Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Сентябр, 2026   |   6 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:45
Қуёш
06:05
Пешин
12:18
Аср
16:40
Шом
18:33
Хуфтон
19:49
Bismillah
17 Сентябр, 2026, 6 Рабиъус сони, 1448

Сиз ҳам утружжамисиз?

15.02.2018   18089   6 min.
Сиз ҳам утружжамисиз?

Қуръон тингловчиларга хушхабар! 

Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду саноларимиз бўлсинки, қарийб бир ойдан бери давом этаётган Республика Қуръон мусобақасининг файзу футуҳи пойтахтимиз Тошкент шаҳрида бошланиб кетди. Аллоҳнинг муборак Каломига ихлосманд халқимиз хушовоз қориларнинг гўзал тиловатларини қалблари тўла муҳаббат билан тингламоқда. Республика бўйлаб Қуръон мусобақасини хоҳ бевосита бўлсин, хоҳ жонли эфирда бўлсин тинглаб бораётган Қуръон мухлисларига хушхабар бермоқчимизки, Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таоло китобидан бир оятни эшитса, унга икки (кўп) савоб ёзилади”, деб марҳамат қилдилар.

Сизларга хушхабар бўлсин, Қуръондан бир ҳарф тиловат қилсангиз, Аллоҳ таоло ўнта савоб беради. Демак, бир дона оятда қанча ҳарф бўлса, уни ўн баробарича савобга эришасиз. Тинглаганингизда эса уни яна икки баробарга кўпайтиринг. Энди бир ўйлаб кўринг-чи, мусобақанинг бир кунида қанча оят тингламоқдасиз? Бундан Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган раҳмати нақадар чексизлигини англаб етасиз.

Қуръон тиловатини тинглашнинг бошқа фойдалари ҳам кўп. Абдудоим Каҳил бундай деган: “Тўлиқ соғайишни истаган бемор ҳар куни бир неча соатдан Қуръон эшитсин. Унинг маъносини англашга уринсин. Зеро, Қуръон мазмунини тушуниш ҳам шифодир”.

Дарҳақиқат, Қуръон тинглашнинг соғликка ҳам беҳисоб фойдалари борки, у билан инсон тинчланади, хотиржам бўлади. Бу эса беморнинг соғайишига кучли омил бўлади.

Қуръон тинглаган инсон охиратни эслайди, натижада ҳаётини тўғрилашга уринади, хатти-ҳаракатларини назорат қилади, Қуръон тинглаганимизда кўзимизга ёш келиши ҳам бежиз эмас... 

Қориларнинг юксак мартабаси бор 

Умму Дардо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен Оиша (онамиз) олдига бориб: “Жаннатга кирганлар ичида Қуръон ўқиган билан ўқимаган орасида қандай фарқ бор?” деб сўрадим. Оиша (онамиз): “Жаннат поғоналари Қуръон оятларига тенг. Жаннатга кирганлар ичида ҳеч ким Қуръон ўқиганлардан афзал бўла олмайди”, деб жавоб берди”.

Шундай экан, қориларимизга хушхабар бўлсинки, уларнинг узоқ йиллар чеккан заҳматлари эвазига Аллоҳ таоло ўзига хос мукофот тайинлаб қўйган. У эса жаннатнинг энг юқори даражасидир.

Яна бир ривоятда: “Қорилар жаннатга кирганларидан сўнг уларга “Ўқи ва кўтарил!” деб хитоб қилинади. Қори ўқир экан, жаннатнинг даражаларидан кўтарилиб бораверади. Қаерда ўқишдан тўхтаса, ўша қават унинг жаннатдаги мақоми бўлади”. Демак, Қуръондан ким қанча ёд олса, шунга қараб ўзининг мартабасини белгилайди. У ҳолда ўз мақомимизни жаннатнинг энг юқори даражасидан тайинлаб олишимизга нима монелик қилмоқда? Аллоҳдан сўраб, янги ташкил қилинаётган “Араб тили курслари”га ёзилиб, тезроқ араб тилида саводимизни ошириб, Аллоҳнинг каломини ёд олишга киришайлик. Зеро, “Инсонлар ичида Аллоҳнинг хос бандалари бор. Қуръон аҳли – Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир”, деб Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар. Қуръон ҳофизлари – инсонлар ичра Аллоҳнинг хос бандаларидир. Бундай мақомга эришишга барчамизнинг имкониятимиз бор. Биз фақат ғайрат-шижоатли бўлсак шунинг ўзи кифоя. 

Қуръон аҳлининг ота-онасига хушхабар!

Қуръони каримни фарзандларимизга ўргатайлик. Мактаб дарсларидан бўшаганда Қуръон тиловат қилсин, вақти беҳуда ўтмайди. Гўдаклигидан шунга ўрганса, кўп вақт ўтмай, тўла ёдлаб олади, ахир доно халқимиз бежизга “Қатра-қатра кўл бўлур” демаган. Аллоҳнинг ҳузурига борганимизда эса бизга шафоатчи бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир инсон дунёда фарзандига Қуръон ёдлатса, қиёмат куни отасига тож кийдирилур”, деганлар. Бошқа бир ривоятда эса: “Ота-онасига бутун дунёнинг қиймати ҳам унга тенг келмайдиган кийим кийдирилади. Улар: “Буни нима сабабдан кийдик?”, деб ҳайрон бўлганларида, уларга: “Фарзандингиз Қуръонни қўлга киритгани учун” дейилади”, деб фарзандларини қори қилган ота-онага хушхабар бердилар. Донишманд халқимизЗар қадрини заргар билади”, деганидек, Қуръон ва қориларнинг қадрини мусобақа шарофати билан ҳамма билиб олди. 

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қуръон ўқийдиган мўмин худди утружжага ўхшайди. Унинг ҳиди ёқимли, мазаси ширин. Қуръон ўқимайдиган мўмин эса хурмога ўхшайди. Унинг ҳиди йўқ, аммо мазаси ширин. Қуръон ўқийдиган мунофиқ эса райҳон каби хушбўй, аммо мазаси аччиқ. Қуръон ўқимайдиган мунофиқ ҳудди ҳанзала каби янглиғ, ҳидсиз ва таъми аччиқдир”, деганлари ривоят қилинган.

Изоҳ: “Утружжа” цитрус мева бўлиб, апельсинга ўхшаш  “ширин лимон”дир. Ҳажми икки кафт миқдорича, ҳиди хушбўй ва мазаси ширин мева.

“Хурмо” дейилганда араб хурмоси назарда тутилган. Маълумингизки, араб хурмосининг мазаси тотли бўлса-да, унинг ҳиди йўқ.

“Ҳанзала” эса таъми ва ҳиди ёқимсиз бўлган ўсимлик тури. Меваси апельсиндан сал каттароқ бўлади. 

“Хурмо бўлиб қолдик”

Унаштирилиши ният қилинган қори йигит ва қория қиз учрашувга чиқибди. Юзлашгани заҳоти қиз гап чўзилиб кетмасин деган андешада йигитдан: “Сиз утружжамисиз?, деб сўради. Йигит дарҳол саволнинг мазмунини англаб: “Утружжамиз-ку, аммо тўйнинг ташвишлари билан бўлиб айни кунларда хурмо бўлиб турибмиз”, деб жавоб берди. Қория қиз йигитнинг жавобидан қаноат ҳосил қилиб чиройли жилмайиб қўйди. Сўнг йигит: “Сиз-чи?” деб сўраган эди, табассум қилиб: “Биз утружжамиз”, дея жавоб берди.

Савол: “Сиз ҳам утружжамисиз?”

Аллоҳ таоло барчамизни Қуръон ҳофизларидан бўлишимизни насиб қилсин! 

ЎМИ матбуот хизмати 

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

«Асрларни бирлаштирувчи мерос»: медиафорумда Қуръон, қўлёзмалар ва сунъий интеллектга оид лойиҳалар тақдим этилади

26.08.2026   47415   2 min.
«Асрларни бирлаштирувчи мерос»: медиафорумда Қуръон, қўлёзмалар ва сунъий интеллектга оид лойиҳалар тақдим этилади

 «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафорумининг учинчи ялпи сессияси 26 август куни «Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмун-моҳияти» мавзусида бўлиб ўтмоқда. Сессияда Қуръон мероси, қадимий қўлёзмалар, хаттотлик, ҳужжатли кино ҳамда тарихий манбаларни ўрганишда сунъий интеллектдан фойдаланиш масалалари ўрин олган, хабар бермоқда iccu.uz.

Асосий лойиҳалардан бири — «114 Қуръон: ислом олами хаттотлигининг 114 дурдонаси» бўлади. Уни Mueller & Schindler нашриёт уйи вице-президенти Александр Вильгельм тақдим этди. Шунингдек, сессияда «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва афсоналар» халқаро лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Уни Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов тақдим қилди.

Санкт-Петербург ҳужжатли фильмлар студияси бош директори Алексей Тельнов «Ягона тарихий мерос саҳифалари» лойиҳаси доирасида яратилган «Масжид» фильмининг трейлерини намойиш этди. Исломшунос ва маданият арбоби Кетлин Гёбель иштирокчиларни «Аллоҳнинг 99 исми: Унинг гўзал исмлари орқали Яратганни англаш» ноширлик лойиҳаси билан таништирди.

Алоҳида блок янги технологияларга бағишланади. Сбербанк Истиқболли технологияларни ривожлантириш бошқармаси ижрочи директори Владимир Кох ҳамда Ислом цивилизацияси маркази профессори, бош илмий ходими Зоҳидулло Мунавваров «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» лойиҳасини тақдим этади. Дастурдан, шунингдек, «Пайғамбарнинг фазилатлари» китоби ва «Ўзбекистон тарих харитасида: империялар, цивилизациялар, даврлар» лойиҳаси ҳам ўрин олган.

Халқаро мунозара «Жаҳолатдан маърифат сари: стереотиплар ва исломофобияни бартараф этишда медианинг ўрни» мавзусида ўтказилади. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, Жазоир, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг давлат ва халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Ориф «Журналистикада тарих ва сунъий интеллект: меросни онлайн маконда қандай сақлаш мумкин?» лойиҳасини, Ислом цивилизацияси маркази медиа бўлими раҳбари Ўктам Усманов эса «Ўзбекистонни дунёга машҳур қилган олимлар» китобини тақдим этади. Сессия «Дунё Қуръони: хаттотлик анъаналаридан — келажак мероси сари» тақдимоти билан якунланади. Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби директори Ҳабибулло Солиҳ турли мамлакатлар ва ислом хаттотлик мактаблари анъаналарини бирлаштирувчи ноёб Қуръонни яратиш бўйича хаттотлар ўртасидаги Жаҳон танловини эълон қилади.
 
Форумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади. Унда деярли 50 мамлакатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 нафар вакили — медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари