Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Август, 2026   |   28 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:58
Қуёш
05:28
Пешин
12:30
Аср
17:24
Шом
19:32
Хуфтон
21:00
Bismillah
11 Август, 2026, 28 Сафар, 1448

Муносабат: Бухоро – баракаси зиёда маскан

18.02.2018   5939   11 min.
Муносабат: Бухоро – баракаси зиёда маскан

Бухорои шариф – Айюб алайҳиссаломнинг дуосини олган, не-не ошиқу орифлар, авлиёлар қўним топган баракотли ва табаррук маскан. Ушбу муборак маскандан динимизнинг равнақига муносиб ҳисса қўшган шарафли олимлар  етишиб чиққани боис унинг Ислом оламида муносиб ўрни бор.

Ҳа дарвоқе, Айюб алайҳиссаломнинг дуоси. Мўътабар манбаларда келтирилишича, Аллоҳ таоло шайтон лаъинга Расулининг садоқатини намойиш қилиш учун уни молу давлатидан, фарзандларидан жудо қилиб ўзини инсон боласи чидаши қийин бўлган оғир дардга мубтало қилиб қўйганидан кейин Айюб алайҳиссаломга дунё тор бўлиб қолган экан. Дардининг оғиридан эмас, одамларнинг гап-сўзидан. Танасини қурт еяётган пайғамбарни кўрган одамлар ундан ирганиб қочар, нобоп сўзларни ҳам гапирар экан. Уларнинг таъна-дашномларидан қочиб муштипар хотини билан ер юзини кезиб юриб Бухорога келиб қолган экан. Бухоро халқи у зотга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, бирмунча вақт яхши парвариш қилибди. У зот кетар чоғида жуда ҳам миннатдор бўлиб Аллоҳ таолодан ушбу юртга барака сўраб дуо қилган экан.

Ана ўша дуонинг шарофати ила Бухорода ҳар доим маъмурлик бўлган. Буюк олимлар етишиб чиққан. Ўтган азизларнинг ҳурматини қилиб президентимиз Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифини Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси зиёратидан бошлади. Зиёрат одобига биноан шу ерда ётган азизларнинг руҳларига бағишлаб Қуръони каримдан тиловат қилинди. Зиёрат давомида Давлатимиз раҳбарига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳамроҳлик қилди.

Юртимиз қадим цивилизация учоқларидан бири ҳисобланади. Буюк Ипак йўли айнан бизнинг воситаси ила ушбу маконда турли халқлар маданияти туташган. Умуминсоний таълимотлар ҳам айнан дунё давлатларига шу ердан олиб ўтилган. Айниқса, муқаддас Ислом дини крниб келганидан сўнг Марказий Осиёда, хусусан, Бухорода катта юксалиш юз берди. Бу маконда одамзотнинг ақлини шоширадиган даражада тезликда кўплаб олимлар етишиб чиқди. Ана ўшаларнинг ҳисобига юртимиз қадамжоларга бой бўлди. Уларнинг илми зиёсидан фойдаланиш учун мактаб-мадрасалар қурилди. Бу ўз навбатида олиму уламонинг, ошиғу орифларнинг сафини янада кенгайтирди. Президентимиз раҳнамолигида миллий маданий меросимизни асраб-авайлаш, ривожлантириш, юртимиздаги тарихий обида ва ёдгорликларни тиклаш, ўрганиш ва келажак авлодларга етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Эсингизда бўлса, давлатимиз раҳбари ўтган йили 10 март куни Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасида бўлиб, бу ерни янада обод масканга айлантириш, зиёратчилар учун зарур шароитлар яратиш борасида мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берган эди. Ушбу мажмуанинг ниҳоятда кўркам, шинам ва салобатли бир ҳолатга келтирилиши, айниқса, зиёратчилар учун намунали шароитлар яратилиши шунинг учун зарурки, бу манзилга зиёрат келувчилар – юртимиз зиёратчилари ва хорижлик зиёрат туризмига келувчилар ҳисобига йилдан йилга ортиб бораверади. Негаки, мусулмон давлатлари, айниқса, Индонезия, Туркия, Малайзия, Покистон, Эрон каби давлатларда, шунингдек, мусулмон аҳоли кўп яшайдиган Ҳиндистон, Хитой каби давлатлар ҳамда аҳолисининг муайян қисми ислом динига кирган Европа ва Осиё давлатларида нақшбандийлик тариқатига кирган, ҳазрати Баҳоуддин  Нақшбанднинг мақбарасини зиёрат қилишни истаган диндош биродарларимиз жуда ҳам кўп ва уларнинг сони ушбу давлатлар аҳолиси ортишига мутаносиб равишда ортиб бораверади. Қўшни давлатларимиз аҳолисининг ҳам кўпчилиги ушбу тариқатга эргашади.

Президентимиз ўтган вақт мобайнида қилинган ишларни кўздан кечирди ва керакли маслаҳатлар берди.

Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний эса хожагон тариқатининг асосчиси, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг маънавий узтозидир, яъни Баҳоуддин Нақшбанд увайсиз бўлиб, ҳол илмида Абдухолиқ Ғиждувонийнинг руҳидан тарбият топган. Президентимизнинг 2017 йил 11 июлда «Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида»ги фармойиши қабул қилинган эди. Ушбу фармойиш ижроси юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шавкат Мирзиёевга мазкур саналар муносабати билан амалга ошириладиган маънавий-маърифий, илмий-амалий тадбирларни ташкил этиш бўйича «йўл харитаси» ҳақида маълумот берилди.

Давлатимиз раҳбари мазкур тадбирларни юқори савияда ўтказиш, бунинг учун барча манбалардан фойдаланиш лозимлигини таъкидлади.

Абдухолиқ Ғиждувоний, Ориф Ревгарий, Али Ромитаний, Бобойи Самосий, Маҳмуд Фағнавий, Саййид Амир Кулол, Баҳоуддин Нақшбанд каби меъморий мажмуаларни ўз ичига олган етти пир зиёратгоҳи нафақат юртдошларимиз, балки бутун дунё мусулмонлари учун табаррук масканлар ҳисобланади. Ушбу азизлар бир силсиланинг халқасини навбати билан тебратган пири комиллар ҳисобланади.

Президентимизга мазкур мажмуаларни реконструкция қилиш ва янги сайёҳлик йўналишларини очиш бўйича қилинадиган ишлар ҳақида маълумот берилди. Унга мувофиқ, бу мажмуалар қайта таъмирланиб, қўшимча бино ва иншоотлар қурилади. Атрофи ободонлаштирилиб, меҳмонхона, чойхона, савдо мажмуалари, автотураргоҳлар барпо этилади.

Мазкур мажмуалар ўртасидаги умумий масофа 122 километр. Шавкат Мирзиёев мажмуалар орасидаги йўллар бўйида замонавий инфратузилма ташкил қилиш бўйича кўрсатма берди. Бухоро давлат университети ҳузурида Бухоро тарихини ўқитадиган махсус факультет очиш кераклигини таъкидлади.

– Етти пир ётган қадамжолар орасидаги йўллар бўйида улар ҳақидаги маълумотлар акс этсин. Зиёратга келганлар кенг маълумотга эга бўлсин. Бунинг учун кадрлар тайёрлашга эътибор бериш керак, – деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари Бухоро вилоятида боғчада болаларга яратилган шароитлар билан танишди, ходимлар билан мулоқот қилди.

– Мактабгача таълимга бежиз бунчалик эътибор қаратаётганимиз йўқ, – деди Шавкат Мирзиёев. – Болалар айни боғча ёшида билимни тез ва осон ўзлаштиради, бир умрга эслаб қолади. Шунинг учун ушбу тизим ривожи билан боғлиқ масалалар доим диққатимиз марказида бўлиши керак.

Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида вилоятда туризм соҳасини янада ривожлантириш концепцияси асосида амалга оширилаётган ишлар билан танишган президентимиз вилоятда 2018 йилда туризмни янада ривожлантириш концепциясига мувофиқ, 61 лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилгани, жумладан, 32 меҳмонхона, 12 мотел, 10 истироҳат боғи барпо этилиб, “Бухоро Палас”, “Варахша” ва “Зарафшон” меҳмонхоналари реконструкция қилиниши, туризм бўйича халқаро ва миллий ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, ресторанлар қуриш, сайёҳларга хизмат кўрсатувчи транспорт воситалари харид қилиш, маданий мерос объектларини тадбиркорларга ижарага бериш, ҳаво шарида саёҳатни ташкил қилиш, Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент ва Жондор туманларида қишлоқ туризмини йўлга қўйиш режалаштирилгани, ушбу лойиҳаларни амалга ошириш масаласида фаол ишлаш зарурлигига уруғу берди.

Бинобарин, ушбу лойиҳалар ижроси натижасида вилоятга келаётган хорижий ва маҳаллий сайёҳлар оқимини сезиларли даражада кўпаяди. Янги иш ўринлари кўпаяди.

Дарҳақиқат, дунёда туризмдан мўмай фойда олаётган шундай давлатлар борки, уларда саёҳат ёки зиёрат қиладиган нарса унчалик зўр эмас, аммо улар хизматларни шу қадар зўр йўлга қўйганки, ўша хизматларининг ўзи туристларни мамлакатига жалб қилади. Яна шундай давлатлар борки, улар зиёрат объектидан имкони қадар унумли фойдаланади. Масалан, Ҳиндистонга Тожмаҳални зиёрат қилишга борган киши биратўла Аграга учиб бора олмайди. Чунки самолёт Деҳлига қўнади. Деҳлига борган киши табиийки, шу ерда меҳмонхонага қўноқ бўлади. Кейин эртасига такси кира қилиб Аграга йўл олади. Такси ҳам Тожмаҳалга қадар олиб бормайди. У уч-тўрт чақирим берида тўхтайди. Бу ёғига рикшалар туради. Улардан бирини кира қилишга мажбурсиз. Ҳиндистон давлати ана шу йўл билан хийла одамнинг тирикчилиги ўтадиган қилиб қўйган. Мисрда ҳам шу йўл тутилган.

Аммо бизнинг зиёратгоҳларимизнинг мақоми уларникидан бир неча бор баланд. Биз ҳам зиёратчиларга ҳам сифатли кўрсатиб, уларнинг юртимиздан мамнун бўлиб кетишини ҳамда давлатимизга туристлар воситасида кирадиган валюта тушумини оширишнинг оптимал чораларини қилмоғимиз даркор. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари вилоятга ўтган йилги ташрифида Бухоро шаҳрининг сайёҳлик инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида унинг тарихий қисмида ҳунармандлар мавзеси қуриш, Ҳақиқат ва Хўжа Нуробод кўчаларини кенгайтириб сайлгоҳга айлантириш, Пойи Калон ва Мир Араб мадрасаларини қайта таъмирлаш бўйича топшириқлар берган эди.

Шунга мувофиқ, Ҳақиқат кўчаси кенгайтирилиб, 1,5 метр қалинликдаги тупроқ қатлами олиб ташланди, тарихий обидалар атрофи очилди. Кўча бўйлаб биринчи қаватида дўкон ва устахоналар бўлган, иккинчи қаватида ҳунармандлар оилалари яшайдиган уйлар қуришга киришилди. Натижада кўча шаҳарнинг тарихий қисмига монанд сайлгоҳга айланиб бормоқда. Вилоятга келаётган сайёҳлар бу ерга ҳам ташриф буюриб, уста-ҳунармандлар иши билан танишмоқда, ипак гиламлар, кашталар, зарбоф тўнлар, турли кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари, сувенирлар харид қилиб, Бухоронинг қадимий довруғини дунёга янада кенг ёйишга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Жорий йилда Пойи Калон мажмуасидаги тарихий обидаларни таъмирдан чиқариш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилди. Хўжа Нуробод кўчасида жойлашган Абдулазизхон ва Улуғбек мадрасаларида таъмирлаш ва тиклаш ишлари амалга оширилади. Арк қўрғони мажмуаси атрофи ободонлаштирилиб, унинг ичкарисидаги бино ва иншоотлар таъмирланади. Мир Араб мадрасасини қайта тиклаш ва унинг янги ўқув биносини қуриш ишлари олиб борилади. Шу кўчанинг ўзида ҳунармандлар растаси қурилади.

Шавкат Мирзиёев эски шаҳар қисмининг туризм инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари билан танишар экан, ушбу ҳудуд том маънода Бухоронинг юраги бўлиши кераклигини таъкидлади.

Президентимиз Мир Араб мадрасаси бино ва иншоотлари, туристларга хизмат кўрсатувчи автоуловлар, инфратузилма объектларини кўздан кечирди. Зотан, айни кунларда кўплаб давлатларнинг мусулмонларига бош бўлиб турган муфтийлар, имом-хатибларнинг ширин хотиралари ушбу масканга боғланган. Улар шу ерда таҳсил олиб илм ҳосил қилган. Табиийки, улар ўз қавмига Мир Араб мадрасаси ҳақида сўзлаб бериб уларни бу маконларга келишга қизиқтириб қўяди. Умуман, бу ерда ўқимаган мусулмонлар ҳам улуғ алломаларнинг аксари шу ерда ўқиганини эшитган боис Мир Араб мадрасасини бир бора зиёрат қилишини дилига тугиб юради.

Амалга оширилаётган лойиҳалар битса, иншоаллоҳ, Бухорои шарифга келувчи зиёратчиларнинг сони  ортиб бораверади, азизларимиз бошида ўқилаётган тиловати Қуръонлар кўпаяверади ва бундан уларнинг ҳам руҳи шод бўлади.

                                                                                 

ЎМИ матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“ТАКФИР” – МУСУЛМОН ЖАМИЯТИНИ ИЧИДАН ЕМИРУВЧИ ФИТНА

11.08.2026   7165   10 min.
“ТАКФИР” – МУСУЛМОН ЖАМИЯТИНИ ИЧИДАН ЕМИРУВЧИ ФИТНА

Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.

“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:

﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾

“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).

Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.

Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:

‏ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ:‏ الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.

«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.

Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.

“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:

﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾

“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).

Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.

«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).

Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.

Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.

Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.

Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.

Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.

Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.

Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:

وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.

“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.

Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.

Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:

قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ

فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.

Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).

Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.

Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар

﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾

“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.

Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.

Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.

Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.

Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.

 

Ўткирбек Собиров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА