Чиройли тарбия бериш ота-онанинг фарзанди олдидаги бурчларидандир. Бу ҳақни адо этиш ўз-ўзидан бўлмайди, инсондан катта масъулият, машаққат талаб қилади.Фарзанд тарбияси билан боғлиқ муаммоларни, уларнинг сабабларини тадқиқ этиш ота-оналар учун фойдали бўлиши табиий.
Бола тарбиясига энг олдин ота-она жавоб беради. Улар болаларини зарур ва фойдали машғулотлар билан банд қилиши керак. Бола онги бўш турмайди. Уйдаги тарбия болани қониқтирмаса, у кўчага интилади ва ўзи билмаган ҳолда бошқа “дунё” комига кира бошлайди.
Бугун ким билан ўтириб гаплашсангиз, дарров фарзандига бегона ва бузғунчи ғоялар таъсир этаётганидан шикоят қилади. Баъзи хонадонларда фарзандлар ахлоқи катта муаммога айланган.
Янги асрда ахборот тезлиги тараққиётга ижобий таъсир кўрсатяпти. Айни чоқда қатор муаммоларни ҳам келтириб чиқаряпти. Интернет ва уяли телефон орқали ёшларга қилинаётган ҳужумлардан сақланиш энг катта муаммога айланди. Эҳтиёт чоралари изланяпти, лекин бу ечим ва чоралар кўпи фақат назарий, уларни амалда қўллаш қийин.
Бугун кўплар такрорлайдиган иборалар: “Фарзандим мени тушунмайди”; “Менга итоат қилмайди”; “Насиҳатимга қулоқ солмайди”; “Кундузи ухлаб, тунда телевизор кўради”; “Ака-укалари билан жанжаллашади”; “Кўп ёлғон гапиради” ва ҳоказо... Бу муаммоларнинг ечими бор албатта.
Ўтган улуғларимиз бола хулқи бузилишига кўпинча ота-она сабабчи бўлишини таъкидлашган.
Ички асосий сабаблар:
– оилани бошқаришда ота-онанинг муайян тутуми ва аниқ мақсади йўқлиги;
– Аллоҳ таолодан ёрдам сўрамаслик ёки сўрашда камчиликка йўл қўйиш;
– бола гўдаклик давриданоқ тарбия услубларини йўлга қўймаслик ёки уларни билмаслик;
– моддий таъминотни ҳаддан ошириб юбориш ёки умуман таъминламаслик;
– боланинг таълим олишдан мақсади йўқлиги ёки дарсларни ўзлаштира олмаслиги; мактабга ота-она мажбурлаши билан бориши;
– боланинг ота-онадан қониқмаслиги;
– мураббийдан қўрқиши;
– ота-онадан меҳр кўрмай, бошқалардан ширин сўзлар эшитиши;
– ота-онанинг фарзанди олдида жанжаллашиши;
– ота-онанинг фарзандларидан биринигина мақташи;
– ишларни фақат чаққон болага юклаб, бошқаларига эътибор бермаслиги;
– отанинг узоқ вақт уйда бўлмаслиги;
– кичик ёки арзимас хатони бўрттириш;
– уйдаги ҳолат билан талаб қилинаётган нарсанинг бир-бирига зидлиги;
– боланинг хатосини тўғри тушунтирмаслик, бошқа болаларга солиштириш. Бу иш хато. Чунки ҳар бир бола ўз шахсияти ва табиатига эга.
Ташқи таъсирлар:
– муаллимнинг ўзи ўргатаётган фан мақсадини билмаслиги;
– ташқарида ҳам ўрнак бўладиган шахснинг йўқлиги;
– шаҳватни қўзғатувчи омиллар;
– алоқа воситалари ривожланиб кетиши туфайли ёмон дўстларнинг кўплиги;
– таълим-тарбиянинг замон талабларига мос эмаслиги;
– тенгдошларидан ташқи кўриниши билан ажралиб туриши;
– ортиқча қўполлик ва қаттиққўллик ҳамда ўринли-ўринсиз калтаклайвериш. Бу иллатлар туфайли боланинг феъли бузилади.
Бугун бу муаммолар қаршисида чорасиздек туриб қолмаслигимиз ёки воқеликдан кўз юмиб олмаслигимиз керак. Уйимиз, кўча-кўй, яшаб турган жамиятимиздаги муҳит, таълим-тарбия муассасалари – буларнинг барчаси тарбия омилларидир. Аммо ҳозир дунёнинг ҳар томонидан ёшларга махсус йўналтирилаётган мақсадли “тарбия услублари” ҳам борлигини унутмайлик. Зеро, яхши бола икки дунё саодатига восита бўлувчи садақаи жориямиз бўлади.
Имоммуҳаммадхон МУНАВВАРҚОРИ ўғли тайёрлади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бугун, Тахиатош туманида яшовчи фуқаролар ҳолидан хабар олиш, улар билан маънавий-маърифий суҳбатлар ўтказиш, муаммоларини ўрганиш, уларга амалий ва моддий ёрдам бериш тадбири ташкил этилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ўринбосари Айбек Джулашиев, туман бош имоми Р.Омирзақов, шаҳар ва туман бош имомлари ҳамда маҳалла раислари иштирок этди.
Тадбирда, инсонларга меҳр ва шодлик улашиб яшаш ҳар бир мусулмонга хос фазилат экани таъкидланиб, бундай эзгу ишлар янада кенг ёйилиб, кексалар, беморлар, боқувчисини йўқотган инсонлар ва ота-она меҳридан маҳрум бўлганларнинг ҳолидан хабар олиш ишлари янада кучайгани алоҳида қайд этилди.
Тадбир доирасида тумандаги 14 та маҳаллада яшовчи 70 нафар ўзгалар ёрдамига, меҳр ва кўмакка муҳтож, ногиронлиги бўлган, тарбияси оғир ва боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди ва маънавий-маърифий суҳбатлар ўтказилди.
Бундай эътибордан хурсанд бўлган фуқаролар дуога қўл очиб, бундай хайрли ишга ҳисса қўшган барча инсонларга ўзларининг миннатдорчилигини билдирди.
Ташриф давомида фуқароларнинг муаммоларини ўрганди, фикр-мулоҳазаларини тинглади. Шунингдек, маҳаллалардаги тарбияси оғир фуқаролар билан профилактик суҳбатлар, тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди. Халқ билан учрашувларда тинчлик ва тотувликнинг муқаддас неъмат экани кенг тарғиб қилинди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ўзларига бириктирилган масжидларда пешин намозини ўқиб, йиғилган қавмга муҳим мавзуларда маърузалар ўқиди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти