Ибн Муборакдан бундай деб сўраганини эшитган эдим: “Эй Абу Абдурраҳмон, бундан етти йил муқаддам тиззамга қонаб турадиган бир яра чиққан эди, уни тузатаман деб қилмаган дори-дармоним ҳам, бормаган табибим ҳам қолмади, бироқ булардан ҳеч бир наф кўрмадим”. Шунда Ибн Муборак унга: “Теварак-атрофни айланиб кўриб, одамлар сувга эҳтиёж сезган бир сувсиз жойни топда, ўша жойда бир қудуқ қази. Аминман, ўша жойда сув отилиб чиқадиган бир булоқ пайдо бўлади ва ярангдан қон оқиши ҳам тўхтайди”, деди. Шунда бояги одам унинг айтганини қилган эди, яраси битиб, тузалиб кетди» (Байҳақий ривояти).
Ибн Муборакнинг ўзи ҳатто жазирама иссиқ кунларида ҳам рўзадор бўлар, муҳтож одамларни энг яхши таоми билан боқар эди. Ҳеч қачон бир ўзи овқатланмай, таомини албатта бирор меҳмон билан баҳам кўрарди. Бу хусусда Ҳасан: “Мен Ибн Муборакнинг Хуросондан то Бағдодгача қилган сафарида ҳамроҳлик қилгандим, лекин шу сафар давомида бирор марта ҳам унинг ёлғиз ўзи оқатланганини кўрмадим”, деб ҳикоя қилган. У хурмо харид қилардида, уни мискину бечораларга улашиб: “Ким менинг хурмоларимдан еса, ҳар бир еган хурмоси учун бир дирҳам мукофот олади”, дерди, кейин ейилган хурмо данакларини санаб, хар бир данакка бир дирҳамдан тарқатарди.
Яна у: “Оч кишига берилган бир бурда луқма (нон, таом), менинг назаримда, масжид қурганимдан ҳам афзалдир, гарчанд у масжидни бир ўзим қурадиган бўлсам ҳам”, дер эди.
Ибн Муборакнинг тижорат ва фойдадан кўзлаган мақсади мана шу ғояга қаратилган эди. Айни шу йўлда у мол-дунё тўплади. Аллоҳ таоло давлатини баракали қилди, унинг камайиб қолишидан ҳеч бир хавотирсиз хайр-эҳсон йўлига сарфлади. Алломанинг ақл бовар қилмайдиган, афсонавий даражадаги саховати ва олийҳимматлиги ҳақида эл-юрт орасида ҳикоялар тарқалган. Улардан баъзилари устида тўхталамиз.
Ибн Муборак бир марта Аллоҳ йўлида эзгу ишлар қилиш ниятида Бағдоддан Масусага, яъни Рум (Кичик Осиё)нинг бир чегараси ҳисобланадиган жойга боради. Унинг ҳамроҳлари ўзларини дину диёнатни мустаҳкамлаш йўлида яхши амалларга ихтиёрий бахшида этган сўфийлар эди. Ибн Муборак уларга: “Эй ғулом, тоғорани бу ёққа келтир”, деди, сўнгра тоғора устига дастрўмолини ёзди-да: “Ҳар бирингиз ёнидаги бор пулини тоғорага ташласин”, деди. Натижада улардан бири ўн дирҳам, бошқа бирлари йигирма дирҳамдан бор пулини ташлашди. Шунда Ибн Муборак ал-Масусага етгунларига қадар уларга хайр-эҳсон қилиб, барча харажатларини ўзи кўтарди. Манзилга етганларидан кейин уларга: “Бу ерлар чегара жойи, энди қолган пулларимизни ўзаро бўлишиб оламиз”, деди ва ҳар бир одамга йигирма динордан эҳсон қила бошлади. Шунда баъзилар: “Эй Абу Абдурраҳмон! Ахир мен йигирма дирҳам бермаган эдимку?” дейишса, ул зот: “Аллоҳ таоло дин йўлида яхши амалларга бел боғлаган инсонларнинг мол-дунёсини баракали қилишини билмайсизларми?” деб жавоб қилар эди.
Бир йили Ибн Муборак ҳаж ибодатини азму қарор қилди ва марвлик асҳобларга: “Сизлардан ким бу йил ҳажга боришни ният қилган бўлса, ўзи билан олмоқчи маблағини менга келтириб топширсин, у киши учун харажатни мен тўлайман”, деди. Кейин уларнинг пулларини йиғиб олдида, пул солинган ҳар бир халта устига эгасининг исмини ёзиб, махсус бир сандиққа солиб, қулфлаб қўйди. Сўнгра ҳаммага етарли от-уловларни ёллаб, улар билан биргаликда Марвдан Бағдод томон сафарга чиқди. Сафардаги зарурий харажатлар масаласими, от-улов ёки зиёратга отланганларнинг ўзаро муносабатидаги одоб-ахлоқию улар учун қулайликлар масаласими – барчаси ҳар жиҳатдан тўкис адо этилди. Ибн Муборак уларни энг мазали таомлар, ширин ҳолвалар билан овқатлантириб, барча харажатларини тўлар эди. Сўнгра ўша мулойимлиги, муруввати ва хушнудлиги билан Бағдоддан чиқиб Мадинаи мунавварага етиб келгунларигача улар билан бирга бўлдилар. Етиб келишгач, ҳамроҳларининг ҳар биридан оила аъзолари Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаҳарларидан қандай қимматбаҳо совғалар олиб келишни буюришганини сўради. Улар: “Фалон ва фалон нарсаларни айтган эдилар”, деб жавоб қилдилар. Ибн Муборак ҳар бирининг аҳли оиласи буюрган нарсаларни сотиб олиб, уларга улашди. Шундан сўнг у зиёратчилар билан Макка томон йўл олди. У ерда ҳаж ибодати арконларини адо этиб бўлгач, ҳамроҳларидан: “Аҳли аёлингиз Макка томонларидан нималарни харид қилишни буюрганлар?” деб сўради. Улар: “Фалон ва фалон нарсаларни буюрганлар” дейишгач, ўша нарсаларни харид қилиб олиб берди. Сўнгра зиёратчилар Маккадан чиқиб, ўз юртлари томон равона бўлдилар. Ибн Муборак сафар ниҳоясигача уларга шундай ҳамроҳлик қилди.
Зиёратчилар ўз юртларига келиб, уйларининг кўримсиз, эскирган жойлари сувалиб тартибга солинган, таъмирланган, деворлари оқланган, эшиклари бўялган ҳолда кўриб, ҳайрон бўлишди. Уч кун ўтгач, Ибн Муборак бир зиёфат уюштириб, ҳаммаларини меҳмон қилди. Овқатланиб бўлишгач, уларга янги кийимлар улашиб, янада хурсанд қилди. Шундан кейин зиёратга борганларнинг пуллари қўйилган сандиқни очиб, ундаги халтачаларни чиқариб, ёзилган исмларига қараб эгаларига тарқатди. Меҳмонлар ўз маблағларини бекаму кўст олишиб, Ибн Муборакка ташаккур ва миннатдорликлар изҳор қилиб, уйуйларига тарқалишди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Коинотда, атроф-жавонибимизда, тарихда ва ҳатто ўз нафсимизда кечадиган баъзи бир ҳолатлар, ўзгаришлар борки, ана шу ҳолатлар бизларнинг кейинги аҳволимиздан огоҳлантиради. Ушбу ҳолатларни бир сўз билан “аломатлар” (белгилар) деб номланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бизларни ана шу аломатлар билан огоҳлантириб туришини баён қилган.
Масалан, инсон туғулганда ҳеч нарсани билмайдиган норасида гўдак бўлади. Аста-секин улғая боради, куч қувватга тўлади, ақл-заковати ортади ва охир оқибат яна кексайиб кучдан қолади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган: “Сизларни Аллоҳ яратди. Сўнгра вафот эттиради ҳам. Сизларнинг орангизда энг тубан умр кўришга (кексайиб, заиф ҳолатга) қайтарилиб, илгари билган нарсаларининг ҳеч бирини билмай қоладиган кишилар ҳам бордир. Албатта, Аллоҳ билимли ва қудратлидир” (Наҳл сураси, 70-оят). “Биз кимга узоқ умр берсак, унинг вужудини хам (эгик, заиф) қилиб қўюрмиз. Ахир, ақл юргизмайдиларми?!” (Ёсин сураси, 68-оят).
Сочда оқ, суякларда мўртлашиш бошланиши билан инсон огоҳ бўлиши керак. Зеро, бу умрнинг поёнига етиб бораётганлигидан далолатдир. Аллоҳ таоло ушбу аломатлар билан бизларни огоҳлантирмоқда. Демак, энди инсон маъсиятлардан тийилиши, гуноҳларига тавба қилиши, оламларнинг раббиси бўлмиш Аллоҳ таолога юзланиши, охират тадоругини кўриши лозим бўлади.
“Бас, қачонки, у (инсон) вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида: “Роббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган солиҳ амални қилишга мени муваффақ этгин ва мен учун зурриётимни ислоҳ эт! Албатта, мен Сенга (гуноҳларимдан) тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонлардандирман”, – дейди” (Аҳқоф сураси, 15-оят).
Қирқ ёш камолот ёши ҳисобланади. Шу ёшга етишнинг ўзи инсоннинг Роббисига қайтмоқ фурсати келганлигидан далолатдир. Оқил инсон ушбу ёшда тавба йўлига ўтади. “Роббим! Дарҳақиқат, менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан бошим (сочим) оқарди. Эй, Раббим! Мен сенга дуо қилиб (ҳеч қачон) бахтсиз бўлган эмасман” (Марям сураси, 4-оят).
Табиат ҳодисаси бўлмиш зилзилалар ҳам Аллоҳ таолонинг огоҳлантиришларидан бири ҳисобланади. “Қачонки, Ер ўзининг (энг даҳшатли) зилзиласи билан қимирлаганида, Ер (ўз қаъридаги конлару мурдалардан иборат) “юк”ларини (юзага) чиқариб ташлаганида, ва (қайта тирилишни инкор қилувчи) инсон (даҳшатга тушиб): “Унга не бўлди экан?” – деб қолганида, – ана ўша кунда Ер ўз хабарларини сўзлар” (Залзала сураси, 1-4-оятлар).
Демак, зилзила ҳам коинотдаги аломатлардан бири бўлиб, инсонга охират кунини эслатади, Аллоҳга тавба қилиб, Унга қайтмоқлик фурсати келганлигига далолат қилади.
Аллоҳ таоло осмон жисмлари бўлмиш Ой ва Қуёшларни ҳам бежиз яратмаган. Уларни коинотда сайр қилдириб қўйганлигининг ўзи ҳам инсоният учун бир огоҳлантириш. Яъни умр ўтиб бораётганлиги, вақт оз қолаётганлигининг аломатидир.
“Қуёш (тинмай) ўз қароргоҳи сари сайр қилур. Бу Азиз (қудратли) ва Алим (билимли зот)нинг ўлчовидир. Биз Ойни ҳам, токи у эски хурмо бутоғидек бўлиб (эгилиб) қолгунича, манзилларга (ботадиган қилиб) ўлчаб қўйгандирмиз” (Ёсин сураси, 38-39-оятлар).
Дарҳақиқат, Ой аввал бошда ҳилол бўлиб кўринади, сўнгра тўлин ой шаклига киради. Ундан кейин яна ҳилол ҳолатида қайтиб тугайди. “Сиздан (эй, Муҳаммад!) ҳилоллар (янги ойлар) ҳақида сўрайдилар. “Улар одамларга (йил ҳисоби) ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир”, – деб айтинг” (Бақара сураси, 189-оят).
لكل شئٍ إذا ما تم نقصانه فلا يُغر بطيب العيش إنسان
هي الأمور كما شاهدتها دول من سرّه زمن ساءته أزمـــــــــان
Маъноси:
Ҳар нарсаки камолга етгач, нуқсонга учрар,
Айшнинг роҳатига алданма, инсон.
Кўрганингдек, ишлар навбати билан,
Бир гал масрурдирсан, бошқа пайт ғамнок.
Мазкур байтларни Абулбақо ар-Рундий раҳимаҳуллоҳ (601-684ҳ./1204-1285м.) Андалусиянинг мағлубиятини кўрганда айтган экан.
Демак, оқил инсон тарихдан ҳам, табиат ҳодисаларидан ҳам, ҳатто ўзининг хилқатидаги ўзгаришлардан ҳам ўзи учун хулосалар олиши ва бу хулосалар унинг имонининг қуввати ортишига, гуноҳлардан қайтиб, Аллоҳнинг тоатига бўйин эгишга сабаб бўлмоғи лозим.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ